Юксак ишонч ва ғурур тимсоли
  • 26 Июль 2016

Юксак ишонч ва ғурур тимсоли

Бундан чорак аср аввал мустақил ва ёш Ўзбекистоннинг янги тарихи бошланди. Шу ўтган қисқа давр ичида давлат ҳамда жамият қурилишининг мустаҳкам пойдевори яратилди. 

Пировардида бозор иқтисодиёти ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси ва сифати юксалиб бормоқда. Интеллектуал жиҳатдан етук, маънан соғлом, ўзига ишонган ҳамда Ватанини севадиган, қисқача айтганда, баркамол авлод вояга етаяпти.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида жамият ҳаётининг барча соҳасини ислоҳ этишга қаратилган пухта ҳуқуқий платформа шакллантирилди. Хусусан, Конституция ва парламент томонидан қабул қилинган қонунлар асосида давлатимиз суверенитетининг иқтисодий базасини такомиллаштиришга қаратилган энг муҳим стратегик дастурлар амалга оширилди. 

Албатта, бу борада юртимизнинг транспорт-коммуникация жабҳасидаги мустақиллигини янада мустаҳкамлашга ҳам устувор аҳамият қаратилди. Натижада 25 йил ичида, масалан, фуқаро авиацияси халқимизнинг фахру ифтихорига айланди. 

Хўш, бунга қандай эришилди?

Аввало, 1992 йили Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига асос солинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, бундай эътибор мазкур тармоқнинг дунё стандартларига уйғун тарзда босқичма-босқич модернизация қилиниши, парвозлар хавфсизлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш имконини берди.

1992 йилда республикамиз Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО)га аъзо бўлди. Давлатимиз, аввало, парвозлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган халқаро мезонларни бажаришдек юксак масъулиятни ўз зиммасига олди.

1993 йилда эса Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси қабул қилинди. Унда давлатимизнинг мамлакат ҳаво кенглиги устидан мутлақ суверенитети мустаҳкамланиб, соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи принцип ва қоидалар белгилаб берилди. 

Шу билан бир қаторда, юртимиз халқаро ҳаво ҳуқуқи, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик жабҳасидаги қатор халқаро конвенция ҳамда шартномаларга қўшилди. Кўплаб давлатлар билан парвозларни бажариш бўйича келишувларга эришилди. Ўз навбатида, тегишли мажбуриятларни ижро этиш мақсадида миллий қонунчиликка халқаро нормалар татбиқ қилинмоқда, фуқаро авиацияси соҳасининг ҳуқуқий пойдевори такомиллаштириб борилаётир.

2000 йил бошида халқаро ҳаво йўллари орқали Жануби-Шарқий Осиё ва Океания минтақаларини Европа ҳамда Шимолий Америка билан боғлаш дастури амалиётга жорий этилди. Авиация маъмурияти ва МАК мутахассислари саъй-ҳаракатлари натижасида мазкур ҳаво коммуникацияси Ўзбекистон ҳудуди орқали олиб ўтилди. Бугунги кунда ушбу лойиҳа самарали ишлаяпти. Америка ҳамда Европа давлатлари самолётлари биз орқали Хитой, Австралия, Сингапур, Гонконг, Ҳиндистон ва бошқа кўплаб давлатларга парвозларни амалга оширмоқда. 

2014 йил ноябрь ойидан эса дунё тажрибасида тан олинган ИКАО бирликлари тизими қўлланилмоқда. Мазкур халқаро стандартда парвозлар баландлиги ўртача денгиз сатҳига нисбатан ҳисобланади. Бу нафақат инфратузилмани модернизациялашга хизмат қилди, балки парвозлар хавфсизлигини янада кучайтирди. Боиси стандартлар ҳамда қоидалар жаҳонда тан олинган тамойилларга мослаштирилди.

Шу кунларда Миллий авиакомпания мутахассислари илғор GPS навигацияси ва унинг муқобилларида қўлланиладиган авианавигацияни йўлга қўйиш мақсадида WGS-84 замонавий геодезия тизимига ўтиш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этмоқда. 

Маълумки, истиқлолнинг илк йилларидан бошлаб авиакомпаниямиз энг яхши, ишончли ҳамда самарали авиация техникасини ўзлаштиришга киришди. 2010 йилдан бошлаб эса барча рейслар “Boeing”, “Airbus” компаниясининг замонавий лайнерлари ва ўзимизда ишлаб чиқарилган “Ил-114-100” самолётларида амалга оширилаяпти.

Авиакомпания тизимида авиаташувчилардан ташқари, 12 та аэропорт, ҳаво ҳаракати аэронавигация хизмати миллий провайдери — “Ўзаэронавигация” маркази, “Uzbekistan Airways Technics” таъмирлаш авиакорхонаси мавжуд. Агар 1991 йилда юртимизда учтагина, яъни “Тошкент”, “Самарқанд” ҳамда “Термиз” халқаро аэропортлари фаолият юритган бўлса, айни пайтга келиб, республикамиздаги барча маҳаллий аэропорт халқаро мақомга эгадир. Уларнинг ҳаммаси дунё талабларига жавоб берадиган инфратузилма ва юқори малакали кадрлар билан таъминланган. Учиш-қўниш йўлакларини реконструкциялаш, терминалларни барпо қилиш, замонавий радионавигация воситалари ҳамда ёруғлик техникаси тизимларини сотиб олишга катта маблағлар йўналтирилмоқда. -Буларнинг натижасида Ўзбекистондаги аэропортлар мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳам ишлаш имкониятига эга бўлди. Чунончи, яқинда янгича қиёфа касб этган “Наманган” халқаро аэропорти ҳар қандай шароитда ҳам барча русумдаги ҳаво кемаларини қабул қилмоқда.

Яна шуни фахр билан қайд этиш жоизки, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси жамоасининг катта қисми ёшлардан иборат. Ходимларимиз 27 ёшдан бошлаб улкан ҳаво лайнерларини командир сифатида бошқармоқда. 25 — 30 ёшдаги -мутахассислар, жумладан, ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатувчи диспетчерлар, муҳандислик-техник жамоалардаги ходимлар, умуман, турли масъулиятли нуқталарда ана шундай умидли кадрлар меҳнат қилаяпти. Уларнинг барчаси Ўзбекистондаги таълим муассасаларида замонавий дастурлар асосида тайёрланган. 

Айнан улар бизнинг бугунимиз ва келажагимиздир. Мана шундай навқирон авлод Ўзбекистон мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, фуқаро авиациясини ривожлантириш, юртимизнинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаши ҳамда нуфузини янада оширишга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшишига ишончимиз комил.

 

Валерий ТЯН, 

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати аъзоси, 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» 

МАК бош директори. 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn