Долзарб экологик масалаларга бағишланди
  • 21 Июль 2016

Долзарб экологик масалаларга бағишланди

Урганчда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Салбий экологик оқибатларнинг олдини олиш мақсадида давлат экологик экспертизасидан ўтказиш” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилишга доир қонунчилигига мувофиқ, мўлжалланаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятни амалга оширишдан олдин бундай фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш мажбурийлиги, давлат экологик экспертизасини ўтказиш тартиб-қоидалари, унинг объектлари ва турлари каби масалалар ҳақида тўлиқ тушунчалар берилди. 

Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда республикамизда аҳоли сони ўсиши, қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг жадал ривожи, автотранспорт воситалари кўпайиши атроф-муҳитга сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Буларнинг оқибатларини камайтириш учун эса табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни қайта тиклаш бўйича ҳар томонлама пухта ўрганилган тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. 

Давра суҳбатида қайд этилганидек, инсон саломатлигига таъсир этувчи омилларнинг 20 — 25 фоизи атроф-муҳит билан боғлиқ. Масалан,  атмосфера ҳавоси ва сув объектларининг ифлосланиши, тупроқ деградацияси, зарарланган муҳитда етиштирилаётган ёхуд ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ҳамда бошқа омиллар соғлиғимизга путур етказмай қўймайди. Шу боис экологик  хавфсизликни  таъминловчи комплекс чораларни қабул қилиш йўли билан атроф табиий муҳитга кўрсатилаётган антропоген таъсирни имкон қадар камайтириш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун белгиланган экологик меъёрларга риоя этилишига эришиш талаб қилинади. 

“Табиатни муҳофаза  қилиш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида давлат экологик экспертизасини ўтказиш мажбурийлиги, унинг объектлари белгиланиб, экологик экспертизанинг ижобий хулосасисиз режалаштирилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиши тақиқланган. Шунингдек, давлат экологик экспертизасидан ўтказиладиган объектлар ҳамда фаолият турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 31 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида давлат экологик экспертизаси тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида белгилаб берилган. Бинобарин, Ҳукуматимизнинг 2014 йил 21 январдаги “Экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан табиатдан фойдаланувчилар томонидан ишлаб чиқиладиган атроф-муҳитни ифлослантирувчи моддалар ташламалари, оқовалари атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг экологик нормативлари лойиҳалари экологик экспертиза объектлари ҳисобланади. Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш, атроф-муҳитга оқилона ёндашув, энг аввало, халқимиз, қолаверса, корхоналар ҳамда бошқа хўжалик юритувчи субъектлар манфаатларига хизмат қилади.

Шу маънода давра суҳбати тадбиркорлар учун ҳам жуда фойдали бўлди. Чунки экологик жиҳатдан асосланган ҳар қандай фаолият ортиқча сарф-харажатлар тежалиши ва экологик оқибатларнинг олди олинишини кафолатлайди.

Бундай тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда. 

Ойбек РАҲИМОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn