Мустақил тараққиётимизнинг мустаҳкам таянчи
  • 11 Август 2016

Мустақил тараққиётимизнинг мустаҳкам таянчи

Бугун дунё ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаётган “ўзбек модели” замирида инсон ва унинг манфаатлари устуворлиги ўз ифодасини топган. Инсон манфаатларини таъминлаш эса, аввало, унинг тинч ҳамда осойишта ҳаёт кечиришдек олий ҳуқуқини рўёбга чиқариш, жамиятда барқарорликни сақлаш, миллати, ирқи, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳар бир шахснинг муносиб яшаши учун барча шароитни яратишни тақозо қилади.

Айнан тинчлик ва барқарорлик эзгу орзу-умидларимиз гарови, узоқни кўзлаб олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг туб негизидир.

Шу кунларда юртимизнинг қайси шаҳар ёки қишлоғига борманг, мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига қизғин тайёргарлик кўрилаётгани, кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари ҳамжиҳатликда олиб борилаётганига гувоҳ бўласиз. Муҳими, каттаю кичик тилида шукроналик, қалбида хотиржамлик, Ватан равнақига дахлдорлик ва шижоат ҳисси мужассам.

Кўпни кўрган халқимиз ҳамиша тинчлик-омонликни энг бебаҳо неъмат сифатида қадрлайди. Айниқса, дунёдаги вазият тобора таҳликали тус олаётган ҳозирги даврда осойишталикнинг қадрини янада теран ҳис этмоқдамиз.

Албатта, шундай мураккаб бир даврда осуда ҳаётни таъминлаш осон эмас. Юртимизда тинчлик ҳамда осойишталикни сақлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётганини ҳар биримиз ён-атрофимиздаги, турмушимиздаги, онгу шууримиздаги ўзгариш ва юксалишлар мисолида яққол кўриб турибмиз. Ваҳолонки, чорак аср олдин, аниқроғи, ўтган асрнинг 80-йиллари охирида чуқур инқироз ичида қолган республикамизда биринчи галда тинчлик ҳамда барқарорликни сақлашга эришиш долзарб вазифага айланган, мустабид тузумнинг тугаб -бораётган “умри” барча соҳани чексиз муаммолар гирдобига ташлаганди.

Истиқлол шарофати билан ўз вақтида қабул қилинган, чуқур ўйланган ислоҳотлар, мустақиллик йўлидаги қатъий позиция, фуқароларимизнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини ўнглаш, машҳур беш тамойил асосида миллий тараққиёт сари собитлик билан қадам ташлаш осойишталикка ва барқарор ривожланишга замин яратди.

Хусусан, мустақиллик туфайли ўз ҳарбий сиёсатини амалга ошириш имкониятига эга бўлган Ўзбекистоннинг миллий армиясига асос солинди. 1992 йилда қабул қилинган -Конституциямизда Қуролли Кучлар Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ҳамда ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун ташкил этилиши белгилаб қўйилди. “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги ҳамда бошқа бир қатор қонунлар ҳаётга татбиқ қилинди.

Бу ҳужжатлардаги меъёрлар тўлиқ ижро этилиши натижасида юртимиз мудофаа қобилияти юксалди. Мусаффо осмонимиз, хавфсизлигимиз, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини муҳофаза қилишга қодир армиямиз шаклланди. Ҳарбий таълим соҳасини ривожлантириш, муддатли ҳарбий хизматга чақирувни ташкил этиш, Қуролли Кучлар таркибини салоҳиятли кадрлар билан тўлдириш, қўшинларни замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлашни такомиллаштириш баробарида, ҳарбий -хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари кўрилди. Миллий армиямиз ёшларнинг иродасини тоблайдиган, уларни ўз Ватани ва халқига садоқат руҳида тарбиялайдиган жасорат ҳамда матонат мактабига айланди.

Сенатор сифатида жойларда ҳарбийлар, уларнинг ота-оналари билан мунтазам учрашиб турамиз. Ота-оналар, айниқса, нуроний юртдошларимиз йигитларни армияга кузатиш ўзлари учун қувончли, бир умр ёдда қоладиган тадбирга, таъбир жоиз бўлса, байрамга айланиб кетишини таъкидлашади. Чунки бугун ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигит учун шарафли вазифага айланган. Чорак аср муқаддам йигитлар узоқ ўлкаларга жўнатилган бўлса, бугун муддатли ҳарбий хизматга тиббий, жисмоний, интеллектуал кўриклар асосида саралаб олинган йигитлар ўз юртимизда, она-Ўзбекистонимизда бурчларини ўташмоқда.

Миллий армиямизни ислоҳ қилиш жараёнида ҳарбий хизматнинг ёшлар орасида нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганида ҳам улкан мақсад ва маъно мужассам, албатта. Собиқ иттифоқ даврида армиядаги оғир вазият, камситилиш ҳамда қийинчиликлардан фарзандлар ҳам, ота-оналар ҳам зада бўлгани ҳали кўпчиликнинг ёдида. Ўша пайтда ота-оналар фарзандини ҳарбий хизматдан олиб қолиш учун ҳамма нарсага тайёр эди. Энди-чи? Айни пайтда Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг -орзуси. Улар шунга астойдил интилади. Бундан ота-оналар ҳам қувонади, ғурурланади.

Ҳозир ҳарбий хизмат давомида аскарларнинг жисмоний тайёргарлиги, ҳарбий ихтисосликлар ва замонавий ахборот-комммуникация технологияларини пухта ўзлаштиришига, ижтимоий-сиёсий билими, интеллектуал салоҳияти ҳамда маънавиятини бойитишга, ҳар бир ҳарбий хизматчида барқарор ахлоқий-руҳий ҳолатни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу миллий армиямиз мудофаа қудратини юксалтириш билан бирга, ҳарбий хизматнинг нуфузини янада ошираётир.

Ўрни келганда айтиш жоизки, Ўзбекистон ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмайдиган давлат сифатида, ўзи учун принципиал аҳамиятга эга бўлган муҳим йўлни танлаган ва тинч-ликпарвар сиёсати билан дунёда тутган ўрни ҳамда мавқеини мустаҳкамламоқда. Шунинг баробарида, миллий тараққиётимизнинг асоси бўлган тинчликни асраш, огоҳлик ва ҳушёрликни йўқотмаслик долзарблик касб этаётир. Бугун фарзандларимиз қалбида Ватанга юксак муҳаббат ҳамда садоқат, миллий армиямиздан ғурурланиш ҳисси камол топгани, эл-юрт осойишталигини сақлаш йўлида хизмат қилишни муқаддас бурч, деб билаётгани соҳадаги ислоҳотлар нечоғли самарадор ва ҳаётийлигини яққол ифодалайди.

 

Фаррух ДАДАХЎЖАЕВ,

Олий Мажлис Сенати

Мудофаа ва хавфсизлик 

масалалари қўмитаси раиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn