Истеъдодлар кашф этилди
  • 21 Июль 2016

Истеъдодлар кашф этилди

Асака тумани маданият ва истироҳат боғида аскиячи ҳамда миниатюра театрларининг мамлакат кўрик-танлови бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида уюштирилган мазкур ижодий беллашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 18 жамоа ўзаро беллашди.

Улар аскиянинг баҳрибайт, сўз ўйини, қочирим, ҳазил-мутойиба, муболаға, пайров сингари жанрларидан фойдаланган ҳолда, маҳоратларини намойиш қилдилар. 

Маълумки, аския санъати қадимдан эъзозлаб келинади. Унда халқимизнинг сўзни фасоҳат ҳамда назокат билан акс эттириш санъати ифодаланади. Ушбу ноёб жанр ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

— Мазкур тадбир асносида янги истеъдод соҳиблари кашф қилинди, — дейди Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази Андижон вилояти бўлими раҳбари Дилмуроджон Сатторов. — Қолаверса, ушбу танловнинг ўтказилиши аҳоли, айниқса, ёшларни номоддий меросимизга, миллий қадриятлару анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга. 

Танлов якунида Асака туманининг ёш аскиячилар гуруҳи биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Фарғона, учинчи ўрин эса Бухоро ҳамда Наманган вилоятлари жамоаларига насиб этди.

Миниатюра театри санъати йўналишида эса Сурхондарёнинг “Қўштирноқ” жамоаси муваффақият қозонди. Андижон вилоятининг “Бешбармоқ” жамоаси иккинчи, Вобкент тумани халқ театри жамоаси учинчи ўринни  қўлга киритди. 

ўолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди. 

Дилфуза ҚАРШИБОЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn