Ҳақиқий гулистонга айланаётган шаҳар
  • 03 Август 2016

Ҳақиқий гулистонга айланаётган шаҳар

Гулистон шаҳрини ободонлаштириш ва ирригация тизимини реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.

Истиқлол йилларида Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизнинг йирик шаҳарлари бош режа асосида қайта қурилмоқда. Хусусан, айни кунларда Сирдарё вилояти маркази — Гулистонда ҳам аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган ана шундай улкан бунёдкорлик ишлари жадал давом эттирилаётир. Пировардида бир вақтлар “Одам юрса оёғи, қуш учса қаноти куяди”, дея таърифланган чўл бағридаги шаҳар ўз номига монанд кентга айланмоқда.

Бундай кенг кўламли ободонлаштириш ишларини кузата туриб, беихтиёр “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!” деган саволнинг яна бир жавобини топгандек бўламиз. Бинобарин, собиқ тузум даврида фақат пахта ҳақида ўйлангану уни етиштирувчилар ҳаёти, турмуш шароити ҳеч кимни қизиқтирмаган. Чўлда ғўза парваришлаш учун тортилган каналлар ҳамда унинг таъсирида зах жойларда яшаб келган гулистонликлар ҳаёти бунга яққол мисолдир.

Айтиш жоизки, ҳозирги Гулистон кечагисидан тамомила фарқ қилади. Бу ердаги ўзгариш ва янгиланишлар Президентимизнинг шаҳарга 2015 йил 5 март кунидаги ташрифи билан бевосита боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ўшанда ҳудуддан оқиб ўтувчи “Дўстлик” ҳамда “К-3” каналларининг ер ости сизот сувлари сатҳи кўтарилиши мелиоратив ҳолат ёмонлашишига олиб келаётгани, бу эса шаҳарга жиддий зиён етказаётганига эътибор қаратганди. Шу аснода нафақат мазкур масаланинг ижобий ечимини топиш, балки ҳудуд қиёфасини миллий ва замонавий архитектура анъаналаридан фойдаланган ҳолда, қайта қуриш юзасидан йўл-йўриқ кўрсатиб, зарур тавсиялар бердилар.

Кўп ўтмай, ирригация-мелиорация, ижтимоий инфратузилма объектларини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди. Юртбошимизнинг 2015 йил 9 мартдаги “2015 — 2019 йилларда Гулистон шаҳрида дренаж тизимини янада такомиллаштириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ер ости сув сатҳини камайтириш, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш тўғрисида”ги фармойиши бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Ҳозирги пайтда Президентимизнинг 2015 йил 4 сентябрдаги “2015 — 2019 йиллар даврида ижтимоий, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш билан комплекс ҳолда ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сизот сувлар сатҳини пасайтириш, Гулистон шаҳрини архитектуравий-режали қуришни тубдан янгилаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига биноан, шаҳарнинг замонавий қиёфасига мос янги майдон ҳамда хиёбонлар барпо қилиш, йўл-транспорт инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш тадбирлари янада кенг кўлам касб этган.

Қолаверса, тоза ичимлик суви, табиий газ, электр ва иссиқлик энергияси таъминоти, канализация, ирригация ҳамда телекоммуникация тармоқларини қуриш орқали муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини модернизациялаш, мавжуд уй-жойларни реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобидан уй-жой фондини қайта ташкил этиш ишлари ҳам муваффақиятли олиб борилмоқда. Бу жараёнда аҳоли, айниқса, ёшларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, уларнинг дам олиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қиладиган ижтимоий соҳа ҳамда бозор инфратузилмасини ривожлантириш масаласи ҳам диққат-эътиборда турибди. Зеро, юртимизда эртамиз эгаларининг жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб вояга етишига қаратилган ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

“Дўстлик” канали бўйи шаҳар ёшларининг энг севимли масканларидан бирига айланган, десак, муболаға бўлмайди. Чунки ўтган қисқа давр ичида ер ости сизот сувлари сатҳини пасайтириш ҳамда ҳавза фильтрациясини камайтириш мақсадида унинг 3345 метрлик қисми бетонлаштирилди, ўнг ва чап қирғоқларида 5 километрлик назорат йўлагини қуриш, тунги ёритиш чироқлари ҳамда темир панжара ўрнатиш ишлари якунланиб, кенг кўламда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Натижада бу жой энг сўлим ҳамда баҳаво гўшага айланди. Бошқача айтганда, “Дўстлик” илгари фақат пахта учун хизмат қилган бўлса, эндиликда у халқ фаровонлиги йўлида фойдаланилаётган канал сифатида тилга тушаяпти.

Бундан ташқари, “К-3” каналининг 2,5 километрлик қисми ҳам бетонлаштирилиб, узунлиги 3,6 километрга тенг бўлган очиқ коллекторлар ёпиқ горизонтал дренаж тармоғига айлантирилди. Шаҳар ва унинг атрофидаги 285,6 километрга тенг очиқ коллектор-дренаж тармоқлари иншоотлари эса тўлиқ қайтадан тикланди. Шунингдек, аҳоли яшаш пунктларидаги мавжуд 1,8 километрлик очиқ дренаж тармоқлари реконструкция қилиниб, ёпиқ горизонтал дренаж тармоғига айлантирилгани диққатга сазовордир.

Бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг равишда кўплаб саноат корхоналарини модернизациялаш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Қолаверса, қатор янги ишлаб чиқариш мажмуалари, хорижий инвестиция иштирокидаги қўшма корхоналар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига асос солиниб, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Бу шаҳар аҳолиси бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадларини кўпайтиришда қўшимча имкониятлар эшигини очмоқда.

Гулистон шаҳрини ривожлантиришда ер ости суви сатҳини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Негаки, сизот сувлари кўтарилган жойда бино қуриб бўлмайди, ҳатто дарахт ҳам тузукроқ ўсмайди. Собиқ тузум даврида чуқур ўйламай, ҳисоб-китобсиз режалаштириш оқибатида шаҳар айнан шундай ҳудудда ташкил этилган. У денгиз сатҳидан пастда, вилоятнинг бошқа жойларига нисбатан ҳам ботиқ ерда жойлашган. Энг ёмони, собиқ иттифоқ даврида каналнинг шаҳар ҳудудидан ўтувчи қисми бетонлаштирилмаган, унинг фильтрациясини тутиб қолувчи дренаж тармоқлари эса қурилмаган. Бу, ўз навбатида, ҳудуд ер ости сизот сувларининг сатҳи кўтарилишига олиб келган, ҳаттоки унинг айрим жойлари ботқоқликка айланганига нима дейсиз?! Айниқса, аҳоли тураржойлари, ертўла ҳамда томорқаларни сув босиб, одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

Маълумки, “Дўстлик” канали Сирдарёдаги “Фарҳод” гидроэлектр станциясининг ташлама каналидан сув олади. Унинг умумий узунлиги 117 километрга тенг бўлиб, шундан 68,6 километри мамлакатимиз, қолган қисми эса қўшни Қозоғистон Республикаси ҳудудидан ўтади. Каналга бириктирилган суғориладиган ер майдони 236 минг гектарни ташкил қилиб, унинг 100 минг гектари юртимизда жойлашган. Шу боис қишлоқ хўжалиги экинларини узлуксиз суғориш мақсадида иншоот бетонлаштирилган вақтда, аввал айланма канал қазилди. Сўнг “Дўстлик” каналининг суви тўхтатилиб, қолдиқ сувлар насос ёрдамида чиқариб ташланди. Шундан кейин энг малакали муҳандис ва қурувчилар, замонавий техникалар жалб этилиб, дастлаб канал туби металл конструкциялар билан мустаҳкамланди. Шағал тўкилиб, бетон ётқизилди. Фильтрацияни камайтириш учун эса плиталар орасига эни бир метрлик геомембрана ўрнатилди. Шу тариқа эни 50, чуқурлиги 8 метр бўлган каналнинг шаҳардан ўтадиган қисми тубдан қайта таъмирланди.

Ўтган давр мобайнида вилоятда ташкил қилинган, мелиорация ҳамда сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналари ва бошқа пудрат ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзмелиомашлизинг” лизинг компанияси томонидан 35 та замонавий мелиоратив техника, жумладан, 15 та юқори унумли экскаватор, 2 та бульдозер, 18 та бошқа техника ҳамда механизмлар етказиб берилгани айни муддао бўлди. Натижада ирригация-мелиорация тадбирлари ўз вақтида сифатли бажарилди.

Қувонарлиси, вилоят марказида бошланган ободонлаштириш ишлари унинг бошқа ҳудудларига ҳам кўчмоқда. Устувор режага кўра, кейинги йилларда воҳа бўйича 3 минг 905 та замонавий уй-жой, Гулистон шаҳрида 97 кўп қаватли бино барпо этилиши, 1 минг 165 километр сув тармоқлари янгиланиб, реконструкция қилиниши, қарийб 400 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгилангани бунинг яққол далилидир.

Бундай кенг кўламли бунёдкорлик ишлари туфайли Сирдарё вилояти, хусусан, Гулистон шаҳри янада гўзал ҳамда обод масканга айланиши муқаррар. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, асрлар давомида қақраб ётган Мирзачўлни ўзлаштириб, уни боғу бўстонга айлантиришда ўзининг нималарга, қандай улкан ишларга қодир эканини амалда намоён этаётган, меҳнаткаш, бир сўзли, бағрикенг Сирдарё эли ўз олдига қўйган улуғ мақсадларга, албатта, эришади.

Баҳодир РЎЗИБОЕВ,

«UZGIP» масъулияти чекланган жамияти директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn