Аҳоли фаровонлигини юксалтириш — устувор мақсад
  • 21 Июль 2016

Аҳоли фаровонлигини юксалтириш — устувор мақсад

Ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда эришаётган ютуқларимиз кўлами йил сайин кенгайиб, кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратини оширмоқда. Бугун юртимизнинг қайси гўшасига борманг, янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Ҳар бир шаҳар, туман, қишлоқ ҳамда маҳалла тобора чирой очаяпти.

Мамлакатимиз мустақиллик йилларида иқтисодиёти бир ёқлама шаклланган, асосан, хом ашё етказиб беришга мослашган қолоқ республикадан барча соҳа жадал суръатлар билан ўсиб бораётган, тобора тараққий топаётган давлатга айланди. Буни халқимиз ўз турмушида кўриб-билиб турибди.

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида депутатлар ва сенаторлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўзлаган нутқида  “Мамлакатимиз мустақил тараққиёт йўлига қадам қўйган дастлабки йилларда бизга ҳеч ким четдан келиб ёрдам бергани йўқ. Агар 25 йил олдинги тарихга назар ташлайдиган бўлсак, юртимиз қандай оғир аҳволга тушиб қолгани яққол аён бўлади. Бизга эски мустабид тузумдан бир ёқлама ривожланган, пахта монополияси авж олган, асосан, хом ашё етказиб беришга мослашган заиф ва ночор иқтисодиёт мерос бўлиб қолган эди”, дея чуқур мулоҳазали фикрни билдириб ўтди.

Дарҳақиқат, ортга назар ташласак, мустақил тараққиёт йилларида юртимиз иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган  даромадлар эса 12 баробар кўпайди. Бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ, албатта. Жаҳонда “ўзбек модели” деб эътироф қилинаётган тараққиёт йўли, узоқ истиқболни кўзда тутувчи машҳур беш тамойилнинг ҳаётга татбиқ этилиши бугунги барча амалий саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам пойдевори, тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Бунда, энг аввало, аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш вазифалари белгиланди.

Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш чоралари кўрилди. Натижада ҳар йили юз минглаб янги иш ўринлари ташкил этилмоқда, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори муттасил ошириб борилмоқда. Пировардида давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бозор механизмини жорий этишдан аввал одамларни ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоялаш бўйича кучли эҳтиёт чоралари кўриб қўйилиши объектив зарурат эканлиги ҳаётда ўз исботини топди. Буни халқимиз кечаги кундек  яхши эслайди. 

Бу жараёнда ижтимоий ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаб бориш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари эса парламентнинг, хусусан, Қонунчилик палатасининг доимий диққат эътиборидаги масалалардан биридир. Бу борада тегишли қўмитанинг фаолият олиб бориши ҳам соҳага нақадар юксак эътибор қаратилаётганидан далолатдир.    

Олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг яна бир эътиборли жиҳати, аҳоли даромадлари муттасил ошиб бориши эвазига ҳамюртларимизнинг харид ва истеъмол қобилияти ортаётгани, мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми ўсаётганидир. Буни Жаҳон банки томонидан эълон қилинган иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича мамлакатларнинг янги рейтинги ҳам тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий валюта харид қобилиятига асосан ҳисоблаб чиқилган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича бир неча поғона юқорилаб, дунёнинг 200 га яқин давлати орасида 66-ўринни эгаллади. Энг муҳими, мазкур ижобий тенденция яқин йилларда сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда. Шу ўринда ҳар бир инсонда беихтиёр “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган мушоҳада туғилади.  

Эътироф этиш керак, бугун шаҳарларимизга кўрк бераётган замонавий иншоотлар, намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган тураржойлар, дам олиш масканлари, истироҳат боғлари, равон йўллар юртимизда барча эзгу ишлар, аввало, инсон, унинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётганидан дарак беради. Энг муҳими, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган бундай саъй-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизда тинчлик-хотиржамлик барқарор, одамлар руҳиятида кўтаринки кайфият ҳукмрон. 

Биз халқ вакили сифатида сайловчилар билан бўлиб ўтаётган мулоқотларда одамларимиз бугунги кунидан мамнун эканлигини, шукроналик руҳи билан бахтли ҳаёт кечираётганликларининг гувоҳи бўламиз. Тинчлик, хотиржамлик бебаҳо неъмат эканлигининг ҳаётий, тарих ҳақиқатларини одамларимиз кечани бугун билан таққослаб кўради, табиийки, бу кунлар халқимизнинг кўп йиллик орзу умидларининг айни рўёбидир. Бинобарин, юртимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун. Унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ҳамда бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонун ҳимоясида. Буни халқимиз теран англайди, қонунлар бу бизнинг бугунимиз ва эртанги кунимиз тақдирини ҳал қилишини одамлар онгу шуурида кўриш мумкин. Сайловчиларимизда бугун дахлдорлик ҳисси кучайган. Бу туйғу мустақиллик байрами арафасида янада кўтаринкилик бахш этмоқда.

Қисқача айтганда, юртимизда барча ислоҳотлар инсонни улуғлашга, унинг қадр-қимматини оширишга, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилди. Айниқса, ижтимоий соҳанинг асосий йўналишларидан бири бўлган ёш авлод таълим-тарбияси, маънавий камолоти билан боғлиқ ислоҳотлар кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Бу саъй-ҳаракатларнинг асл мақсади ёш авлодга жаҳон талаблари даражасида замонавий таълим-тарбия бериш, касб-ҳунар ўргатиш, интерфаол ўқитиш услубларини жорий этиш, янги илм даргоҳлари фаолиятини йўлга қўйиш каби устувор вазифалардан иборат.

Ватанимизда нафақат шаҳарларнинг, балки қишлоқ ҳудудларининг ҳам қиёфасини кўркамлаштириш, инфратузилмасини такомиллаштириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитини яхшилаш, одамларнинг гўзал ҳамда саодатли ҳаёт кечириши учун қулайлик яратиш борасидаги ишларга улкан эътибор қаратилмоқда. Қисқа фурсатда барча вилоятда минглаб замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилгани таҳсинга сазовор. Айниқса, замонавий ва миллий меъморчилик анъаналарини ўзида мужассам этган кўркам турар жойлар бунёд этилган массивларда муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан бирга, мактаб, қишлоқ врачлик пункти, савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, дорихона, гузар, бекат ва минибанк каби ижтимоий соҳа объектлари ҳам қурилиб, уларда аҳолига хизмат кўрсатилаётгани аҳамиятлидир. 

Умуман, амалга оширилаётган бундай халқ фаровонлиги йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларда, аввало, одамларимизнинг онгу тафаккурида рўй бераётган туб ўзгаришлар, уларнинг ён-атрофдаги воқеаларга муносабати, дахлдорлик ҳисси, сиёсий фаоллиги ва фуқаролик позицияси тобора ўсиб бораётгани эътиборга моликдир.

Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА, 

Ўзбекистон Републикаси

Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn