Барқарор тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимиз
  • 03 Август 2016

Барқарор тараққиётимиз ва фаровон ҳаётимиз

жойларда депутатлар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда халқимиз томонидан алоҳида эътироф этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг мустақиллигимизнинг 25 йиллиги олдидан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтказаётган учрашувларида мамлакатимизда ўтган даврда барча соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, тараққиёт йўлимиз истиқболлари хусусида атрофлича фикр алмашилмоқда.

Чунончи, Хоразм вилоятида “Мустақиллик — нурли истиқболимизнинг, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам асоси” мавзуида ташкил этилган тадбирда депутатлар истиқлол йилларида юртимиз иқтисодиёти ҳамда унинг етакчи тармоқларида жадал ривожланишга эришилгани ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда автомобилсозлик, нефть ва газ кимёси, машинасозлик, қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ҳамда тўқимачилик каби саноатнинг қатор жабҳалари изчил тараққий этаётганини таъкидладилар.

Айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити кенг қарор топди. Уни янада яхшилаш борасида олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижобий ифодасини топаётгани эътиборга моликдир. Жумладан, Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш — 2015” рейтинги натижаларига кўра, юртимиз фақат бир йилнинг ўзида 16 поғона кўтарилди. Кичик бизнес субъектларига кредит бериш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон сўнгги уч йилда 154-ўриндан 42-ўринга чиқди ва ўтган йилнинг ўзида рейтингини 63 позиция яхшилади.

— Албатта, мазкур муваффақиятлар, ҳаётимиздаги беқиёс ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлмаганини барчамиз яхши англаймиз, — дейди “Мини аккумулятор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Арслон Қаландаров. — Мустақиллик ҳар биримизга орзуларимиз рўёбини кўриш, иқтидоримизни тўла-тўкис намоён этишга имкон берди. Депутатлар билан мулоқот чоғида шу ҳақда фикрлашиб, бугун, айниқса, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини янада эркинлаштириш борасида қабул қилинган қонунларнинг мазмун-моҳиятидан, кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳамиятидан яна бир карра хабардор бўлдик. Айни пайтда парламентда янги қонун лойиҳалари устида олиб борилаётган қизғин иш жараёни билан танишдик.

Бу аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириши билан бирга, Ватан тақдирига, юрт тараққиётига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Қашқадарё вилоятида аграр соҳа вакиллари, маҳаллалар фаоллари, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, талаба-ёшлар иштирокида ташкил этилган учрашувда истиқлол йилларида фермерлик ҳаракати қишлоқларимизнинг ривожланишида ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий куч сифатида муҳим аҳамият касб этаётганлиги алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фермерлик ҳаракатини равнақ топтириш, фермер хўжаликларининг иқтисодий ҳамда молиявий мустақиллигини мустаҳкамлашда ҳуқуқий пойдевор бўлмоқда.

— Эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда деҳқон ва фермер хўжаликлари аграр соҳани ислоҳ қилишнинг асосий кучига айланди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Рустам Қобилов. — Ушбу кўрсаткич юртимизда фермерларни қўллаб-қувватлаш баробарида, уларнинг янада самарали иш юритиши учун кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасидир, десак, асло муболаға бўлмайди. Бинобарин, бугун фермер бўлиб, ўз оиласи, яқинлари, умуман айтганда, аҳоли фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшаётган юртдошларимиз меҳнати ҳар қанча таҳсинга сазовор. Чунончи, улар қўшимча тармоқлар фаолиятини йўлга қўйиш асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларнинг ўзида қайта ишлаш, қадоқлаш, рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаб, уларни ички ҳамда ташқи бозорга чиқариш ва қишлоқларда янги иш жойлари яратиш ҳамда шу орқали аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилашга катта улуш қўшмоқда. Бунга фермерлар билан мулоқот чоғида яна бир карра амин бўлдик.

Шунингдек, иштирокчиларга давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўз маҳсулотини қайта ишлаб, экспортни йўлга қўйиш ҳаракатида бўлган фермерлар учун янги қулайликлар яратаётгани айтиб ўтилди.

Сирдарё вилоятида хотин-қизлар қўмитаси аъзолари, тиббиёт муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, навқирон авлод вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда мустақиллик йилларида соғлиқни сақлаш тизимида қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши, оналар ҳамда болалар соғлиғини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга кенг урғу бериб ўтилди.

Парламент аъзолари Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши туфайли мамлакатимиз тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳамда бу борадаги ўзгаришлар халқаро миқёсда ҳам ўзининг юксак эътирофини топаётганини таъкидлади. Аҳоли ўртасида тўғри овқатланиш ва микронутриент етишмаслиги ҳолатларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар қатнашчилар диққат-эътиборида бўлди.

— Дарҳақиқат, истиқлол йилларида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланди, — дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Расул Каримов. — Тиббиёт соҳасидаги беқиёс ўзгаришлар, ҳаётга татбиқ этилаётган аниқ чора-тадбирларни айни чоғда одамларнинг саломатлик даражаси яхшилангани, оналар ва болалар ўлими бир неча баробар камайгани мисолида яққол кўриш мумкин. Депутатлар билан мулоқот чоғида тизимнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, уларни янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлардан хабардор бўлиш баробарида, ўзимизни қизиқтирган саволларга ҳам муфассал жавоб олдик.

Мулоқотда, шунингдек, “Соғлом она — соғлом бола” тамойилини ўзида ифода этувчи дастурлар асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётда изчил қўлланилаётгани, натижада скрининг ҳамда перинатал каби янги тиббий марказлар ва уларнинг вилоятлардаги филиаллари тиббиётимиз ривожида мустаҳкам ўрин эгаллаётгани хусусида фикр -алмашилди.

Қисқача айтганда, парламент қуйи палатаси депутатларининг жойлардаги учрашувлари қизғин ҳамда самарали ўтмоқда. Энг муҳими, одамлар “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган эзгу ғоянинг ҳаётий ифодасини бугунги дориламон кунлар самарасида кўраётгани эътироф этилаётир.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn