Давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлиги
  • 17 Август 2016

Давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлиги

ахборотдан фойдаланувчилар ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторингини олиб бориш бўйича жамоатчилик кенгаши билан ҳамкорликда ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ҳамда ахборот эркинлигини таъминлашнинг долзарб масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар ахборот хизматлари, фуқаролик жамияти институтлари раҳбарлари, шунингдек, ахборот соҳаси мутахассислари, олимлар ҳамда экспертлар қатнашган мазкур тадбирда миллий ахборот тизими ривожланишининг жорий ҳолати ва истиқболлари, давлат ҳокимияти ҳамда бош-қаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш жараёни атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ахборот соҳасини ислоҳ этиш, аҳолининг эркин ахборот олишини таъминлаш масалалари мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислоҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш жараёнининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бугунги кунда соҳанинг илғор демократик стандартларга мос мус-таҳкам қонунчилик базаси яратилгани ОАВнинг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, журналист касбининг ижтимоий мақоми ва нуфузини юксалтиришга хизмат қилаяпти.

Бинобарин, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши амалиётда самарали ишлаб келаётган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларни мантиқан тўлдириб, миллий ахборот-коммуникация соҳаси равнақи учун янги имкониятларни очиб берди.

Ушбу Қонун давлат органларининг фуқаролар олдида ҳисобдорлиги тўғрисидаги конституциявий қоидаларни амалга ошириш механизмларининг ривожланиши учун асос яратгани, шу билан бирга, жамият ҳаётининг муҳим воқеалари юзасидан ижтимоий фикрни шакллантириш вазифаларини бажаришда, фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида оммавий ахборот воситаларининг самарали фаолият кўрсатиши учун янги имкониятларни бергани қайд этилди.

Тадбирда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасидаги ҳолатни янада яхшилашда Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 6 ноябрдаги мазкур Қонун қоидаларини амалга оширишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар кўриш тўғрисидаги қарорининг қабул қилиниши билан боғлиқ бўлган тегишли қонуности ҳужжатлар базасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарурлиги истиқболдаги муҳим вазифалар сифатида айтиб ўтилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги мониторингини олиб бориш ва уни баҳолаш методикаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, жорий йилда Жамоат кенгаши томонидан Ўзбекистондаги давлат бошқаруви органларида ахборот очиқлигининг рейтинги шакллантирилади.

Иштирокчилар эътиборига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётдаги ижросини таъминловчи давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича Регламент лойиҳаси ҳавола этилди. Мазкур Регламент, айтиб ўтилганидек, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш тартиби ва механизмининг батафсил талабларини белгилайди.

Тадбирда, шунингдек, ушбу йўналишда ижобий тажрибага эга давлат органлари фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Якунда ахборот ҳамда сўз эркинлигини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш амалиётидан келиб чиқиб, соҳа қонунчилигини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Зиёда АШУРОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Элу юрт ардоғида Электрон каталог »