Йўлдаги аччиқ қисмат
  • 22 Июль 2016

Йўлдаги аччиқ қисмат

Абдумалик ва Ҳалимахон биринчи фарзандига туғилмасданоқ исм танлаб қўйганди. Уларнинг келишувига кўра, чақалоқ ўғил бўлса, Сардорбек, қиз туғилса, Барчиной деб аталиши лозим эди. Афсуски, ота-онанинг нияти амалга ошмади. Боланинг оти Ёдгорбек бўлди.

Бунга эса ўша, ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йилларидаги ночор тиббий хизмат ва ортиқча расмиятчилик сабаб бўлганини биз, ёши бир жойга борган кишилар жуда яхши биламиз.

Келинг, шуни батафсил сўзлаб берай. Шаҳарда яшайдиган Абдумалик турмуш ўртоғи билан қишлоққа ота-онасиникига, меҳнат таътилини ўтказишга келади. Рафиқасининг кўзи ёриш муддати яқинлашгани боис, унинг катталар назоратида бўлишини истайди. Энди унинг ота-онасиникида туғуруққа тайёргарлик нимадан бошланганини айтсам, ҳозирги авлоднинг ажабланиши тайин.

— Тезда 20-30 литр бензин топиб қўйиш керак, — дейди туғилажак боланинг бобоси. — Мен Шодиқулникига чиқай, машинаси созми, носозми, билиб келаман.

Шодиқул дегани қишлоқдаги машинаси бор саноқли кишилардан бири. Кимдир шошилинч бирор жойга бориши ёки касал бўлиб қолса, уларнинг корига шу киши ярарди. Лекин бунинг учун, албатта, ёнилғи сақлаб қўйиш керак бўларди. Шундай қилиб, Ҳалимахонда “дард тутиш” аломати пайдо бўлган куни Шодиқулга тезда хабар берилади. Шаҳар туғуруқхонасида уларни катта муаммо кутиб турганди. Шифохона эшигини очган ҳамшира ўша вақтдаги ўзаро умумий мулоқот тилида “Бу аёл бизнинг ҳудудимизда яшамайди, шу боис қабул қила олмаймиз”, деб 

ортга қайтариб юборади. Шодиқул машинасини қарама-қарши томондаги туман марказий шифохонаси томон елдиради. У ерда эса “Туғуруқхона ишламаяпти”, деган жавобни эшитади. Ноилож, бошқа, бундан-да узоқ жойга бораётганда эса, машина ичидан чақалоқнинг йиғиси эшитилади. Аммо Ҳалимахоннинг аҳволи оғирлашиб қолган, шу боис бу “инга-инга” овозидан қувонадиган пайт эмас эди. Охир-оқибат, кўп қон йўқотган келин йўлдаёқ жон таслим қилади. Боланинг исми Ёдгорбек бўлишининг сабаби шунда.

Набираларим “Бобо! Нега авваллари Турсунбой, Ўлмасбой, Турғун, Умрзоқ деган исмлар кўп қўйилган?” деб сўраб қолганда, мана шу маҳзун ҳикояни гапириб бераман. 

Ҳозир Ҳалимахоннинг фарзанди ва набиралари бугунги дориламон замон имкониятларидан тўлиқ баҳраманд бўлишмоқда. Айтгандек, улар орасида Сардорбек ва Барчиной исмлилари ҳам бор. Уларнинг иккиси ҳам келгусида шифокор бўлишни орзу қилишган. Улар таълим олаётган мактаб ва лицейдаги болаларнинг исмлари эса бири-биридан чиройли: Озодбек, Жавоҳир, Азиза, Бахтиёр, Севинч... Қарангки, таққосланса, инсон исмидан ҳам замон нафаси келиб турар экан.

Ҳусан СУЛАЙМОНОВ,

меҳнат фахрийси.

Сирдарё вилояти

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn