Ахборот технологиялари соҳасидаги натижалар таҳлил қилинди
  • 11 Август 2016

Ахборот технологиялари соҳасидаги натижалар таҳлил қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан мустақиллик йилларида миллий ахборот соҳасининг ривожланишига бағишланган семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон алоқа тарихи музейида кўргазма стендларига қўйилган экспонатлардан фойдаланган ҳолда, истиқлол йилларида ахборот соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, мустақилликка эришганимиздан сўнг барча соҳа қатори ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, унинг ҳуқуқий-ташкилий ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилди.

Бу борада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамият ҳаётига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилишнинг мустаҳкам қонунчилик асослари яратилди. “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги қонунлар, Президентимизнинг соҳага доир Фармон ҳамда қарорлари тармоқ ривожини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлаяпти. Мазкур қонун ҳужжатлари ижроси натижалари, кўплаб халқаро экспертларнинг фикрига кўра, ижтимоий муносабатларда демократик тамойилларни кенг жорий этишда, иқтисодиёт тармоқларининг изчил ривожланиши ва самарадорликнинг ошишида яққол ифодасини топаётир.

Пировардида Ўзбекистон қисқа давр мобайнида миллий АКТ инфратузилмаси, малакали кадрлар тайёрлаш моделига эга бўлди.

Бугун юртимиз ёшлари энг илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан бемалол “тиллашиб”, уларни бошқараяпти, кашфиётлар қилмоқда, соҳанинг ижобий ютуқлари барчанинг ҳаётига кириб бораётир. Мамлакатимизда дастурий таъминот бозори жадал тараққий этаяпти.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси миллий иқтисодиётимизнинг юқори даромадли муҳим тармоғига, давлат бошқаруви самарадорлигига хизмат қилувчи омилга айланди. Соҳанинг равнақ топиши бевосита фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган. Эндиликда халқимизнинг давлат электрон хизматларидан фаол фойдаланиши, электрон тижорат доирасида маҳсулотларни сотиб олиш ҳамда буюртмаларни амалга ошириши, электрон тўловлар тизими орқали банк ҳисоб рақамларини масофадан бошқариши кундалик воқеликка айланди.

Республикамизда халқаро ахборот тармоқларидан фойдаланиш тезлиги сезиларли даражада ошди, мобиль алоқа ривожланди, интернетдан фойдаланиш учун аҳолига кўрсати-лаётган хизматлар ва миллий дастурий таъминот бозорининг тараққий этишига замин яратилди.

Тадбирда “Электрон ҳукумат” тизимини жорий қилиш, унинг ахборот инфратузилмасини такомиллаштириш, миллий ахборот макони ҳамда рақамли телерадиоузатиш равнақи ҳақида атрофлича фикр юритилди. Хусусан, Юртбошимизнинг 2013 йил 27 июндаги қарори билан 2013 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури тасдиқлангани соҳа равнақида янги босқични бошлаб берди. Унинг доирасида айни пайтда салмоқли ишлар давом эттирилмоқда. Шунга мос равишда 

2 триллион сўмликдан ортиқ телекоммуникация технологиялари ва алоқа инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 17 та, “Электрон ҳукумат” маълумотлар базаси ҳамда ахборот тизимлари комплексини яратишда қўл келувчи 30 га яқин лойиҳа амалга оширилаяпти.

Депутатлар семинар тингловчиларига парламент томонидан ахборот соҳаси, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлашга қаратилган қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан ҳаётга татбиқ қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида батафсил ахборот беришди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn