Андижон вилояти: фидокорона меҳнат — фаровон ҳаёт
  • 29 Июль 2016

Андижон вилояти: фидокорона меҳнат — фаровон ҳаёт

“...Кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўлиқ хабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин”.

Ислом КАРИМОВ

“Биз кўрмаганни болаларимиз кўрсин”. Бу — мустабид тузум даврида армон билан яшаб ўтган ота-боболаримизнинг орзу-нияти, кўнгил таскини. Ҳозир эса замон талаби бошқача. Президентимиз шу ҳақда тўхталар экан, айни пайтда халқимиз ўтаётган кунидан рози бўлиб, эркин ва фаровон ҳаёт кечириши зарурлигини таъкидлайди. Ана шу эзгу мақсадлар рўёби Андижондаги беқиёс ўзгаришу янгиланишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

— Бундан йигирма беш — ўттиз йил аввалги турмушимиз билан бугунгиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Шаҳрихон туманидаги 53-ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори Камолиддин ўафуров. — Шукрки, қўй-қўзининг кўпайишига қараб орзу-ҳавас қиладиган даврлар ўтди. Энди пахта даласининг кўлами тақдиримизни белгиламайди. Ёки авваллари бозор ҳамда дўконларимизда аҳвол қандай эди? Қорли-қировли кунларда расталарда бир уюм сўлиган шолғому картошкадан бўлак неъматни учратмасдингиз. Нон учун навбатда турган, бир қоп ун учун қирпичоқ бўлганлар ҳақида гапиришнинг, эслашнинг ўзи оғир. Ҳозир-чи? Ҳар соҳада ишбилармонлик. Тадбиркорлик билан шуғулланган одам эса кам бўлаётгани йўқ.

Юртни бой, одамларни ишли қилаётганлар ҳам шулар. Саноат ривожини айтмайсизми?! Хўш, вақти келиб Андижонда энг замонавий автомобиллар ишлаб чиқарилишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз?!

Дарҳақиқат, чорак аср муқаддам аграр соҳага ихтисослаштирилган вилоят мустақиллик шарофати туфайли мамлакатимизнинг йирик индустриал марказларидан бирига айланди. Бу ерда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар самараси нафақат иқтисодий салоҳиятимиз, балки аҳоли турмуш фаровонлигида ҳам намоён бўлмоқда. Муҳими, одамлар дунёқараши, ҳаётга муносабати тубдан ўзгарди. Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси шаклланди.

Бугун Андижоннинг юқори технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган рақобатдош маҳсулотлари хорижда ҳам маълуму машҳур. Жумладан, бу ерда тайёрланаётган товарлар ва қишлоқ хўжалиги неъматлари АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон каби жаҳоннинг қатор ривожланган давлатларига экспорт қилинаётир. Айниқса, автомобиль, қурилиш материаллари, оптик толали кабель, пойабзаллар, тўқимачилик ашёлари ҳамда фармацевтика учун табиий хом ашёлар, қайта ишланган сархил озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ошиб бораяпти.

 

Истиқлол берган имконият

Илғорлик, ташаббускорлик, тадбиркорлик андижонликларга хос фазилатлар сирасидандир. Ҳамиша пешқадам бўлишга интилиб, пухта режа ҳамда қатъий мақсадлар асосида иш тутишади. Асака шаҳрида Марказий Осиёда биринчи замонавий автомобиль заводининг барпо этилишини ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар меваси, деб баҳолаш мумкин. Бошқача айтганда, вилоят аҳли бевосита Президентимиз томонидан илгари сурилган ушбу эзгу ташаббусни қўллаб-қувватлаш билан бирга, уни амалга ошириш жараёнида фаол қатнашди. Бу эса ҳудудда янги-янги инновацион лойиҳалар рўёбига кенг йўл очди.

1996 йилнинг март ойи. Мазкур санада илк миллий автомобиль — “Damas” ишлаб чиқарилганини юртдошларимиз ғурур ва мамнуният билан ёдга олади. Орадан уч ой ўтиб улар қаторига “Tico” ҳамда “Nexia” қўшилди. Ҳозир эса “Matiz”, “Spark”, “Lacetti”, “Cobalt”, “Сaptiva”, “Malibu”, “Orlando” сингари енгил автомашиналаримизни дунёнинг турли ҳудудларида қизиқиб харид қилишмоқда.

Асака шаҳридаги “GM Uzbekistan” корхонасида иш жараёни қизғин. Бу ерда 10 мингдан зиёд киши меҳнат қилаётир. Яқиндан бошлаб заводда “Евро-5” талабларига мувофиқ, “Ravon” бренди остидаги “Nexia-R3” автомобилларини харидорларга етказиб беришга киришилди. Бинобарин, Италия технологиясига биноан, муқобил ёнилғи — метан гази асосида ҳаракатланишга мослаштирилган “Lacetti” автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича дастлабки қадамлар қўйилди. Бу эса мустақиллигимизнинг 25 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Қувонарлиси, соҳада маҳаллийлаштириш даражаси тобора ошиб бораяпти. Мутахассислар фикрича, автомобилсозликда яратилган ҳар бир иш жойи бошқа турдош соҳаларда камида еттита меҳнат ўрни ташкил этиш имконини беради. Айни жиҳатлар эса нафақат вилоят, балки мамлакатимиз саноати салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Андижон узра парвоз қилаётган ҳаво лайнери иллюминаторидан заминга назар ташласангиз, қуёш нурида ям-яшил тўлқин сингари жилоланаётган бу чексиз уммон қаердан пайдо бўлди экан, деган ўй кечади хаёлингиздан. Бироқ кўп ўтмай янглишганингизни фаҳмлайсиз. Негаки, бу — деҳқончиликда янги услуб ҳамда технологияларни қўллаб, мўл-кўл ҳосил етиштираётган фермерларнинг далалари! Зотан, истиқлол йилларида ғўзани плёнка остида парваришлаш тажрибаси илк бор 1995 йили Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл водий гулшани” фермер хўжалигида синовдан муваффақиятли ўтказилган эди. Ҳозир эса вилоятдаги 93 минг гектардан ортиқ пахта майдонининг аксарият қисмида шу усулда ҳосил етиштирилаяпти.

Яна бир далил. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижроси юзасидан жойларда касб-ҳунар коллежи ва академик лицейлар барпо этилиши борасида ҳам дастлабки қадам айнан Андижонда қўйилгани кўпчиликка маълум. Шу тариқа ҳудудда махсус лойиҳа асосида замон талабларига мос янги ўқув иншоотлари фойдаланишга топширилиши ёш авлод камолоти йўлидаги юксак ғамхўрлик намунасига айланди.

— Олтинкўл туманининг Қўштепасарой қишлоғидаги саноат коллежимиз 2000 йилдан буён кичик мутахассислар тайёрлаб келмоқда, — дейди ушбу таълим муассасаси директори Одилжон Мирзажонов. — 900 ўринли биномизда ўқувчиларнинг пухта билим ҳамда касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Спорт зали, лаборатория хонаси ва кутубхона улар ихтиёрида. Илғор тикув дастгоҳлари билан жиҳозланган мўъжазгина цехимизда йигит-қизларимиз амалиёт ўташади.

Айтиш жоизки, ўтган даврда мазкур таълим даргоҳини 3,5 мингдан зиёд ўғил-қизлар тамомлади. Ҳозир уларнинг аксарияти — замонавий ишлаб чиқариш тармоқларининг илғор мутахассислари. Чунончи, лихтенштейнлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда барпо этилган “Кравтекс” қўшма корхонасининг моҳир чеварлари айни шу коллежда таҳсил олган қизлардир.

Мамлакатимизда энг йирик спорт иншоотлари қурилишида ҳам Андижон вилоятининг ҳиссаси катта. 2003 йили “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг финал босқичи муносабати билан бунёд қилинган олимпия захиралари спорт коллежи ҳамда “Соғлом авлод” ўйингоҳида кўплаб иқтидорли йигит-қизлар ўз маҳоратини ошираётир.

 

Обод манзиллар таровати

Бугун Андижоннинг қай бир ҳудудига қадам қўйманг, замонавий услубдаги тураржойлар, кўркам хиёбону гузарлар, сўлим боғ-роғларни кўриб завқланасиз. Айниқса, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида тикланган иморатлардан иборат янги мавзелар обод шаҳарчаларни эслатади.

— Айни пайтга келиб, 5050 дан зиёд ана шундай уй-жой юртдошларимизнинг чинакам бахт ошёни, яхши ниятлар гўшасига айланган, — дейди вилоят ҳокимлиги бош мутахассиси Азаматжон Шокиров. — Жорий йилда улар сони яна 1139 тага кўпайиши кўзда тутилган. Умуман, 2017 — 2019 йиллар давомида 4220 та намунавий лойиҳалардаги тураржой ўз эгаларига топширилади.

Айтиш жоизки, Асака туманидаги Файзиобод, Олтинкўл туманидаги Далварзин, Балиқчи туманидаги Чинобод, Қўрғонтепа туманидаги Маъмуробод каби мавзеларда барча қулайлик яратилган.

— 2014 йил оиламизга кўп совғалар улашди, — дейди “Уз Тонг Хонг Ко” қўшма корхонаси муҳандиси Иброҳимжон -Абдуллаев. — Шу йили Андижон туманининг “Ўрикзор-2” мавзесидаги уйлардан бирига кўчиб ўтдик. Бу ерда фаровон ҳаёт кечиришимиз учун ҳамма шарт-шароит муҳайё. Чунончи, умумтаълим мактабимиз қиёфасини кўриб, кўз қувонади. Ҳозир рафиқам мазкур масканда ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ бераяпти. Ҳудудимиздаги мусиқа ва санъат мактаби эса истеъдодли ўғил-қизларнинг севимли даргоҳи. Гузаримизда савдо расталари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Дарвоқе, массивимизнинг янада обод ҳамда кўркам қиёфа касб этиши учун тураржойлар ён-атрофига мевали, манзарали дарахт кўчатларини ўтқазгандик. Мана, ниҳоллар кўкка бўй чўзиб, илк ҳосилини бера бошлади.

 

Бунёдкорлик шукуҳи

Халқимиз турли қутлуғ саналар, байраму шодиёналарни муносиб ютуқлар билан қарши олишга одатланган. Бу анъана Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида янада кўзга яққол ташланмоқда. Масалан, Андижон вилоятида 2016 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига мувофиқ, 118 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, капитал реконструкция қилиш, 1139 та тураржой, 4 та кўп қаватли “Камолот” уйини бунёд этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳар бир туманда 25 тадан жами 475 та намунавий кўча ташкил этилиб, энг улуғ, энг азиз айёмимиз арафасида фойдаланишга топширилади.

Андижон шаҳри марказида қад ростлаган 300 ўринли муҳташам қўғирчоқ театрида “Бунёдграндсервис” масъулияти чекланган жамияти бинокорлари қарийб 8 миллиард 10 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажардилар.

Театр биносининг шифти фазо кемасини эслатади. Унга галактикамиз тасвири туширилган. Деворлардан эса қўғирчоқ театри тарихига оид ҳамда эртак қаҳрамонлари суратлари ўрин олган. Юқори қаватда маънавият ва маърифат хоналари, музей, кутубхона, шунингдек, компьютер ҳамда информатика, драма тўгараклари, хореография заллари ишлаб турибди. Бинонинг ертўла қисми қўғирчоқларни ясаш, таъмирлаш, сақлаш ва актёрларнинг ҳордиқ чиқаришига мослаштирилган. Кошона атрофидаги қарийб 1 гектарлик майдон ҳам кичкинтойлар билан гавжум. Бу ердан мўъжазгина амфитеатр, турли аттракционлар жой олган.

— Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан ёш авлодга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик самараси, — дейди театр директори Беҳзод Қурбонов. — Зотан, ушбу маскан асрлар оша шаҳримиз кўркига кўрк қўшиши баробарида, фарзандларимизга унутилмас таассуротлар туҳфа этиши, шубҳасиз. Ижодий жамоамиз навқирон авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида юксак тарбиявий аҳамиятга эга янги асарларни саҳналаштириш борасида изланишлар олиб бораяпти.

Айни кунларда Андижоннинг Боғишамол даҳасида ҳайвонот боғи қурилиши қизғин давом эттирилмоқда. У мустақиллигимизнинг 25 йиллиги байрами арафасида болажонларга ўз бағрини очади. Умумий қиймати 2 миллиард сўмлик мазкур лойиҳа доирасида турли ноёб ҳайвонлар ҳамда қушларни сақлашга мўлжалланган махсус жойлар ҳамда улкан аквариум қурилади.

Албатта, бу каби ўзгариш ва янгиланишларда Маҳаллийлаштириш дастури муҳим аҳамиятга эга. Негаки, олис-яқин қишлоқларимизга саноат тармоқларининг жадал кириб бориши туфайли илгари, асосан, валюта ҳисобига четдан келтирилган товарларнинг аксарияти эндиликда ўзимизда тайёрланаётир. Қолаверса, ушбу йўналишдаги лойиҳаларнинг изчил рўёбга чиқарилаётгани туфайли нарх-навони мақбуллаштириш ҳамда валюта сарфини камайтиришга эришилаяпти. Бу қурилиш саноатида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда вилоятда шу соҳага ихтисослаштирилган 123 та корхонада 250 дан ортиқ турдаги бинокорлик ашёлари ишлаб чиқарилаётир.

2004 йилда ташкил этилган, хорижий сармоя иштирокидаги “And Polik” масъулияти чекланган жамияти шулардан биридир. Бу ерда тайёрланаётган юқори сифатли “Alcopon” қопламалари нафақат тураржой ва ижтимоий соҳа объектлари, балки марказий стадионлар, ўйингоҳларга ҳам ўзига хос жозиба бағишлаб турибди.

Бундан йигирма йил аввал иш бошлаган “Хон” корхонаси ҳам Андижондаги бунёдкорлик ишларининг фаол иштирокчисига айланган.

— Бир пайтлар одамларимиз гуваладан қурилган, лойсувоқ уйларда яшашар эди, — дейди корхона раҳбари Мухторжон Халилов. — Қишлоқларда бирорта тунука томли иморатни учратмасдингиз. Энди-чи? Муҳташам тураржойларни санаб, адоғига етолмайсиз. Бинокорлик маданияти шаклланди. Шаҳарсозлик анъаналари ривожланди. Юртдошларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай ҳаёт кечиришаяпти. Биз ҳам ана шундай эзгу ишларга ҳисса қўшаётганимиздан фахрланамиз.

 

Муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдевори

Андижонда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари қатор тармоқлар ривожи, минглаб иш ўринлари яратилиши, замонавий технологиялар жорий этилиши ҳамда четдан келтириладиган маҳсулотлар маҳаллийлаштирилишида муҳим омил бўлмоқда.

Зеро, нуфузли иқтисодчи олимлар, хорижий экспертлар таъкидлаганидек, қурилиш индустрияси у ёки бу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини ифодаловчи муҳим кўрсаткичдир. Негаки, мактаб ва шифохоналар, спорт иншоотлари, саноат объектлари барпо этилаётган мамлакатда фаровонлик ҳамда осойишталик барқарор ва бардавомлиги кафолатланади.

Бу, аввало, чуқур ўйланган, узоқни кўзлаб олиб борилаётган иқтисодий сиёсат, уй-жой ҳамда маъмурий бинолар, саноат объектлари қурилишини молиялаштириш масаласига комплекс ёндашув натижасидир. Пировардида мамлакатимизда ишбилармонлар учун қулай инвестициявий муҳит юзага келиб, қурилиш ашёлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий ва хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар кўпаймоқда.

— Бугун дунёнинг турли нуқталарида табиий офатлар, ички низолар, қонли тўқнашувлар, молиявий-иқтисодий инқироз кузатилаётир, — дейди “Нуроний” жамғармасининг Андижон вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Таваккал Топволдиев. — Шундай таҳликали замонда жаннатмонанд Ўзбекистонимизда яратувчанлик, бунёдкорлик ишлари авжида. Кўнгилларда сурур. Истиқлол сурури. Муҳими, барча соҳада юксалиш, ўсиш суръатларига эришилаяпти. Шаҳару қишлоқларимиз обод бўлмоқда. Қаранг, кейинги йигирма беш йил давомида пастқам ва кўримсиз бинолар ўрнини маҳобатли иншоотлар эгаллади. Бунинг учун ҳар қанча шукрона айтсак кам.

Жонажон Ўзбекистонимиз жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Шаҳару қишлоқларимиз обод, турмушимиз фаровонлашиб бораётгани баробарида, юртдошларимиз тафаккуридаги теран идрок, қалблардаги жўшқинлик, интилишларидаги собитлик руҳияти эртанги кунимизнинг ниҳоятда саодатли бўлишига қатъий ишонч уйғотади.

* * *

“Андижоннинг кўркам жамоли ўзига мафтун этди. Миллий ҳамда замонавийликни уйғунлаштирган иморатларни айтмайсизми?! Уларни шу ерлик ёшлар барпо қилганини эшитиб, ҳайратим ошди. Андижонликлар шаҳарсозликда ўзига хос тажриба тўплабди. Бу ўрганиш, оммалаштириш ва эътироф этишга арзийди. Қолаверса, фан-таълим, маданият, спорт, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, қўйингки, турли соҳаларда шундай қувонарли натижаларга дуч келдик. Бундай юртнинг эртаси, албатта, гўзал ҳамда чароғон”.

Керстин КЛЕНКЕ,

Франкфурт (Германия) университети олими.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn