Энг намунали маҳаллалар танлови
  • 28 Июль 2016

Энг намунали маҳаллалар танлови

Юртимизда маҳалла азалдан миллий қадриятлар, эзгу амаллар маскани сифатида ном қозонган. Дарҳақиқат, меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд ҳамда ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш, тўй-томоша, ҳашару маъракаларни кўпчилик билан бамаслаҳат ўтказиш, яхши кунда ҳам, ёмон кунда ҳам бирга бўлиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар ушбу масканда шаклланган.

Истиқлол шарофати билан унинг ҳаётимизда тутган ўрни ортиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар жараёнидаги иштироки кенгайиб бормоқда. Бугунги кунда республикамизда мавжуд 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан 30 дан зиёд вазифалар муваффақиятли бажариб келинаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан бир қатор давлат ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танлови ҳам маҳалла институтининг ёшларимизни баркамол вояга етказиш, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда барқарорликни таъминлаш борасидаги ўрнини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Қолаверса, аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллани хусусий тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ривожлантириш маркази сифатида шакллантириш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, оилаларнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш йўналишида рўёбга чиқарилаётган ишларни ўрганиш ва -рағбатлантириш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштиришда ҳам алоҳида ўринга эга.
Айни чоғда танловнинг ҳудудий босқичлари “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида юқори савияда ташкил этилмоқда.
Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази”да танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
— Мазкур танлов кўлами ҳамда аҳамияти йилдан-йилга ошиб бораётгани билан эътиборга молик, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси ўринбосари Шуҳрат Кенжаев. — Буни унинг туман ва шаҳар босқичларида ҳудудимиздаги мавжуд 882 та фуқаролар йиғини фаол қатнашганидан ҳам билиш мумкин. Фуқаролар йиғинлари томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари, хусусан, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида эришилаётган ютуқ ҳамда натижалар қонунийлик, ошкоралик тамойиллари асосида баҳоланди. Шунингдек, улардаги асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш юзасидан ташкил қилинган маслаҳат марказлари, “Ота-оналар университетлари” -фаолиятини намунали йўлга қўйиш борасидаги ютуқлар чуқур ўрганилди. Иштирокчиларнинг соҳага оид қонун ҳужжатлари ҳамда иш жараёнида учрайдиган саволларга берган жавоби, дунёқараши ва зукколиги ҳам синовдан ўтказилди.
Ана шундай билим ҳамда салоҳиятга эга, юқори натижага эришган 12 та фуқаролар йиғини жамоалари вилоят босқичида ўзаро баҳс олиб борди. Илғор ахборот технологиялари асосида уларнинг эзгу саъй-ҳаракатлари ва иш тажрибасининг барча қирраси намойиш этилиб, ҳакамлар томонидан таҳлил қилинди. Пировардида Наманган шаҳрининг Фурқат номидаги маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга муносиб, деб топилди. Кейинги ўринлар Норин туманидаги “Қизилтов” ҳамда Янгиқўрғон туманидаги “Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғинларига насиб этди.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ўтказилган кўрик-танловнинг Тошкент шаҳар босқичида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида маҳалла институтининг иштироки тобора кенгайиб бораётгани ва бунда фуқаролар йиғинлари учун янги хизмат бинолари барпо қилиниб, мавжудлари таъмирланаётгани ҳамда замонавий мебель ва техникалар, зарур услубий адабиётлар билан таъминланаётгани муҳим омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.
Танловда қатнашган 11 фуқаролар йиғини жамоаларининг жойларда рўёбга чиқараётган кенг кўламли бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари, хусусан, Давлат дастури ижроси доирасида эришган ютуқ ва натижалари, илғор тажрибалари адолат мезонлари асосида баҳоланди. Шу билан бирга, уларнинг жойларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, миллатлараро дўстлик ҳамда ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, ёшларни баркамол қилиб тарбиялаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, тўй-маъракаларни ихчам ва тартибли ўтказиш, кексаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш йўналишларидаги натижалари кўриб чиқилди.
Учта шарт якунига кўра, Яшнобод туманидаги “Тонг” маҳалла фуқаролар йиғини ғолибликка эришди. Чилонзор туманидаги “Новза” ҳамда Юнусобод туманидаги “Тикланиш” маҳалла фуқаролар йиғинлари кейинги ўринларни банд этди.
— Ушбу танлов билим ва тажрибамизни бойитишда алоҳида ўрин тутади, — дейди унда муваффақият қозонган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Тўраев. — Айниқса, соҳа қонунчилиги, хусусан, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳиятига оид билимимизни мустаҳкамлашдан ташқари, намунали маҳаллаларнинг ижобий иш тажрибаси билан танишдик. Шу маънода, бу тадбир юксак билим ҳамда тажриба мактаби вазифасини ўтади, дейиш мумкин.
Танловнинг Андижон вилояти босқичида 968 та фуқаролар йиғини орасидан сараланган 17 та жамоа қатнашди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан мазкур маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти атрофлича ўрганилиб, улардаги илғор иш услублари ва қўлга киритилган натижалар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билимлари, зиммасидаги вазифага нечоғли масъулият билан ёндашиши инобатга олинди. Жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳамда ободончилик юмушлари ва бошқа эзгу саъй-ҳаракатларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда фуқаролар йиғинлари томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 15 мингдан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланган 6 мингдан зиёд, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги доирасида 4,5 мингга яқин, тўй-ҳашам ва бошқа маросимларни ихчам тарзда ўтказиш бўйича 3,5 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ҳамда “Ота-оналар университетлари” томонидан қарийб 2 мингта машғулотлар ўтказилди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси Қодиржон Ризаев. — Танлов маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолларининг касб маҳоратини юксалтиришга хизмат қилди, деган хулосага келиш -мумкин.
Муросасиз кечган беллашув натижаларига кўра, Қорасув шаҳрининг Б. Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни турли тўгаракларга жалб этиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик борасидаги ишлари боис “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи -бошқариш органи”, деб топилди. Марҳаматдаги Ойбек номидаги ҳамда Шаҳрихон туманидаги “Андижонлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоалари кейинги ўринларни эгаллади.
— Ҳудудимизда 3375 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди ғолибликка эришган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Меҳрихон Мамедова. — Улар кўмагида эрта баҳорда 7865 туп манзарали ва 7952 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилди ҳамда 34 гектардан ортиқ майдонда ободонлаштириш юмушлари бажарилди. Аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш мақсадида кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бу борадаги фаолиятимиз ижобий баҳоланиб, танловда юқори натижага эришганимиздан хурсандмиз. Бу маҳалладошларимнинг меҳнатига берилган юксак баҳо, деб биламан.
Бугун Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган 1245 та фуқаролар йиғини томонидан жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, миллий қадриятларни асраш ва ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш сингари эзгу амаллар рўёбга чиқарилмоқда.
Танловнинг вилоят босқичида ана шундай йўналишларда муайян ютуқларга эришган 16 та фуқаролар йиғини жамоалари баҳслашди.
Якунда Пайариқ туманидаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ургут туманидаги “Тўрткўл” ҳамда Булунғур туманидаги “Чангал” ва Самарқанд шаҳридаги “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари кейинги ўринларга муносиб кўрилди.
— Меҳнатимиз рўёбга чиққанидан мамнунмиз, — дейди танловда ғолиб бўлган маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброҳим Умиров. — Кейинги йилларда ҳудудда кўплаб эзгу тадбирлар амалга оширилди. Ҳали маҳалламиз ободлиги, аҳоли турмуш -фаровонлигини янада ошириш йўлида кўп ишларни қилишимиз зарур. Шу маънода, бугунги ютуғимиз фаолиятимиз самарадорлигини оширишга туртки беради, деб ўйлайман.
Тадбирларда йиғинлар фаолиятига оид фотоальбомлар, плакат ҳамда стендлар, ҳунармандчилик ишлари ва миллий либослардан иборат кўргазмалар ҳам уюштирилди.
Жойларда танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.


«Халқ сўзи» мухбирлари
материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn