Барқарор тараққиёт кафолати
  • 29 Июль 2016

Барқарор тараққиёт кафолати

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз айёми — давлатимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллиги олдидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида “Ҳудудларда ижтимоий шериклик: тинчлик, тотувлик, фаровонлик ва барқарор тараққиёт кафолати” мавзуида семинар-тренинглар бўлиб ўтди.

Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, Фонд маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган семинар-тренинглар мустақиллик йилларида “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамият сари” тамойилини рўёбга чиқаришга қаратилган саъй-ҳаракатларни таҳлил қилиш ҳамда ижтимоий шериклик институтининг самарадорлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ҳақиқатан ҳам, ўтган йигирма беш йил жамиятимиз ҳаётида изчил ўзгариш ва туб янгиланишлар даври бўлди. Собиқ тузумдан мерос қолган заиф иқтисодиёт ҳамда ижтимоий беқарорликка барҳам бериш, ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш, таълим-тарбия, тиббиёт, атроф-муҳит муҳофазаси, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, халқимиз турмуш даражасини юксалтириш йўналишларида чуқур ўйланган ислоҳотлар амалга оширилди. Мазкур жараёнда демократик институтлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда такомиллаштиришга устувор эътибор қаратилиб, айни соҳада қонуний, ташкилий шарт-шароитлар яратилди.

— Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллашувини янги босқичга олиб чиқди, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Андижон вилоятидаги ресурс маркази раҳбари Холида Мирзараҳимова. — Айниқса, ушбу ҳужжат доирасида қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун нодавлат секторнинг давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Хусусан, вилоятимизда 650 дан ортиқ ННТ аҳолининг тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришини кафолатлашга йўналтирилган қонун ҳужжатлари, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашда давлат органларига яқиндан кўмаклашаётир. Ўз навбатида, нодавлат тузилмаларни ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида самарали механизм татбиқ қилинганини эътироф этиш жоиз.

Семинарларда “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилиши айни муддао бўлганига урғу берилди. Бу комиссиялар ҳудудлардаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш, долзарб аҳамиятга эга масалаларни ечишда ижтимоий шериклик ҳолатига баҳо бериш ҳамда мониторингини юритиш каби вазифаларни амалга ошириб келмоқда.

— Охирги бир йилнинг ўзида ҳудудимизда ижтимоий шерикликнинг моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тўлақонли етказишга қаратилган қирқдан ортиқ давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ташкил этилди, — дейди халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси Ҳожимурод Эрматов. — Бундай тадбирлар вилоятимизда мавжуд етти юздан зиёд ННТ фаолиятини янада яхшилашда ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. 

Иштирокчилар таъкидлаганидек, фуқаролик институтлари лойиҳалари давлат гранти маблағлари билан қўллаб-қувватланиб келинаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди 2008 — 2016 йилларда демократик тузилмаларнинг турли ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш мақсадлари учун 58,8 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратди. 

— Ҳудудимиз ижтимоий-иқтисодий ривожида, осойишталикка, тотувликка асосланган соғлом муҳитнинг барқарорлигида олти юздан зиёд нодавлат тузилмалар муносиб ҳисса қўшаётир, — дейди Сурхондарё вилоятидаги “Аёл ва замон” ННТ раҳбари Гулнора Хўжаниёзова. — Бу жараёнда уларнинг давлат гранти маблағлари билан таъминланаётгани ютуқлар омили бўлмоқда. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат грантлари танловида вилоятдаги йигирмадан ортиқ ННТ лойиҳаларига 270 миллион сўмга яқин маблағ ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўтган ойларида ўнга яқин ННТ давлат грантларини қўлга киритди.

Семинар-тренингларда истиқлол йилларида ижтимоий шериклик муносабатлари ҳамда ҳаётимизнинг турли жабҳасида эришилган ютуқларни “Ким эдигу ким бўлдик?!” тамойили асосида тарғиб этиш, шунингдек, атроф-муҳит муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик назоратни кучайтиришда жамоатчилик ўрни сингари қатор мавзуларда маърузалар тингланди.  

— Ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш бўйича истиқболдаги режаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, — дейди Ўзбекистон экологик ҳаракати Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Носир Ҳалимов. — Бинобарин, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, мавжуд ресурслардан тўғри фойдаланиш, атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш масалаларига жиддий ёндашувни тақозо этади. Шу маънода, мазкур тадбир фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органларининг ушбу йўналишдаги ҳамкорлигини кенгайтиришда ҳам муҳим ўрин тутиши шубҳасиз.

Амалий мулоқот руҳида ўтган семинар-тренингларда ижтимоий шериклик муносабатларини такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар  белгилаб олинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn