Электрон каталог
  • 17 Август 2016

Электрон каталог

давлат харидларини амалга оширишнинг самарали воситасидир

Илғор ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шу қадар тез кириб келаяптики, натижада илгари киши тасаввурига сиғмаган воқеалар бугун оддий иш кунларида ўз аксини топмоқда. Мисол учун, эндиликда одамларнинг интернет орқали керакли маҳсулотни харид қилиши ёки сотиши оддий ҳолга айланган.

Бунинг учун харидорларга ҳам, сотувчию тадбиркорларга ҳам бирдек қулайликлар яратиб берилаяпти. Бу ерда гап биржа фаолияти ва савдоларининг электрон тизими ҳақида бормоқда. Айни шу йўналишда Республика товар-хом ашё биржасида олиб борилаётган амалий ишлар, айниқса, диққатга сазовор.

— Биржа савдоларининг кўплаб афзалликлари бор, — дейди ушбу биржанинг савдоларни ташкил этиш бўйича директори Азиз Абдуғаниев. — Дейлик, юқори малакали савдо ходимлари хизматидан фойдаланиш ҳамда воситачи-брокерларни танлаб олиш имкониятлари, харажатларни эмас, савдо ҳажмини кўпайтириш, битимлар бажарилишининг кафолатланганлиги ва уларни амалга оширишда савдо операцияларининг тезкорлиги, бозорнинг юқори даражада ликвидлиги, савдоларда кўплаб харидорлар, сотувчиларнинг иштироки ҳисобига шаклланган кучли рақобат асосида оптимал бозор баҳосини аниқлаш имконияти мавжудлиги шулар жумласидан.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг махсус ахборот портали орқали электрон савдо йўли билан тадбиркорлик субъектларидан энг зарур товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори электрон давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришда қўл келмоқда.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, 2015 йилнинг 1 июнидан бошлаб биржада янги савдо платформаси — электрон каталог тизими жорий қилиниб, бугунги кунда у самарали фаолият юритаётир.

Шунингдек, қарорда белгиланганидек, бир шартнома бўйича 100 минг АҚШ доллари эквиваленти қийматигача бўлган зарур товарларнинг хариди электрон каталогда амалга оширилади ва уларнинг рўйхати Давлат харидлари бўйича ҳукумат комиссияси томонидан -тасдиқланади.

Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, электрон каталог — тизимлаштирилган каталогда товарларни танлаб олиш йўли билан амалга ошириладиган харид усули. Унда -жойлаштирилган етказиб берувчиларнинг таклифлари эса буюртмачиларга йўналтирилган оммавий оферта ҳисобланади.

Мазкур тизим бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш билан бирга, зарур товарларнинг давлат харидларини амалга ошириш жараёнини соддалаштиради. Мисол учун, унда ўтказиладиган электрон савдолар жараёни 48 соат вақт олади, холос. Савдо ғолиби эса электрон тизим томонидан нархлар сўрови механизмини қўллаш орқали автоматик тарзда аниқланади. Шу қатори электрон савдолар билан боғлиқ бўлган барча операция фойдаланувчининг шахсий кабинетида бажарилади.

Электрон каталогнинг бир йиллик фаолияти давомида давлат харидларини амалга оширишнинг ишончли ҳамда самарали воситаси эканлиги исботини топди. Чунки ушбу тизимда ҳам буюртмачи, ҳам товар етказиб берувчига қўшимча қулайликлар мавжуд. Яъни бюджет ташкилотлари учун вақт тежаш имконияти юзага келган бўлса, кичик бизнес субъектлари давлат харидларидан янада кенгроқ фойдаланишга замин ҳозирлади. 2015 йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 1 июнига қадар у орқали 70,1 млрд. сўмлик 65 мингта битим тузилиб, 20,3 млрд. сўмлик бюджет маблағлари тежалгани бунинг ёрқин далилидир.

Битимларда тадбиркорлик субъектларининг тўлиқ иштироки таъминланди. Энг йирик битимлар Тошкент шаҳри ва вилоятида имзоланиб, уларнинг жами битимлардаги улуши 20 фоизни, Бухоро вилоятиники 

13 фоизни, Самарқанд ҳамда Сурхондарё вилоятиники 10 фоизни ташкил этди. Қолган ҳудудларнинг ҳиссаси эса 4 — 7 фоизданга тўғри келди.

Қурилиш моллари сотилган товарларнинг таркибий тузилмаси 49 фоизни, автотранспорт эҳтиёт қисмлари 29 фоизни, бошқа жиҳозлар 19 фоиз, компьютер ва оргтехника эҳтиёт қисм-лари 3 фоизни эгаллади. Бугунги кунда ушбу товар гуруҳлари бюджет ташкилотларининг кундалик фаолиятида кенг фойдаланиладиган 18 та товардан ташкил топган.

Биржанинг мазкур лойиҳаси доирасида тадбиркорлик субъектларига бир қатор имтиёзлар берилган. Масалан, кафолатловчи етказиб берувчилар рўйхатига кирган тадбиркорлар электрон каталог тизимида савдоларда қатнашиш учун киритиладиган кафолат маблағларидан озод этилади. Ҳозирги кунда электрон харидлар тизимида 240 дан зиёд кичик корхоналар ушбу имтиёздан фойдаланаётгани диққатга сазовор.

Республика товар-хом ашё биржаси жамоаси келгусида электрон каталогда жойлаштириладиган товарлар рўйхатини озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига янада кенгайтириш, кафолатловчи етказиб берувчилар сонини кўпайтириш, шунингдек, фойдаланувчиларнинг шахсий кабинетида янги интерактив хизматларни жорий қилишни режалаштирган.

 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn