Янгиланишлар эътирофи
  • 03 Август 2016

Янгиланишлар эътирофи

Фарғонада мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишланган тарғибот тадбирлари давом этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил қилинган учрашувларда таниқли санъаткорлар, шоиру ёзувчилар, олимлар, иқтидорли ўғил-қизлар қатнашди. Акция доирасида навқирон авлодни юртга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни турли салбий ғоялар, зарарли иллатлар таъсиридан ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган мулоқотлар бўлиб ўтди. Уларда Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг комил инсонлар бўлиб вояга етиши йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди. Тарғибот гуруҳи аъзолари юртимизда истиқлолгача бўлган давр ҳамда мустақиллик йилларида юз бераётган улкан ўзгаришлар хусусида сўз юритдилар. Ҳар бир таълим муассасасида ҳудудлар тараққиётини акс эттирувчи суратлар кўргазмаси уюштирилди. Тадбирлар чоғида ўқувчиларнинг фан, спорт, ахборот технологиялари каби турли соҳаларда қўлга киритаётган муваффақиятлари ўз эътирофини топди. 

Анжуман доирасида  “Кеча ва бугун”, “Ибратли йўл” фотокўргазмалари, республикамиздаги тинчлик-тотувлик, барча соҳада юз бераётган ўзгаришу янгиланишлар тасвирланган фильмлар ҳам намойиш қилинди.

— Ушбу байрамолди учрашувлари аҳолининг барча қатламини ҳамжиҳатликка чорлади, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Меҳриддин Раҳматов. — Самимий мулоқотларда бугунги дориламон кунларимиз ҳақида дилдан суҳбатлашдик. Зеро, ҳар биримиз шу азиз Ватанимиз келажаги учун масъулмиз. Ўз меҳнатимиз, изланишларимиз билан мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш — фарзандлик бурчимиз. 

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn