Тараққиётимизнинг мустаҳкам таянчи
  • 21 Июль 2016

Тараққиётимизнинг мустаҳкам таянчи

Юртимизда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ўзгартириш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал равнақ топмоқда. Мазкур соҳа вакиллари томонидан тайёрланаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам тобора харидоргир бўлиб бораётгани бунинг тасдиғидир.

Бундан уч йил аввал Наманган туманида фаолият бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Aisha home textile” қўшма корхонаси — ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйиб олган илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири. -Дастлаб бу ерга саккизта тўқув дастгоҳи ўрнатилиб, 34 нафар маҳаллий мутахассис томонидан момиқ сочиқлар тайёрланган бўлса, орадан кўп ўтмай, хориждан яна 8 та замонавий ускуна келтирилди. Шу тариқа виллур сочиқ тўқиш имконияти юзага келди. Гарчи, ишлаб чиқариш ҳажми ортган бўлса-да, асосий хом ашё — бўялган ип таъминоти муаммолигича қолди. “Бу вазифани ҳам ўзимиз уддалашимиз зарур”, деган хулосага келишди мутасаддилар.

Ниҳоят ўтган йилнинг бошида технологияни такомиллаштириш юзасидан навбатдаги лойиҳа ижросига киришилди. 2 миллион 430 минг евро миқдорида модернизациялаш тадбирлари амалга оширилиб, чет элдан сўнгги русумдаги дастгоҳлар харид қилинди. Натижада бир йўла тўртта технологик жараёнга ихтисослаштирилган цех ишга туширилиб, матони ювиш, бўёқдан чиқариш ва пардозлаш юмушлари шу жойнинг ўзида уддалана бошланди. Айни пайтда жамиятда йигирма ўлчамда 80 дан ортиқ турдаги  момиқ сочиқлар тайёрланаётир.

Кичик бизнесда ишлаб чиқаришнинг мослашувчанлиги туфайли харидор талаби, бозор эҳтиёжлари билан баравар қадам ташлаш мумкин. Жумладан, “Aisha home textile”даги технологик янгиланиш самараси ҳам тезда кўзга ташланди. Энг аввало, унумдорлик ортди. Масалан, 2013 йилда 2,5 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич уч баравар кўпайиб, 7,7 миллиард сўмликни ташкил этди. Жамоа сафи кенгайиб, яқин атрофдаги маҳаллалардан янги ишчилар қабул қилинди. Ҳозир бу ерда 175 киши меҳнат қилаяпти. Уларнинг 42 нафари касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир.

Эътиборли жиҳати шундаки, корхона маҳсулотларининг асосий қисми ташқи бозорга чиқарилаётир. Хусусан, Наманган момиқ сочиқларига Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон ишбилармон доиралари томонидан катта қизиқиш билдирилмоқда. Буни, жумладан, ўтган йил якунларига кўра, хорижлик буюртмачилар билан 1 миллион 350 минг АҚШ долларилик экспорт амалиёти бажарилганида кўриш мумкин.

Истеъмол бозорига рақобатдош маҳсулоти билан кириб келган кичик бизнес субъектларидан яна бири “Учқўрғон кристалл” масъулияти чекланган жамиятидир. Бу ерда замин қаъридан бир ярим минг метр чуқурликдан тортиб олинаётган сув қайта ишланиб, турли ҳажмдаги полиэтилен идишларга қадоқланмоқда. Фойдали микроэлементларга бой ушбу маъданли сув чанқоқни босибгина қолмай,  инсон саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Корхона кейинги уч ойнинг ўзида истеъмол бозорига 140 миллион сўмликдан зиёд маҳсулот чиқарди.

Айтиш керакки, вилоятда ўз фаолиятини изчил йўлга қўйиб, истеъмол бозорида муносиб ўрин эгаллаган бундай корхоналар жуда кўп. Чунончи, “Истиқлол”, “Ифтихор кийим саноат”, “Фахр текстиль”, “Люкс плюс сервис” масъулияти чекланган жамиятларида тикилаётган костюм-шим ва бошқа устки кийимлар, “Махсус металл саноат”нинг юқори босимли газ баллонлари, “Технолог ГР”нинг мебель фурнитуралари, “Элемент паинт” лок-бўёқлари хорижнинг шу турдаги маҳсулотларидан асло қолишмайди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожи йўлида яратилган мустаҳкам инфратузилма, қулай ишбилармонлик муҳити ўсиш суръатларига қанот бағишламоқда. Чунончи, бундан ўн беш йил аввал вилоятда ишлаб чиқарилган саноат товарларининг 12,8 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келган бўлса, 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 61,9 фоизга етди ёки улар ишлаб чиқарган товарлар миқдори 1 триллион 662 миллиард сўмликдан ортди. Тизимдаги корхоналарнинг ташқи савдодаги иштироки ҳам кенгайиб бораётир. Жумладан, 2000 йилда улар томонидан 10,8 миллион АҚШ долларига тенг амалиётлар бажарилган эди. Ўтган йил натижалари бўйича бу миқдор 139,5 миллион АҚШ долларидан иборат бўлди. Бу билан соҳанинг жами экспортдаги улуши 84,4 фоизга етди.

— Умуман олганда, айни кунда ҳудудимизда рўйхатдан ўтиб ишлаётган 15,7 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг бозорни истеъмол моллари билан тўлдириш, янги техника ҳамда технологияларни жалб этиш, қўшимча иш ўринлари яратишдаги иштироки анча салмоқли, — дейди вилоят ҳокимлиги худудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бош мутахассиси Жаҳонгир Аҳмедов. — Хусусан, бу кўрсаткич жорий йил бошига келиб ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришда 80,2 фоизни ташкил этгани кичик корхоналар, микрофирмалар ва хусусий тадбиркорлик бошқа тузилмаларининг салоҳияти ортаётганидан далолат беради. 

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn