Солиқларнинг рағбатлантирувчи роли ошмоқда
  • 29 Июль 2016

Солиқларнинг рағбатлантирувчи роли ошмоқда

Юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда солиқ тизими ҳам тубдан такомиллаштирилаётгани туфайли унинг рағбатлантирувчи роли ортмоқда.

Солиқ юки босқичма-босқич камайтирилиб, қўшимча имтиёзлар жорий этилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар фойда солиғи, жисмоний шахслар даромад солиғи, иш берувчилар учун меҳнат ҳақи фондига нисбатан ижтимоий тўловлар каби асосий солиқлар ставкалари қисқартирилиб, қатор самарасиз солиқлар бекор қилинди. Бу каби янгиланишлар натижасида биргина юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси 45 фоиздан 7,5 фоизга туширилдики, бу дунёнинг саноқли мамлакатларида учрайдиган ҳолатдир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига кўпроқ имтиёзлар бериш тизимдаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, мазкур соҳада солиқ механизми мунтазам равишда соддалаштирилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, микрофирма ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2004 йилда жами 15,2 фоизни ташкил қилган бўлса, 2016 йилга келиб, у 5 фоизга туширилди. Бундай енгилликлар тадбиркорлар сафи кенгайиб, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда етакчи куч сифатида шаклланишида муҳим омил бўлаётир. Айни пайтда республикамиз ялпи ички маҳсулотида уларнинг улуши 56,7 фоизни ташкил этаётгани шундай дейишимизга тўла асос бўлади.

Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда солиқ маъмурчилигида ҳам туб янгиланишлар рўй берди. Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан статистик ва солиқ ҳисоботларини тақдим этиш механизмлари соддалаштирилгани бунга яққол мисол бўла олади. Пировардида ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектлари 100 фоиз солиқ ҳамда статистика ҳисоботларини эски усулдаги қоғоз тўлдириш йўли билан эмас, балки бевосита электрон шаклда, интернет тармоғи орқали амалга оширмоқда.

Юртимизда янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, солиқ, статистик ва молиявий ҳисоботларни ҳамда лицензияланадиган фаолият турлари сонини кескин қисқартириш мақсадида қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар кичик бизнес равнақига кенг йўл очаяпти. Айниқса, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қулай солиқ муҳитини шакллантириш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлди. Нега деганда, ушбу ҳужжатга кўра, якка тартибдаги тадбиркорларга фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ҳамда якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун ўрнатилган ставканинг 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди. Бу тадбир ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий аҳамиятга эгалиги боис зўр мамнуният билан кутиб олинди. Яна бир эътиборга молик томони, эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёлласа, ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун қатъий белгиланган солиқдан озод этилади. 

Бундан ташқари, кичик бизнес субъектлари мақомини белгилашнинг бош мезони бўлган ишчилар сони оширилиши, яъни саноатнинг кўп меҳнат талаб қиладиган тармоқларида илгариги 100 кишидан 200 кишигача кўпайтирилгани, давлатимиз -раҳбари таъбири билан айтганда, кичик бизнесни рағбатлантириш борасидаги чора-тадбирлар тизимидаги муҳим қарор бўлди.

Микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоиздан 15 фоизга туширилиши эса солиқдаги енгилликлардан яна бири бўлди, дейиш мумкин. Бу, ўз навбатида, уларнинг иш ҳақига доир солиқ юкини мақсадли камайтириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш даражасини ошириш, ҳам иш берувчининг, ҳам ишчи-ходимларнинг манфаатдорлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда. Чунки юридик шахсларнинг иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ солиқ юки қанча кам бўлса, унинг меҳнат ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари ҳам шунча кенгаяди.

Шу ўринда айтиш жоизки, охирги йилларда солиқ сиёсатида рўй берган айрим ўзгаришлар моҳиятига кўра, тизимдаги ислоҳотларнинг янги тўлқинини юзага келтирди. Гап жисмоний шахсларнинг бир минимал иш ҳақи миқдоригача бўлган даромадларига “0” фоизли ставкани кўзда тутувчи тўрт босқичли солиқ солиш шкаласининг жорий этилиши ҳақида бормоқда. Бошқача қилиб айтганда, юртимизда солиққа тортилмайдиган минимум қайтадан киритилди. Жисмоний шахслардан даромад солиғи ундиришда ушбу имтиёзнинг татбиқ этилиши, аввало, фуқароларнинг энг кам даромадли қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш механизми ҳисобланади. Қолаверса, аҳоли реал даромадларининг ошишига хизмат қилади.

Тизимдаги ислоҳотларнинг яна бири солиқлар орқали ресурслардан самарали фойдаланишни тартибга солишга қаратилгани билан  диққатга сазовор. Буни мулкий солиқлар ставкалари кўтарилаётгани мисолида кўриш мумкин. Яъни солиқларнинг мазкур тури тураржойларнинг эгаллаган майдони, унинг жойлашувига қараб табақалашган ҳолда базавий ставкаси 2016 йилда 1998 йилдагига нисбатан 15 баробарга ошди. Бундай ўзгариш замирида фискал, иқтисодий ва ижтимоий мақсадлар мужассамдир.

Мулк солиғининг фискал аҳамиятини ошириш ҳисобига маҳаллий бюджетларга тушумни кўпайтириш ҳамда шу орқали уларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш назарда тутилса, ижтимоий мақсадда мулк солиғи ставкаларини табақалаштириш, яъни кўпроқ (қимматроқ) мулкка юқорироқ солиқ ўрнатиш ҳисобига жамиятда бойликнинг нотекис тақсимотини маълум даражада силлиқлаш (текислаш)га қаратилган. 

Маълумки, фуқароларга тегишли кўчмас мулклар одатда ноишлаб чиқариш характерига эга бўлиб, иқтисодиётга бевосита ресурс бўла олмайди. Улардан тадбиркорлик мақсадларида фойдаланилмас экан, ўлик капитал ёки ҳашам мулк сифатида жамғарилади. Бундай объектларнинг юқори солиққа тортилиши эса мулклардан унумли фойдаланишни рағбатлантиради. Бу мулк солиғи юкини ошириб боришдан кўзланган иқтисодий мақсаддир.

Республикамизда, шунингдек, ресурс тўловлари ва акцизлар юкини ошириб бориш тамойили ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, айрим акцизости маҳсулотларига акциз солиғи ставкалари ҳар йили 105 — 115 фоизга индексацияланмоқда. Ер солиғи ставкалари 15 фоизга оширилгани ҳолда, жисмоний шахслар ер участкаларига солиқ солиш механизмига ўзига хос ўзгариш киритилди. Эндиликда уларнинг ер участкалари норматив майдонидан ортиқ қисмига белгиланган солиқ ставкаларга нисбатан 1,5 коэффициент қўлланиладиган бўлди.

2015 йилдан эътиборан сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳам солиқнинг базавий ставкалари 20 фоизга оширилиб, солиқ солиш режимидан қатъи назар, алкоголсиз ичимликларни ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектларга сув солиғи юки кўтарилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналари ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар учун ушбу солиқнинг базавий ставкалари татбиқ этилди.

Умуман олганда, ресурс солиқларининг оширилишидан кўзланган асосий мақсад-муддао шуки, бебаҳо бойлик бўлган ер, сув ва мулклардан самарали фойдаланишни тартибга солишдир. Акцизларнинг оширилиши эса инсон соғлиғи учун зарарли бўлган айрим маҳсулотлар истеъмолини камайтиришга, пировардида бўшаган даромаддан унумли фойдаланишга ундайди.

Солиққа тортиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, албатта, олдиндан пухта ишлаб чиқилган Ўзбекистон солиқ тизимини такомиллаштириш стратегиясининг амалдаги ижроси ҳисобланади.

Исломбек НИЯЗМЕТОВ,

иқтисод фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn