Ҳайрат ва ҳавас
  • 26 Июль 2016

Ҳайрат ва ҳавас

Яқинда маҳалламизга германиялик олим келди. Ўзини Норберт Зольберг, деб таништирган бу меҳмон одамларимизнинг турмуш тарзи ва шароити билан танишиб, ҳайратини, ҳаяжонини яширолмади. “Биз томонларда қўшнилар ўзаро ҳол-аҳвол сўраш у ёқда турсин, ҳатто бир-бирини танимайди ҳам. Сизларда эса бутун бир бошли маҳалла ягона оиладек.

Ҳамма бир-бирига елкадош, яхши кунда қувончига шерик, қайғули дамларда тиргак. Катталар кичикларга бош, ёшлар кексаларга суянчиқ. Халқингизнинг қон-қонига сингиб кетган ҳамжиҳатликни, бағрикенгликни кўриб, ҳавасим келди”, деди тўлиб-тошиб.

Ўйлаб қолдим.  Ростдан ҳам, маҳаллаларимиз бугун чинакам меҳр-оқибат, эзгу амаллар масканига айланган. 

Бир даврлар бўлдики, “Маҳалла” деган қадриятларимиз кўлмакка ташланиб, чиқолмай қолди. 

Марказ раҳбарларининг қистови билан “маҳалла” деган сўзни деярли ишлатмас эдик. “Сельсовет” аталмиш бир кўримсиз идорага иши тушганлар буни яхши билади. Агар кимдир “Сельсоветга чақираяпти”, деса, ичи музлаб кетарди. Чунки бу чақириқ фақат нохушликдан дарак эди. Рости, ўша “сельсовет”нинг вазифаси нималигини ҳанузгача билмаймиз. Фақат унда ишлайдиганлар эмизикли чақалоғи бор аёллардан тортиб, кексаларни ҳам, норасидаларни ҳам далаларга қувишар эди, холос. “Давлатга план топшириш керак!” деб эшигимиз оғзидаги майда туёғу товуқларгача олиб кетишган.

Бугун “Маҳалла” сўзидан кўнгил ёришади. Тўй-маъракамиз, файзу баракамиз маҳалла билан. Ёш авлод тарбияси, аёлларнинг, кексаларнинг, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимояси, хонадонларимизнинг саришталигию гузарларимизнинг ободлигигача... Умуман, маҳалла бош-қош бўлаётган хайрли ишлару ташаббусларнинг адоғи йўқ.

Дарвоқе, меҳмонимизга халқимиз маҳаллани машъум замонларда кўнглида асраб қололганини ҳам ғурур билан айтиб бердик. У қойил қолди.

Бизга омад ва бахту иқбол тилади.

Муқаддасхон РЎЗИМАТОВА,

Учқўрғон туманидаги «Маданият»

маҳалла фуқаролар йиғини котиби,

«Шуҳрат» медали соҳибаси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn