Фуқаролик жамияти институтлари — тараққиётнинг муҳим омили
  • 20 Июль 2016

Фуқаролик жамияти институтлари — тараққиётнинг муҳим омили

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланадиган адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар бугун ҳаётимиздаги улкан янгиланишлар, беқиёс ўзгаришлар, айниқса, юртдошларимизнинг кўтаринки кайфияти, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссида яққол намоён бўлмоқда.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятига оид демократик сиёсий тизимнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда ривожлантириш масалалари, унинг асосий тамойиллари давлатимиз раҳбари томонидан мустақиллигимизнинг илк давридаёқ назарий ва концептуал жиҳатдан ҳар томонлама асослаб берилганини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Бинобарин, 2010 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистоннинг яқин ҳамда узоқ истиқболда ўз олдига қўяётган юксак мақсадларга эришишнинг амалий стратегиясига айланди.

Ҳар томонлама чуқур ўйланган ва тизимли олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда гуманитар соҳалардаги ўзгаришлар фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун мустаҳкам ва ишончли пойдевор яратди.

Айни чоғда фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг салоҳиятларини рўёбга чиқариш, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ҳамда ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашда фаол иштирок этмоқда.

Ўз навбатида, мустақиллик йилларида юртимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик институтларининг, айниқса, ННТнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 250 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам ушбу соҳа ривожига бўлган катта эътиборни ифодалайди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, яратилган ҳуқуқий асослар мамлакатда ННТнинг эркин ва барқарор равнақ топишига олиб келди. 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда 95 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2016 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, уларнинг сони 8417 тани ташкил қилмоқда.

2015 йилда давлат органларининг ННТ билан аҳоли турли қатламларининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш, ҳуқуқларини ҳимоялаш, эркинлиги ҳамда манфаатларини таъминлаш бўйича ижтимоий шерикликнинг институционал механизмлари янада такомиллаштирилди. Доимий фаолият юритувчи идоралараро комиссиялар ва улар фаолиятига жалб этилган ННТ сони изчил ортиб бораётгани эса жойлардаги долзарб масалаларни ҳал қилишда самарали бўлаётир.

Фуқаролик жамияти институтларининг молиявий барқарорлигини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди орқали Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган маблағлар муҳим аҳамият касб этади. Сўнгги 7 йил мобайнида ННТ, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва уларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ҳамда дастурларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджети ҳисобидан жами 52 миллиард сўмга яқин миқдорда маблағ йўналтирилгани эътиборга моликдир.

Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлар ҳар йили давлат субсидияси, давлат ижтимоий буюртмаси ва давлат гранти шаклларида тақсимланади. Муҳими, Жамоат фонди томонидан ўтказилаётган грант танловларидаги ННТнинг сони сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, мазкур Фонд томонидан грант танловлари орқали фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ажратиладиган маблағлари суммаси ҳам ортиб бормоқда. Албатта, бу фуқаролик жамияти институтларининг янада фаоллашувига, ҳудудлардаги долзарб масалаларни ҳал этишда турли давлат органларига муносиб ижтимоий шерик бўлишига замин яратаяпти.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, ННТнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш орқали мамлакатни демократлаштиришдаги иштироки йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Хусусан, 2016 йилда эълон қилинган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурини бажаришда ҳам -фуқаролик жамияти институтлари фаол қатнашмоқда. Олий Мажлис ҳузуридаги -Парламент комиссияси қарори билан танлов асосида ижтимоий шериклик субъектларининг 13 та лойиҳаси давлат ижти-

моий буюртмаси шаклида 2,3 миллиард сўмга қўллаб-қувватланди. Ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, болалар ва ёшларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, узоқ туманлар, чекка ҳамда чегара ҳудудларда яшаётган аҳоли турли қатламлари орасида эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш тўғрисида, соғлом оилани барпо этишда тиббий кўрикнинг аҳамияти борасида кенг тушунтириш ишлари ташкил қилинади.

Мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларда фаол қатнашган жамоат ташкилотлари вакилларининг давлат томонидан рағбатлантирилиб борилаётгани уларнинг ўз фаолиятини янада самарали ташкил этишларида муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, 2010 — 2014 йиллар давомида фуқаролик жамияти институтининг 205 нафар фаоли давлатимизнинг турли мукофотларига муносиб кўрилди.

Жамоат бирлашмалари, турли ННТ бугунги кунга келиб, том маънода, жамият ва давлатимизнинг барқарор тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланди. Улар, аввало, миллий ўзликни англаш, фуқаролик фаолликни кучайтириш ҳамда жамият аъзоларининг юксак маънавиятга эга бўлишлари учун яқиндан кўмаклашмоқда. Шунингдек, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлаш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, мамлакатимизда демократик қадриятларни, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этишга астойдил хизмат қилаётгани ҳам эътиборга молик. Буларнинг барчаси истиқлолимизнинг ҳосиласи ҳамда салмоқли натижаларидандир.

Шуҳрат ЯКУБОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 

Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn