Қулай ишбилармонлик муҳити
  • 20 Июль 2016

Қулай ишбилармонлик муҳити

барқарор иқтисодий юксалишда устувор аҳамият касб этмоқда

Чорак асрлик мустақил тараққиёт йўлимиз тажрибаси шуни кўрсатаяптики, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳаси мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбекистонимизда қулай ишбилармонлик муҳити ҳамда ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилиб, ўрта мулкдорлар синфини шакллантиришга устувор аҳамият қаратилаётганининг боиси ҳам шунда.

Зеро, Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашнинг ишончли таянчи бўлган мулкдорлар синфини, яъни ўрта синфни шакллантиришдаги улкан аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди”.

Дарҳақиқат, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари ўтган қисқа давр ичида миллий иқтисодиётимизнинг ажралмас таркибий қисми сифатида иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, саноат ҳамда хизмат кўрсатиш жабҳаларини тараққий эттириш, қисқаси, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда етакчи кучга айланди. 

2015 йил якунларига кўра, мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 56,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмидаги ҳиссаси 12,9 фоиздан 38,9 фоизга, экспортдаги улуши 10,2 фоиздан 26,9 фоизга, аҳолини иш билан таъминлашдаги ҳиссаси эса 49,7 фоиздан 77,9 фоизга етгани бунинг яққол далилидир.

Юртимизда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, айниқса, бу жараёндаги тартиб-таомиллар тубдан соддалаштирилаётгани туфайли кичик бизнес субъектларининг сони тобора кўпайиб, иқтисодиётнинг барча тармоғида самарали иш олиб бормоқда. Натижада ҳозирги кунда республикамиз аҳолисининг ҳар 1000 нафарига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони ўртача 11,1 тани ташкил этаяпти. Бу МДҲ мамлакатларидаги кўрсаткичдан анча юқоридир. Бошқача айтганда, 2000 — 2015 йиллар давомида юридик шахс мақомига эга ишбилармонлик субъектлари сони қарийб 2,2 баробар ошди.

Айтиш ўринлики, тадбиркорлик ҳаракатининг ривожланиш ҳолати, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш ва уларга қўшимча имкониятлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг янада тўлиқ ёритилиши статистик кузатувлар натижаларининг сифатлилиги ҳамда ишончлилиги орқали таъминланмоқда. Бинобарин, статистик кузатувлар шаклларини ва уларни тақдим этиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш давлат статистика органларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунинг самараси ўлароқ, сўнгги йилларда статистик ҳисоботлар тизими сезиларли даражада соддалаштирилиб, уларни тақдим этиш муддатлари мақбуллаштирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари бу борада муҳим омил бўлаётир. Пировардида статистик ҳисоботларни босқичма-босқич қисқартириш ҳисобига тадбиркорлик субъектлари учун ҳисобот юкламаси сезиларли даражада пасайтирилди. Яъни ҳозирги кунга келиб, статистик ҳисоботлар сони статистик ахборотларнинг тўлиқлиги ҳамда сифатига таъсир кўрсатмаган ҳолда, 2000 йилдагига нисбатан деярли 3 марта қисқартирилди.

Шу билан бирга, идоралараро интеграцияни ривожлантириш ҳисобига статистик кузатувлар тизими янада такомиллаштирилаяпти. Хусусан, 2015 йилдан эътиборан, давлат статистика органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлардан молиявий ҳисоботлар топширилишини талаб этмаган ҳолда, давлат солиқ идоралари билан ташкилотлар молиявий ҳисоботларининг айрим кўрсаткичлари тўғрисида маълумотлар алмашинуви ташкил этилди.

Давлат статистика тизимида тадбиркорлик субъектлари учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида гап кетганда, бизнес фаолиятини энди бошламоқчи бўлганларга тақдим этилаётган енгилликларни алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Гап шундаки, аввалги тартиб бўйича фирма номини захирага қўймоқчи бўлганлар жойлардаги статистика органларига бориб, қоғоз шаклида ариза билан мурожаат қилгач, яна икки иш куни давомида кутишлари лозим эди. 2012 йилнинг 

1 августидан бошлаб, бунга ҳожат қолмади. Аризаларни интернет тармоғи орқали кечаю кундуз жўнатиш, атиги 4 иш соати давомида фирма номининг захирага қўйилганлиги тўғрисида маълумот олиш мумкин. Натижада ушбу тизим жорий этилган даврдан то 2016 йилнинг 1 июль ҳолатига қадар 354 мингдан ортиқ фирмалар номи захирага олинди. 

Бундан ташқари, 2015 йилдан тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай бўлган маълумотлар йиғиш тизими амалиётга татбиқ қилинди. Унга кўра, кичик тадбиркорлик субъектлари давлат статистика ҳисоботларини йилда бир маротаба тақдим этишмоқда. Йирик тадбиркорлик субъектлари учун эса илгари амал қилган 5 та ойлик ҳисобот шакллари бирлаштирилиб, ягона такомиллаштирилган давлат статистика ҳисоботи жорий этилди.

Бугунги кунда кичик бизнес субъектлари фаолияти тўғрисидаги зарур ва тезкор маълумотлар олинишида танланма кузатувлар тизими кенгайтирилгани айни муддао бўлаётир. Унга биноан, кичик корхоналар ҳамда микрофирмалар фаолияти ҳар чоракда тегишли фаолият йўналишлари бўйича ўрганиб борилаяпти. Фермер хўжаликлари фаолияти юзасидан амалга оширилаётган статистик кузатувларда эса нафақат уларнинг асосий фаолияти натижалари, балки хўжаликнинг ишчи-ходимлар билан таъминланганлик даражаси, молиявий-иқтисодий ҳолати, ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар ҳам ўрганилаётгани диққатга сазовор. Чунки олинган мазкур маълумотлар келгусида фермер хўжаликлари фаолиятини янада яхшилашда маҳаллий ва давлат бошқаруви органлари томонидан муҳим қарорлар қабул қилинишида асосий манба бўлиб хизмат қилади. 

Давлат статистика тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётгани, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларига статистик ҳисоботларни тақдим этиш жараёнларини янада енгиллаштираяпти. Бу борада статистик ҳисоботларни интернет орқали электрон тақдим қилиш тизими (eStat 2.0)нинг қўлланила бошланганини алоҳида қайд этиш лозим. Негаки, ушбу тизим орқали барча турдаги давлат статистика ҳисоботларини электрон шаклда кечаю кундуз тақдим этиш имконияти мавжуд. Унинг яна бир афзаллиги шундаки, тадбиркорлик субъектлари статистик ҳисоботларни ўз офисларида электрон шаклда тайёрлашлари ҳамда тақдим этишлари ҳисобига, қимматли вақтлари ва ортиқча харажатлари тежалади. 

Умуман олганда, сўнгги 5 йил давомида давлат статистика органлари томонидан 10 турдаги интерактив давлат хизматлари кўрсатувчи ахборот тизимлари жорий этилди. Бунинг эвазига, Давлат статистика қўмитаси тизими органларининг расмий сайтлари орқали 6 турдаги асосий ҳамда 4 турдаги қўшимча интерактив давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда. 

Интерактив давлат хизматлари турларининг кенгайтирилиши тадбиркорларнинг ахборот билан таъминланиш даражасини ошириш, энг асосийси, уларга ўз бизнес фаолиятини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, албатта.   

Давлат статистика қўмитаси ва ҳудудий статистика бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш борасида ҳам муайян чора-тадбирлар кўрилаяпти. Жумладан, “Ишонч телефонлари” ташкил қилинган бўлиб, у орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг тезкор, тўлақонли ҳамда холисона кўриб чиқилиши таъминланмоқда. Шунингдек, юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бўлаётган мурожаатлар ҳам тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципига амал қилинган ҳолда кўриб чиқилаяпти. 

Давлат статистика қўмитаси расмий сайтида “Тадбиркорлар учун” махсус рукни ташкил этилгани ишбилармонлар манфаати йўлидаги яна бир қадам бўлди, дейиш мумкин. Сабаби, унда статистика соҳасига оид қонун ҳужжатлари, уларга киритилаётган ўзгартиришлар, тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқлари, шунингдек, тақдим этиладиган давлат статистика ҳисоботлари шакли, тўлдириш қоидалари каби муҳим масалалар бўйича батафсил ахборотлар бериб борилмоқда. Қолаверса, қонунчиликда бўлаётган ўзгаришлар, улар учун яратилган қулай шароитларни тадбиркорлик субъектлари кенг оммасига етказиш мақсадида семинарлар, давра суҳбатлари, “Очиқ эшиклар куни” ташкил этиш анъана тусини олган. Биргина 2015 йил давомида 2858 та семинар ва давра суҳбати, 4852 марта “Очиқ эшиклар куни” ўтказилиб, уларда 170 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари қатнашди. 

Ҳар йили йиллик статистик ҳисоботларни қабул қилиш даврида Давлат статистика қўмитасида “Call center” ташкил этилаётгани ҳам тадбиркорлик субъектларига қўшимча қулайликлар яратмоқда. У орқали ҳисоботларни тўлдириш ҳамда тақдим этиш чоғида юзага келаётган саволларга малакали мутахассислар томонидан тезкор равишда батафсил тушунтиришлар бериб борилиши таъминланаяпти.    

2016 йилдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари учун яна бир янги электрон хизмат тури яратилди. Эндиликда соҳа вакиллари қайси турдаги статистик ҳисобот шаклларини тақдим этишлари лозимлигини Давлат статистика қўмитаси расмий сайтида ташкил этилган мазкур хизмат тури орқали онлайн усулда билиб олишлари мумкин.

Давлат статистика тизимида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги бу каби чора-тадбирлар, нафақат статистик ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун улардан зарур ахборотларни йиғиш, балки ислоҳотлар натижаларини ёритиб берувчи кўрсаткичларнинг барқарор ўсиб боришини таъминлаш учун тадбиркорларимизга бевосита қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган. Бу эса кичик бизнес вакиллари ва давлат статистика органлари ўртасида ўзаро холис ҳамда ишончли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш асосида амалга оширилаётгани қувонарлидир. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилаверади. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, “... хусусий мулк, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш ва бу соҳа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилиш, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишига айланиши зарур”. Зеро, бундай устувор вазифалар замирида, энг аввало, инсон манфаатларини таъминлаш, одамлардаги ишбилармонлик қобилиятини юзага чиқариш, уларнинг даромадини ошириш, турмуш фаровонлиги ҳамда ҳаёт даражасини юксалтириш каби эзгу мақсад-муддаолар мужассамдир.

Қобил БЕРДИҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика 

қўмитаси бошқарма бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn