Ёшлар билан учрашувлар
  • 22 Июль 2016

Ёшлар билан учрашувлар

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида Президентимиз қарорига мувофиқ, энг улуғ, энг азиз айём — юртимиз мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида юқори савияда ўтказилаётган тадбирлар одамлар билан дилдан суҳбатлашиш, дориламон кунлар қадрини чуқур англаб етиш, ҳар бир инсон қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда айни муддао бўлаётир.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида “Мустақиллик ҳуқуқ ва эркинлигимиз, фаровон ҳаётимиз кафолати” мавзуида Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятларида ташкил қилинган учрашувларда истиқлол имкониятлари, обод юрт манзаралари, ёш авлод вакилларига яратилган шарт-шароитлар мазмун-моҳияти хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Маълумки, бугун мамлакатимизда ёшларни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, уларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилаяпти, давр талабига жавоб берадиган таълим муассасалари ва спорт иншоотлари бунёд этилиб, фарзандларимиз камолоти йўлида хизмат қилмоқда. Бунинг самарасида йигит-қизларимиз халқаро фан олимпиадалари, мусиқа ҳамда санъат фестиваллари, спорт мусобақаларида улкан натижаларни қўлга киритаётгани диққатга сазовор.

Айни чоғда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мус-тақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳам эртанги кунимизнинг таянчи ҳамда суянчи бўлмиш ёш авлоднинг янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ҳамда келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилгани аҳамиятлидир.

Депутатларнинг водий вилоятлари ёшлари билан мулоқотлари чоғида мазкур қарорнинг аҳамияти, ўтган 25 йил давомида юртимизда барча соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва улар эришаётган ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Эътироф этилганидек, навқирон авлод эришаётган оламшумул муваффақиятларда, энг аввало, улар учун яратилаётган кенг имконият ҳамда шарт-шароит, қолаверса, халқимизнинг юксак илмий-интеллектуал салоҳияти, маънавий жасорати ва тафаккури мужассам. Айниқса, истиқлол ёшларимизга аждодларга муносиб авлод бўлиб вояга етиш масъулиятини англатгани ҳамда дунёдаги тенгқурлари билан бўйлашишга, иқтидорини тўла намоён қилишга имкон бергани учун ҳам қадрли экани, бу фарзандларимизни биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли этиб тарбиялаш борасидаги мақсад-муддаомизнинг рўёбига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашувларда навқирон авлод вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бефарқ эмасликларини қатъият билан ифодалашди. Шунингдек, Президентимизнинг 9 май — Хотира ва Қадрлаш кунида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан бўлиб ўтган суҳбатда ёшларга қарата айтган сўзлари уларни янада руҳлантиргани, ўзларига бўлган ишончни мустаҳкамлаганини алоҳида айтиб ўтишди.

Депутатлар баркамол авлодни тарбиялашда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда бошқа бир қатор меъёрий ҳужжатлар ҳам муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, истиқлол йилларида юртимиз бўйлаб 300 га яқин мусиқа ва санъат мактаблари, 1 минг 900 дан зиёд спорт иншоотлари бунёд этилгани, сўнгги ўн йилда болалар ҳамда ўсмирлар ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланиш даражаси 30 фоиздан 57 фоизга, қизлар ўртасида 24 фоиздан 47 фоизга етгани “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган ҳаётий ҳақиқатнинг амалий ифодаси экани эътироф этилди.

Умуман айтганда, жойларда ёшлар билан ўтказилган учрашув ва мулоқотлар йигит-қизларимизни мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйини муносиб кутиб олишга, “Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши учун мен нима қилдим?!”деган юксак масъулият билан яшашга ундамоқда.

 

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn