Солиқ имтиёзлари ва преференциялари
  • 22 Июль 2016

Солиқ имтиёзлари ва преференциялари

кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ривожида рағбатлантирувчи омил бўлмоқда

Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам — мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигини кенг тантана қилишга катта тайёргарлик кўраётган айни кунларда ортга бир назар ташлаб, босиб ўтилган йўлимизни сарҳисоб этадиган бўлсак, эришилган натижалардан кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Чунки тарихан жуда қисқа давр ичида Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида иқтисодий ҳамда маънавий қудрати юксак давлат сифатида тан олиниб, жадал ривожланаётган мамлакатлар сафидан мустаҳкам жой эгаллади.

Албатта, юртимизнинг шитоб билан тараққий топиб бораётганига гувоҳ бўлаётганлар бундан 25 йил муқаддам у иқтисодий жиҳатдан қолоқ давлат бўлганига ишониши қийин. Истиқлол йилларида тараққиётнинг ўзимизга хос ва мос йўли — “ўзбек модели” асосида олиб борилган оқилона ислоҳотлар ана шундай улкан ўзгаришларга мустаҳкам пойдевор бўлди. Бу жараёнда, айниқса, бозор иқтисодиётининг ўзгарувчан талабларига мослашувчан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга эътибор кучайтирилиб, миллий қонунчилигимизда унинг устуворлиги таъминлангани муҳим аҳамият касб этди. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мустақил ривожланишнинг бутун даври мобайнида иқтисодиётимиз келажагини таъминлайдиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит, имтиёз ва преференциялар яратиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш энг муҳим устувор йўналиш ҳисобланади.

Ана шу ҳаётий тамойиллар асосида олиб борилган кенг кўламли ишлар туфайли халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган тадбиркорлик фазилати нафақат қайта тикланди, балки янгича маъно-мазмун билан бойиб, республикамиз иқтисодий-ижтимоий тараққиётини янада юксак босқичга кўтаришга хизмат қилаётган асосий кучга айланди. 

Чиндан ҳам, ички бозорни рақобатдош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринлари яратиш, шу асосда аҳоли даромадларини кўпайтириш ҳамда фаровонлигини оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тобора муҳим роль ўйнамоқда. Соҳа вакилларига қўшимча имтиёз ҳамда преференциялар, хусусан, солиқ имтиёзлари берилаётгани муваффақиятларни янада мустаҳкамлаётир. 

Юртимизда олиб борилаётган иқтисодий сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири, шубҳасиз, бу — солиқ сиёсатини янада либераллаштириш, солиққа тортиш тартибини соддалаштириш, солиқ юкини пасайтириш, хўжалик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишига чек қўйиш бўйича чоралар мажмуини амалга ошириш ҳисобланади. Шу маънода, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланишида солиқ юки босқичма-босқич пасайтирилаётгани муҳим омил бўлаётир. Мисол учун, ҳозирги пайтда кўплаб мамлакатларда корхона ҳамда муассасалар фойдасидан олинадиган солиқ ставкаси ўртача 12,5 — 39,5 фоизни ташкил этаётган бир пайтда, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 1995 — 2016 йиллар мобайнида 38 фоиздан 7,5 фоизга туширилганлиги эътиборга молик жиҳатдир.

Солиқ ставкасининг бундай сезиларли даражада пасайтирилиши хўжалик субъектлари учун ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, айланма маблағларни кўпайтириш, маҳсулот тайёрлаш ва хизматлар экспортини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратишда молиявий мадад бўлмоқда. Бундан ташқари, у солиққа тортиш базасини кенгайтириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ҳамда даромадларни яшириш даражасини камайтириш, йиғилаётган солиқларнинг тўлиқлигини таъминлаш имконини бераяпти.

Солиқларнинг рағбатлантирувчи ролини ошириш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар, айтиш жоизки, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилаётир. Натижада 2010 — 2015 йилларда рўйхатга олинган кичик бизнес субъектлари (фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари) сони 193 800 тадан 225 998 тага етказилиб, соҳанинг  мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 1,8 баробар ошди.

Кичик бизнес ривожида солиқ юки енгиллаштирилаётгани муҳим омиллардан бири эканлиги инобатга олинган ҳолда, бу йўналишдаги  ислоҳотлар тобора кенг кўлам касб этмоқда. Хусусан, сўнгги 5 йил ичида микрофирма ҳамда кичик корхоналар томонидан тўланаётган ягона солиқ ставкаси 7 фоиздан 

5 фоизга пасайтирилди. Шунингдек, 2016 йилдан эътиборан, иқтисодиёт тармоқларида хизмат кўрсатувчи корхоналарда ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга -туширилди.

Шу билан бирга, ягона солиқ тўлови ставкасининг жорий қилингани, Инқирозга қарши чоралар дастури асосида яна бир қатор имтиёз ва преференциялар қўлланила бошлангани кичик бизнес равнақида янги саҳифалар очмоқда. 

Унга кўра, жисмоний шахсларнинг микрофирма ҳамда кичик корхоналарни таъсис этишдан оладиган дивиденд кўринишидаги даромадлари, юридик шахсларнинг капиталлашувга, инвестицияларга, илгари олинган кредитлар бўйича ҳисоб-китоб қилишга йўналтирилган маблағлари беш йил давомида солиқдан озод қилинди. Шунингдек, 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб, гўшт ва сутни қайта ишлашга ихтисослаштирилган микрофирма ҳамда кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси, солиққа тортишдан озод этилган маблағлар корхоналарни асосий фаолияти бўйича техник қайта ишлаш ва модернизациялашга йўналтириладиган бўлса, 50 фоиз пасайтирилди.

Президентимизнинг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, енгил саноат каби кўп меҳнат талаб қиладиган айрим тармоқларда  фаолият юритадиган кичик корхоналар учун ходимларнинг чекланган ўртача йиллик сони 100 тадан 200 тагача оширилиши белгилаб қўйилгани тизимдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.  

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса кичик бизнес ривожида сифат жиҳатидан янги даврни бошлаб берди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Сабаби, ушбу ҳужжат хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ҳамда ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ҳамда рағбатлар яратишга қаратилгандир.

Буни Фармон асосида тўртта етакчи йўналиш бўйича амалга ошириладиган ўттиз учта аниқ чора-тадбирни кўзда тутувчи комплекс Дастур тасдиқланганлиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Унда бизнес фаолиятини йўлга қўйиш тартиб-таомилини янада соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб, микрофирмалар, кичик корхоналар ҳамда фермер хўжаликлари фаолиятига оид барча текширув режали тартибда назорат органлари томонидан тўрт йилда бир мартадан, бошқа хўжалик субъектларида эса фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарорига асосан, уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган тартибда амалга ошириладиган бўлди. Молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ўтказиш муддати эса 

10 календарь кунидан ошмаслиги, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар фақат сўнгги текширувдан кейинги даврни қамраб олиши керак. Агар шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин -товлаш) биринчи марта содир этган, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун ичида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа турдаги молиявий санкцияларни тўлаган бўлса, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилмайди ҳамда у жавобгарликдан озод қилинади.

Бундан ташқари, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорларга фаолиятидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига энг кам ойлик иш ҳақининг 

50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва якка тартибдаги иш берувчи тадбиркор учун белгиланган солиқ ставкасининг 30 фоизи миқдорида солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчини ёллаш ҳуқуқи берилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган тақдирда эса, ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилди.

Республикамизда кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, шунингдек, солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш борасидаги бундай кенг кўламли ишлар келгусида соҳанинг янада жадал ҳамда барқарор ривожланишини таъминлаш билан бирга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади. Бу эса мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларнинг бош мақсадидир.

Ҳамиджон ҲАБИБИДИНОВ, 

Давлат солиқ қўмитасининг юридик шахсларга 

солиқ солиш бош бошқармаси бошлиғи.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn