Сайёҳлик салоҳияти
  • 11 Август 2016

Сайёҳлик салоҳияти

Андижон вилоятида ҳам тобора юксалиб бормоқда

Андижон — тарихий обидалар, қадимий осориатиқалар, муқаддас қадамжоларга бой замин. Ҳудудда рўйхатга олинган 371 маданий мерос объекти бугун давлатимиз муҳофазасида. Қолаверса, уларни ўз кўзи билан кўриб, мўъжизалардан ҳайратланиш истагидаги хорижий сайёҳлар сони тобора ортиб бораяпти. Бу эса вилоятда туризмни янада равнақ топтириш, соҳа инфратузилмасини мустаҳкамлашга туртки бераяпти.

Эски шаҳар — Андижоннинг тарихий манзилларидан бири. Бу ерда тартиб билан жойлаштирилган ҳунармандлар расталари “Очиқ осмон остидаги музей” дея таърифланади. Мазкур гўша ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.

Ҳудудни айланган киши борки, олам-олам завқ олади. Чунки кўчанинг икки ёқасидаги ҳар бир хонадон кираверишида ҳунармандчилик дўконлари ўрин олган. Улар харидору буюртмачилар билан доимо гавжум. Ёнгинасидаги устахоналарда ҳам иш қизғин. Бу ман-зарани кузатиш чет эллик сайёҳлар учун, айниқса, мароқли.

Шаҳардаги Ширмонбулоқ, Имом ота зиёратгоҳлари ҳам Андижон ўтмишидан ҳикоя қилувчи манзиллар сирасидандир. Мингтепа ёдгорлиги, “Хонтоқ” ва “Фозилмон ота” дам олиш масканларидан қайнаб чиқаётган зилол сув шифобахшлиги билан ажралиб туради. Шу боис бу ерда минглаб километр олисдан йўл босиб келган сайёҳларни учратасиз. Айни пайтда Франция, Япония ҳамда Хитой давлатлари мутахассислари ушбу ҳудудларда изланишлар олиб боришаяпти. Мазкур тадқиқотлар келгусида тарихнинг янги зарварақларини очиши, шубҳасиз.

— Андижонга биринчи марта келишим, — дейди Жанубий кореялик Хван Дае Жунг. — Сафарим давомида тарихий масканларни зиёрат қилмоқчи эдим. Муродим ҳосил бўлди. Бу шаҳар менда унутилмас таассурот қолдирди. Миллий ва замонавий жозиба уйғунлиги чиндан ҳам ҳайратланарли. Маҳаллий ҳунармандлар томонидан тайёрланган каштачилик ҳамда кулоллик намуналарини ҳақиқий санъат асарларига қиёслаш мумкин.

— Ўзбек ва хитой халқларининг турмуш тарзи, дунёқараши, қадриятларида ўхшаш жиҳатлар кўп экан, — дейди хитойлик сайёҳ Лю Цзянь. — Шу маънода, Андижон аҳлининг меҳмондўстлиги, меҳнатсеварлиги ҳамда очиқкўнгиллигига тан бердим. Бу ҳудудда қисқа даврда улкан янгиланишлар амалга оширилибди. Ҳар жабҳада ўсиш суръатлари кўзга ташланади. Муҳими, одамлар бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ. Тараққиётнинг муҳим белгиларидан бири ҳам шу, аслида.

Мамлакатимиз нафақат тарихий ёдгорликлари, балки ўзига хос табиати, ноёб наботот ва ҳайвонот олами билан ҳам дунёга машҳур. Бу эса сайёҳликнинг муҳим тармоғи — экотуризмни жадал ривожлантириш имконини бермоқда. Чунончи, вилоятнинг Пахтаобод ҳамда Улуғнор туманларидаги сув ҳавзалари бўйида бу борада дастлабки қадамлар қўйилган бўлса, Хўжаобод туманидаги Имом ота зиёратгоҳи ва шу атрофдаги хонадонларда гастрономик туризм кенг қулоч ёймоқда. Пахтаободдаги Ховоскон ота манзилгоҳи, Хўжатақсим ота қадамжосида эса сайёҳлар ҳунармандлар фаолиятига гувоҳ бўлиш баробарида, бу жараёнда ўзлари ҳам бевосита иштирок этишлари мумкин.

Замонавий хизмат турлари ҳамда қулай шароит — туризмни ривожлантиришнинг муҳим шарти. Ана шу талаб-эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятда қатор лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Масалан, ҳозирги кунда биргина Андижон шаҳрининг ўзида 25 та меҳмонхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 15 таси чет элликларни қабул қилишга мўлжалланган. Уларни малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Андижон давлат университети ва вилоят марказидаги маиший хизмат кўрсатиш коллежида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ушбу муассасаларда йигит-қизларга хорижий тиллардан еттитасини ўрганишлари учун имконият яратилган. Амалиёт машғулотлари эса шаҳардаги энг илғор меҳмонхоналарда ташкил этилаяпти.

— Ҳудудимизда сайёҳликни ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Андижон вилояти бўйича вакили Адҳамжон Усмонов. — Муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар қайта чирой очаяпти. Саккизта сайёҳлик ташкилоти фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг биринчи ярмида улар хизматидан 599 нафар чет эллик сайёҳ баҳраманд бўлди. Келгусида мазкур кўрсаткични янада ошириш мақсадида ёдгорликлар ҳамда диққатга сазовор манзиллар бўйлаб янги йўналишлар ишлаб чиқиш, туристик хизматлар сифатини янада юксалтириш режалаштирилаяпти.

Сир эмас, бир пайтлар аграр соҳага ихтисослаштирилган вилоят мустақиллик шарофати билан мамлакатимизнинг йирик индустриал марказларидан бирига айланди. Ҳозир бу ерда рўёбга чиқарилаётган истиқболли лойиҳалар самараси нафақат иқтисодий салоҳиятимиз, балки аҳоли турмуш фаровонлигида ҳам ўз аксини топаётир. Бинобарин, андижонликлар маданият, спорт, ҳунармандчиликда ўзига хос тажриба мактаби яратишмоқда. Туризм соҳасидаги изланишу янгиланишлар эса бундай муваффақиятлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ 

олган сурат.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn