Элу юрт ардоғида
  • 17 Август 2016

Элу юрт ардоғида

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўз мазмун-моҳиятига кўра, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳар биримизнинг фаровон ҳаёт кечиришимиз учун зарур шарт-шароит яратиб беришга йўналтирилган. Буни ўз даврида юртимиз тараққиёти учун хизмат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган нуронийларимиз давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ҳозир республикамизда истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда ногиронлари, уруш ортида меҳнат қилган фахрийлар, якка-ёлғиз кексалар, юз ва ундан юқори ёшдаги мўътабар кишилар ана шу ғамхўрликдан баҳраманд бўлмоқдалар.

Буларнинг туб замирида “Мустақиллик” аталмиш улуғ неъмат мужассамдир. Дарҳақиқат, асрларга тенг 25 йиллик тарихимиз давомида халқимиз барча синов ҳамда қийинчиликларни мардонавор енгиб, ўзининг хоҳиш-иродаси, куч-қудрати, фидокорона меҳнати эвазига бугун ўзгаларнинг ҳавасини тортаётган гўзал, бетакрор, муқаддас Ватанимизни бунёд этди. Шу давр мобайнида қўлга киритилган ютуқларимиз кенг жамоатчилик томонидан ҳам ўзининг юксак эътирофини топмоқда.

Шаҳару қишлоқларимиз қиёфасининг тобора чирой очиб, гўзаллашиб бораётгани, пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона, Қорақалпоғистонда қад ростлаган Устюрт газ-кимё мажмуаси, Қашқадарёдаги бир қатор саноат объектлари, Андижон, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги замонавий енгил автомобиллар, автобус ҳамда юк машиналари ишлаб чиқарадиган корхоналар, байрам арафасида ишга туширилган ва “Истиқлол мўъжизаларидан бири” дея таърифланаётган Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли, яна кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватларининг барчаси — дунёда тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида тан олинган ўзимизга хос ривожланиш йўли нақадар тўғри, нақадар ҳаётий эканини тасдиқлаб турибди.

Ана шуларга мос равишда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилганлиги ва бу борада кўплаб эзгу амаллар рўёбга чиқарилаётганини мамнуният билан айтиш мумкин. БМТ шафелигида мустақил ташкилотлар гуруҳи ҳамда халқаро экспертлар иштирокида “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” мавзуида ўтказилган тадқиқотлар индекси бўйича Ўзбекистон 158 мамлакат орасида 44-ўринни, МДҲ мамлакатлари орасида эса 1-ўринни эгаллагани ҳам бунинг ҳаётий исботидир.

Республикамизда ёши улуғ инсонларни ижтимоий муҳофазалаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ғамхўрлик кўрсатиш борасидаги чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотлар БМТ Бош Ассамблеяси сессиясининг расмий ҳужжати сифатида олти тилда тарқатилиши эса давлатимизнинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги сиёсати намуна сифатида эътироф қилинганининг ёрқин далили бўлди.

Кексалар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, уларнинг ҳаёти янада мазмунли ҳамда самарали бўлиши учун кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида халқимизнинг ўртача умр кўриш даражаси 1990 йилдаги 67 ёшдан 73 ёшга, аёллар ўртасида 75 ёшга етди. Шуларга мос ҳолда, нуронийлар сафи янада кенгаймоқда. Бугун хонадонларимиз файзи бўлган 225 минг нафар 80 ёшдан, 44 минг нафар 90 ёшдан, 8 минг 700 нафар 100 ёшдан ошган табаррук қариялар озод юрт қучоғида, яхшилар ардоғида шукрона айтиб, умр кечирмоқда. Уларнинг 2 минг нафари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 59 минг нафари меҳнат фронти фахрийсидир.

Президентимизнинг 1996 йил 

4 декабрдаги Фармони асосида кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг ёш авлодни тарбиялашдаги фаоллигини ошириш мақсадида Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ташкил этилди.

Бундан ўн етти йил муқаддам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 9 май “Хотира ва Қадрлаш куни” деб эълон қилингани муҳим воқеа бўлди. Халқимизнинг тарихий анъаналари ҳамда маънавиятини ўзида ифодаловчи бу айём мазмунан бойиб, нафақат Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ва бедарак йўқолганларни, балки кейинги йилларда вафот этган собиқ жангчиларни хотирлаш, бугун Ватанимиз обрўсини юксалтиришга, ёшларимизни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган юртдошларимиз ҳурматини жойига қўйиш ҳаракатига айланиб бормоқда.

Ёдингизда бўлса, собиқ тузум даврида урушдан қайтмаган жангчилар шарафига қўйилган ёдгорликларда “Исминг номаълум, жасоратинг абадий” деган мантиққа зид битик бўларди. Минг шукрки, ушбу адолатсизликка барҳам берилди. Яъни юртимизда “Ҳеч ким ва ҳеч нарса унутилмайди!” деган олижаноб тамойил асосида иш тутилиб, Мустақиллик майдонидаги Хотира мажмуида “Мотамсаро она” ҳайкали ўрнатилди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган 450 мингдан зиёд ўзбекистонлик жангчиларнинг исм-шарифи зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўйилди. Бу билан инсон хотирасига муносиб ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатилди.

Фахрийларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳам салмоқли бўлиб бораётганлигини айтиш зарур. Хусусан, жамғарма бўлимлари ҳисобидан сўнгги беш йил давомида кексаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига жами бир миллиард 775 миллион сўмлик моддий ёрдам берилган бўлса, биргина 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йилида жамғарма ҳисобидан қарийб 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурига биноан, кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга қаратилган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини кучайтириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли тадбирлар фахрийларимиз томонидан қизғин кутиб олинди. Муҳими, бу уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади. Масалан, 100 ёшга етган ҳамда ундан ошган кексаларимизнинг пенсиясига энг кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида устама тўлаш тизими татбиқ этилди.

Шунингдек, 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган 61 мингдан ортиқ фахрийларимизга коммунал хизматлар бўйича 3 миллиард 900 миллион сўм миқдоридаги компенсация пуллари бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

Фахрийларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2 миллион 750 минг нафар нуроний отахону онахонларнинг пенсия миқдори 20 фоиздан зиёд кўпайтирилиб, уларга бюджет маблағи ҳисобидан 12 триллион 888 миллиард сўм пенсия тўланди.

Бундан ташқари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига йилда бир марта ўзи учун мақбул бўлган муддатда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштириш курсини ўтиш имкони берилди. Шунга кўра, 2015 йилда 70 минг нафарга яқин нуронийлар стационар ҳамда санаторий-курорт муассасаларида ўз саломатликларини мустаҳкамлашди.

Юртимизнинг барча ҳудудида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида бўлиб ўтган турли тадбирлар натижасида 215 минг нафардан зиёд фахрийлар чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди.

Ҳар йили 9 май — Хотира ва Қадрлаш куни байрами арафасида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан ўрта ҳисобда 7000 дона махсус дори-дармон йиғмалари уруш қатнашчилари, ёлғиз пенсионер ҳамда ногиронларга бепул етказиб берилмоқда.

Илгарилари остона ҳатлаб томорқадан нарини кўрмаган нуронийларимизнинг истиқлол шарофати туфайли ҳар йили Самарқанд, Хива, Бухоро, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз ва Тошкент каби тарихий шаҳарларимиз ҳамда муқаддас қадамжоларимизга саёҳат ва зиёратлари уюштирилиши хайрли анъанага айланиб қолди.

Бундай ғамхўрлик ҳамда эъзоздан нуронийлар беҳад миннатдор. Масалан, Тошкент вилоятининг Паркент туманида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1-гуруҳ ногирони, 92 ёшли Маҳаматкарим Тошпўлатов бизга йўллаган хатида шундай ёзади: “Бизга кўрсатилаётган ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди. “Эъзоз инсон умрини узайтиради”, деганлари рост экан. Пировардида соғ-омон, пиру бадавлат бўлиб яшаяпмиз. Таъминотимиз юқори даражада. Бизнинг тилагимиз: юртимиз тинч, ёшларимиз, -фарзандларимиз бахтли бўлсин”.

Иззат-икром фахрийларимизнинг шижоатига шижоат қўшаётгани ҳам бор гап. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя остида ўтказилаётган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларида нуронийларимиз ҳам ўзларини намоён этмоқдалар. Яъни ҳозирги пайтда барча ҳудудларда ҳар бири 5 — 7 нафар нуронийдан иборат жами 6 мингга яқин тарғибот гуруҳлари самарали фаолият олиб бораётир. Айни чоғда улар турли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган 20 мингдан зиёд тадбирлар ва давра суҳбатларида фаол қатнашишди.

Бундай тадбирларда нуронийларимиз ўз ҳаёт тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида”, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” китобларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб бераётганлиги ёшларимиз учун айни муддао бўлмоқда.

Умуман, мамлакатимизда ёши улуғ инсонларни ардоқлаш, уларнинг бахтли ҳамда фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаяпти. Пировардида эса отахону онахонларимиз бугунги кунидан рози ҳолда, тилда шукроналари ҳамда ёшлар тарбиясидаги ҳақиқий ибратлари билан Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Шуҳрат УСМОНОВ,

Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш

«Нуроний» жамғармаси Марказий Кенгаши раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn