Юрт шаънини улуғлаш — олий саодат
  • 22 Июль 2016

Юрт шаънини улуғлаш — олий саодат

Пойтахтимизда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўладиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев юртимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёш авлодни жисмонан етук, маънан соғлом, миллий ҳамда умум-инсоний қадриятлар руҳида вояга етказиш, Ватанимизнинг халқаро майдондаги обрўсини янада юксалтиришнинг муҳим омилларидан бири сифатида спортни оммалаштиришга давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётганини, бундай ғамхўрлик юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Ўз навбатида, ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган спортчиларимизга муваффақият тилади.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида юртимизда жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантиришга улкан саъй-ҳаракатлар сафарбар қилинаяпти. Пировардида шаҳару қишлоқларимизда кўркам спорт мажмуалари, сузиш ҳавзалари, стадионлар, теннис кортлари қурилиб, фойдаланишга топширилаётир. Уларнинг моддий-техника базаси тобора мустаҳкамланиб, малакали кадрлар билан таъминланмоқда. Спортга меҳр қўйган ёшларимиз сафи эса кун сайин кенгайиб бораяпти. Юртбошимизнинг ташаббуси билан 2002 йилда Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилгани бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. 

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Фарзандларимиз, ёш авлодимизни -болалигидан бошлаб спорт билан ошно қилиш, уларнинг қалбида спортга ҳавас ва меҳр -уйғотиш, уларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашни мазкур -Жамғарманинг асосий вазифаси сифатида тасдиқлаб олганимиз ҳаммамизга яхши маълум.

Фарзандларимизни болаликдан — асосан, мактаб ёшидан бошлаб спортни ўзининг ҳаётдаги доимий ҳамроҳи деб билиши, улар умрбод спорт билан дўст бўлиб қолишини, бунинг учун барча шароит ва имкониятларни барпо этишни ўзимизга мақсад қилиб қўйган эдик”.

Навқирон авлод вакиллари орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаб, халқаро беллашувларга тайёрлашда эса уч босқичли узлуксиз тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ҳамда Универсиада спорт ўйинларининг ҳам аҳамияти беқиёс. Мазкур мусобақалар, том маънода, “Кичик Олимпиада” мақомини олди.

Шуларга мос равишда мустақилликнинг илк йилларидаёқ, яъни 1992 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган спорт турларини ривожлантириш, истеъдодларни аниқлаш, уларни тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида муносиб қатнашишини таъминлашга яқиндан кўмаклашаяпти.

Бинобарин, истиқлол йилларида, тарихан қисқа даврда юртимиз спортчилари беш бор ёзги ва олти маротаба қишки Олимпиада ўйинларида иштирок этиб, 6 та олтин, 5 та кумуш, 10 та бронза медалга сазовор бўлди.

— Яна саноқли кунлардан сўнг навбатдаги ёзги Олимпия ўйинлари бошланади, — дейди бокс бўйича терма жамоамиз аъзоси, делегациямиз байроқдори Баҳодир Жалолов. — Унга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш учун биз, спортчиларга барча шарт-шароит яратиб берилди. Қатор ўқув-машғулот йиғинлари ўтказилди, турли халқаро мусобақаларда қатнашдик, тажриба тўпладик. Баҳсларда “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиорни юрагимизга жо қилиб, иштирок этамиз. Бу бизга қўшимча куч ҳамда шижоат бағишлайди.

Таъкидлаш ўринлики, Президентимизнинг 2013 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори  ижроси доирасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузурида Ўзбекистон олимпиадачиларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. Мазкур жамғарма маблағлари спорт федерациялари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилаяпти. Спортчи ва мураббийларни доимий рағбатлантириб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси фойдаланишга топширилгани, спортчиларимизни тиббий-биологик хизмат ҳамда спорт психологияси билан таъминлаш бўйича ихтисослаштирилган марказ ташкил этилгани ҳам диққатга сазовор.

Юртбошимизнинг шу йил 12 июлдаги Ўзбекистон Республикаси спортчиларининг 2016 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтадиган XXXI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлиги ҳамда иштироки тўғрисидаги қарори вакилларимизнинг ушбу мусобақаларда муносиб қатнашишини таъминлашга хизмат қилади. Мазкур спорт беллашувларида 100 га яқин спортчимиз академик эшкак эшиш, бадиий гимнастика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бокс, дзюдо, енгил атлетика, оғир атлетика, спорт гимнастикаси, стол тенниси, сузиш, таэквондо (WTF), теннис, трамполин, ўқ отиш, эркин ҳамда юнон-рум кураши каби қатор спорт турлари бўйича ғолиблик учун кураш олиб боради. Бу аввалги Олимпия ва Паралимпия ўйинларидаги қатнашчилар сонидан сезиларли даражада кўп.

Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Сирожиддин Саййид Ўзбекистон спорт делегациясига бўлажак мусобақаларда омад ёр бўлишини тилаб, янги шеърини ўқиб берди.

Санъаткорлар иштирокида концерт намойиш этилди.

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида қатнашадиган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари Мустақиллик майдонида бўлиб, порлоқ истиқболимиз ҳамда пок ниятларимиз рамзи — Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйдилар.

— Биласизми, мана шу муаззам майдонга қадам қўйганимизда, ажиб бир ҳаяжонни ҳис қиламиз, — дейди таэквондо (WTF) бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Нигора Турсунқулова. — Бу табаррук гўшанинг гўзаллиги, файзу таровати бошқача. Бугунги тадбир ҳам шунчаки расмий маросим эмас, балки барчамизни янги марралар сари руҳлантирувчи, қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишловчи анъанадир. Биз, спортчилар, албатта, ўзимизга билдирилган ишончни оқлаб, истиқлолимизнинг 25 йиллигига муносиб туҳфа ҳозирлаймиз.

Спорт делегацияси аъзолари, шунингдек, пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбони ҳамда Алишер Навоий номидаги Миллий боғни ҳам зиёрат қилиб, Амир Темур ва Алишер Навоий ҳайкаллари пойига гул қўйдилар.

Ўзбекистон спорт делегациясини кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси Н. Йўлдошев, Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов иштирок этди.

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn