Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш —  устувор вазифа
  • 11 Август 2016

Тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш —  устувор вазифа

Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ҳаётида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ички ва ташқи бозор талабларини қондиришга йўналтирилган, интеграциялаштирилган эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Шу мақсадда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, мулкдорлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам меъёрий-ҳуқуқий база яратилди.

Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, хусусий мулк ҳуқуқи демократик давлат ҳамда фуқаролик жамияти ҳуқуқий пойдеворининг асосий таркибий қисмларидан биридир. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, мустаҳкам ижтимоий институт сифатида мулкка (асосан, хусусий мулкка) нисбатан муносабатнинг ўзгариши жамиятни демократлаштириш ва иқтисодий муносабатларни эркинлаштиришнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Айнан мулкка янгича муносабат орқали жамият сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий жиҳатдан янгиланади.

Мамлакатимизда 2012 — 2016 йилларда хусусий мулкнинг ўрни ва таъсирини ошириш, бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрирда), “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ҳамда бошқа қонунлари шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳа ривожида муҳим босқични бошлаб берди. -Давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони ижроси доирасида иқтисодиётимизда хусусий мулк, чунончи, хорижий капитал иштирокидаги хусусий мулк улушини янада кўпайтириш учун қулай шароит яратилмоқда.

Шу билан бирга, хусусий мулкдорлар ҳуқуқини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган дастур ҳам тасдиқланди. Унда, жумладан, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ҳамда тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун мансабдор шахслар жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача ошириш чоралари белгиланган. Мазкур ҳужжатда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш чора-тадбирлари кўзда тутилган.

Шунингдек, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ҳамда лицензиялаш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш вазифаси белгилаб қўйилган. Дастурга биноан, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароит ҳамда имкониятлар яратиш, уларнинг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес юритиш учун муҳитни янада яхшилаш борасида ҳам зарур шароитлар яратилмоқда.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб ўрнатилган тартибга мувофиқ, микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширув режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир марта, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан, уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга оширилади. Бунда молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати 10 календарь кунидан ошмайди. Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги режали текширувдан кейинги даврни қамраб олиши белгиланган. Жиноий ишлар қўзғатилгани муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар жалб этган адвокатлар қатнашган ҳолда, хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад қилиниш ҳолатлари бундан мустасно, амалга оширилади.

Президентимизнинг мазкур Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб давлат, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва назорат органларининг тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашуви бўйича мурожаатларни туну кун қабул қиладиган марказ фаолият кўрсатмоқда.

Бош прокуратура томонидан ушбу марказ фаолиятини тартибга соладиган низом -тасдиқланди. Мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш мақсадида 34 та вазирлик ҳамда идоранинг тегишли хизматлари билан бевосита алоқа йўлга қўйилди. Илгари Бош прокуратурага келиб тушган мурожаатлар 3-4 кун ичида кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юборилган бўлса, энди бу масала атиги бир неча дақиқада амалга оширилмоқда.

Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини қабул қиладиган операторларнинг 5 кишидан 12 кишига кўпайтирилгани мазкур жараённи сезиларли равишда тезлаштириш имконини берди. Масалан, 2015 йилнинг июль ойида марказ 2 мингдан ортиқ мурожаатни қабул қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони ҳар ойда ўртача 9 мингтадан ошади.

Марказ ташкил этилганидан буён 80 мингга яқин мурожаатни қабул қилди. Уларнинг қарийб 64 мингдан ортиғи кўриб чиқилди, 15 мингдан ошиқ мурожаат қаноатлантирилди ва 46 мингтаси бўйича асосли тушунтиришлар берилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, судларга қиймати 23,1 миллиард сўмлик даъво аризалари киритилди. 1800 дан ортиқ мансабдор шахс интизомий ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилди. Қонуннинг қўпол бузилиши юзасидан 402 та жиноят иши қўзғатилди.

Бу борада тегишли чоралар кўрилаётганига қарамасдан, тадбиркорлар фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки ноқонуний аралашиш ҳолатлари, афсуски, ҳамон учраб турибди. Мисол учун, “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг Навоий вилояти Қизилтепа тумани бўлими бошқарувчиси Х. Ҳамдамов ўтган йилнинг кузида “Камолов Эркин Эргашевич” хусусий корхонасининг банк ҳисоб рақамлари бўйича операцияларини ҳеч қандай асоссиз тўхтатган. Прокуратура органлари ходимларининг аралашуви билан қонунбузар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Узумзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси И. Қўчқоров ҳам тадбиркорнинг маиший хизмат кўрсатиш объекти қуришига тўсқинлик қилгани учун ана шундай жавобгарликка тортилди.

Ўтган йили 20 августда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу ҳужжат лойиҳасини Адлия вазирлиги ҳамда бошқа идоралар билан ҳамкорликда ишлаб чиқди.

Қонунга биноан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга соладиган 40 дан ортиқ қонун ҳужжатларига давлат рўйхатидан ўтказиш, бизнес юритиш тартиби, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари билан ўзаро муносабат, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга тааллуқли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунда тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилгани ёки ноқонуний аралашгани учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги сезиларли даражада кучайтирилди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси хусусий мулк ҳуқуқлари кафолатини кучайтирадиган “Тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар” деб номланган янги боб билан тўлдирилди.

Қонунда хусусий мулк ҳуқуқини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ҳамда молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини бузиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти ёки уларнинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни қонунга хилоф равишда тўхтатиб туриш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ҳамда рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, хўжалик юритувчи субъектларга ҳамда бошқа ташкилотларга пул маблағлари беришни асоссиз равишда кечиктириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш каби хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Масалан, “Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш” тўғрисидаги моддада назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органи ҳамда давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқини бузиш йўли билан уларга зарар етказиш, яъни мулк ҳуқуқини қонунга хилоф равишда чеклаш ва ундан маҳрум этиш каби жиноятларни катта миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолаш белгиланган.

Солиқ тўлашдан бўйин товлаш шаклидаги ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари юзасидан давлат солиқ хизмати органи қарорини олганидан сўнг ўттиз кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пенялар ҳамда бошқа молиявий санкцияларни тўлаган бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилинишини назарда тутадиган норма ҳам ўта муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва савдо қоидаларини бузгани учун жавобгарлик жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди. Савдо қоидаларини жуда кўп миқдорда бузиш жиноятлари бундан мустасно.

Жорий этилган нормалар хусусий мулк устуворлиги принципига тўла мос келади ҳамда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини амалда таъминлашга хизмат қилади.

Прокуратура органлари томонидан бу борада ўтказилган назорат тадбирлари давомида ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат ва бошқа давлат органлари ходимлари томонидан содир қилинган 17 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ноқонуний текшириш ҳамда унга аралашиш билан боғлиқ 1200 дан зиёд ҳолат аниқланиб, ноқонуний 2600 дан ортиқ қарорга протест келтирилди, қонунбузилишни келтириб чиқарган сабаб ва шартларни бартараф этиш тўғрисида 671 тақдимнома киритилди. 1500 дан зиёд мансабдор шахс маъмурий ёки интизомий жавобгарликка тортилди. 280 дан ортиқ жиноят иши қўзғатилди. Бунинг натижасида 10353 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шуни таъкидлаш керакки, бундай қонунбузарликларнинг аксарияти банк сектори, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари, меҳнат, рақобат, архитектура-қурилиш, солиқ идоралари ҳамда бошқа ташкилотларда содир этилгани аниқланди.

Назорат тадбирлари давомида прокуратура органлари томонидан аниқланган яна бир қанча ҳуқуқбузарлик ҳолатларини ҳам келтириб ўтиш ўринлидир. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи У. Пардаев “Туркистон универсал УСБ” МЧЖ иш юритувчиси А. Ариповдан жамиятга нисбатан фуқаро Х. Носирова томонидан ёзилган аризани кўриб чиқмаслик эвазига 2000 АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилган. Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бу тамагир шахс пора олиш чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан қўлга олиниб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Айни пайтда мазкур иш юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Назорат органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш тартибини бузиш ҳолатлари ҳам аниқланмоқда. Масалан, Фарғона вилояти давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияси мутахассиси Ф. Хожиев Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг розилигини олмасдан, “Фарғона Турон текстиль” МЧЖда ноқонуний текшириш ўтказган. Мазкур ҳолат юзасидан айбдор маъмурий жавобгарликка тортилган.

Афсуски, бундай ҳолатлар кам эмас.

Уларнинг олдини олиш мақсадида прокуратура органларининг эътибори давлат органлари фаолиятида суиистеъмолчилик ҳамда бошқа қонунбузилишларнинг сабабларини аниқлаб, бартараф этишга қаратилиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда назорат органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ва улар томонидан қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунларига мувофиқлигини ҳар 15 кунда ўрганиш механизми жорий этилди.

Хусусан, назорат тадбирлари ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг -Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, алоҳида эътиборни тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда ҳуқуқий нормаларни қўллашда субъектив тарзда, танлов асосида, ўзбошимчалик билан талқин қилиш ҳолатларига йўл қўймасликка қаратган ҳолда ўтказилмоқда.

Жумладан, бундай тадбирлар давомида прокуратура органлари томонидан мазкур органларнинг 2015 йил ҳамда 2016 йилнинг 6 ойида 1,7 миллиондан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлари ўрганилиб, уларнинг 22 минг 779 тасини қабул қилишда амалдаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.

Ушбу қонунбузилишлар бўйича 21 мингдан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, хусусан, 18 мингдан ортиқ ҳужжатга протест келтирилди, 2500 га яқин мансабдорлар интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди, 6570 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Бундай ҳолатлар юқоридаги органлар фаолиятида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда хато ва камчиликлар борлигини, уларнинг юридик хизмат ходимлари эса ўз вазифаларига янада жиддий ёндашишлари кераклигини кўрсатади.

Бу каби вазиятларнинг олдини олиш ҳамда вазирлик, қўмита ва идоралар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалдаги қонунларга мос бўлишини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура томонидан “Юридик хизмат тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда бошқа идораларнинг юридик хизматидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш мақсадида 2016 йил 15 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ташаббуси билан манфаатдор вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, оммавий ахборот воситалари ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида видеоконференция ўтказилди.

Унда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатловчи янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси муҳокама қилинди.

Тадбир давомида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар базаси яратилганлиги, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, тадбирда тадбиркорликни жадал ривожлантиришни таъминлашнинг амалий ҳамда ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш бўйича фикр алмашилиб, -мутасадди идораларга аниқланган муаммоларни бартараф қилиш бўйича зарур чоралар кўриш ва қонунчиликка ўзгартиш киритиш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан кўрсатмалар берилди, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Прокуратура органлари маъмурий ресурсдан тадбиркорлик субъекти фаолиятига аралашиш мақсадида ноқонуний фойдаланиш бўйича ҳар қандай уринишларнинг олдини олиш, айбдорларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш чораларини қатъий равишда кўриб борадилар. Чунки биз, соҳа ходимларининг асосий мақсади ҳамда бурчи давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамдан тадбиркорларимизнинг тўлиқ фойдаланиши, турли бўғиндаги амалдор ёки текширувчилар уларнинг мулки ва бизнесига дахл қилишига йўл қўймасликдан иборат.

 

Улуғбек СУННАТОВ,

Бош прокурор ўринбосари — 

Қонунчилик ижроси 

устидан назорат

Бош бошқармаси бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn