Экологик экспертиза ва қонунчилик
  • 29 Июль 2016

Экологик экспертиза ва қонунчилик

Бухорода “Салбий экологик оқибатларнинг олдини олиш мақсадида давлат экологик экспертизасини ўтказиш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Унда республика Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари, соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, бир қатор корхона ва ташкилотлар ходимлари қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда атроф-муҳит муҳофазаси, биологик хилмахилликни сақлаш масалалари алоҳида эътиборда. Наботот оламини асраб-авайлашга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилган. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунлар, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори шулар жумласидандир.

— Мазкур Қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари иш фаолиятимизда дастуриламал бўлаяпти, — дейди Бухоро вилояти давлат экологик экспертизаси корхонаси бошлиғи Маҳмуд ўуломов. — Қонунийлик, холислик, асослилик, экологик хавфсизлик талабларини ҳисобга олишнинг мажбурийлиги каби тамойиллар биз учун етакчи мезон саналади. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида атроф-муҳитга таъсирни баҳолашга оид 998 та ариза-лойиҳа ва экологик меъёрий ҳужжат кўриб чиқилиб, тегишли экологик экспертиза хулосалари тайёрланди. Шуларнинг 47 таси мавжуд талабларга жавоб бермаслиги туфайли буюртмачиларга қайтарилди.

Давра суҳбатида ҳукуматнинг давлат экологик экспертизасига оид тегишли қарори меъёр ҳамда талаблари, экологик норматив лойиҳа материалларини ишлаб чиқиш методологияси, бизнес-режа тузишда экологик оқибатларни назарда тутиш каби мавзуларда фикр алмашилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn