Хотин-қизлар манфаати доимий эътиборда
  • 28 Июль 2016

Хотин-қизлар манфаати доимий эътиборда

Мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, оилани, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш чора-тадбирлари қамрови тобора кенгаймоқда.

“Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахтли бўлса, жамият мустаҳкам бўлади”, деган ҳаётбахш ғояни ўзида мужассам этган мазкур ҳужжат доирасидаги ислоҳотларда хотин-қизларга юксак эҳтиром ҳамда эъзоз кўрсатиш билан боғлиқ миллий қадриятларимиз яққол намоён бўлаётир.
Аёллар, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган опа-сингилларимиз учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шароитларни яратишда давлат ҳокимияти органлари билан бирга, тегишли жамоат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳам муносиб иш олиб бораяпти.
Қўмитанинг жорий йил биринчи ярмидаги фаолияти муҳокамасига бағишланган бошқарув йиғилишида аёлларимизнинг давлат ҳамда жамият қурилиши жараёнидаги ролини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий фаоллигини тобора юксалтиришга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётгани алоҳида таъкидланди.
Хотин-қизларни кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиб, доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш ишлари ҳам тизимли равишда олиб борилмоқда.
Юртимизнинг барча ҳудудида намунавий тураржой ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, гўзаллик салони, тиббиёт, соғломлаштириш, савдо мажмуалари қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани хотин-қизларнинг оғирини енгиллаштириш, уларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш имконини бераётир.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари тегишли Давлат дастурлари асосида қатор лойиҳаларни амалиётга жорий этаяпти. Маҳаллий ҳокимликлар, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Маҳалланинг энг ораста қизлари” кўрик-танловининг қуйи босқичлари муваффақиятли ўтказилгани, намунали оилаларни қўллаб-қувватлаш, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида “Оиланинг олтин қўрғони” телемарафони ташкил қилингани бунинг ёрқин мисолидир. Хотин-қизлар спортини ривожлантириш, шу орқали уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш саъй-ҳаракатлари ҳам изчиллик касб этмоқда.
Тадбирда қўмита ташаббуси билан илк марта ўтказилган “Меҳрибон қайнона” кўрик-танлови оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтиришга, “Гулшан аро гулчеҳралар”, “Обод юртнинг ораста қизлари” каби маърифий тадбирлар эса ўсмир қизларни касбга йўналтириш, уларни зарарли мафкуравий таъсирлардан ҳимоялаш, ҳуқуқий, тиббий билимини янада оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, жорий йилда ҳудудлардаги хотин-қизлар қўмиталари қошида Битирувчи қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Маҳаллалардаги “Бандлик” сектори орқали тадбиркорликни бошлаш истагидаги қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилаяпти. “Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси” танлови ҳам касб-ҳунар коллежларини битирган юзлаб қизларнинг изланишу -интилишларини рағбатлантирди.
— Туманимизда ўз бизнесини йўлга қўйиб, уни ривожлантираётган опа-сингилларимиз сафи йил сайин кенгаймоқда, — дейди Қўнғирот тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Жамила Аметова. — Улар орасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари борлиги аҳамиятлидир. Шу билан бирга, қизлар — бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун барча имкониятни яратишга янада масъулият билан ёндашилмоқда.
Йиғилишда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, оилаларда соғлом турмушни қарор топтиришга оид масалалар муҳокама этилиб, истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.


Фарида МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn