Мустақил юрт эгалари
  • 19 Июль 2016

Мустақил юрт эгалари

Бундан 25 — 30 йил аввал Ўзбекистон ёшлари ўз истеъдод ва салоҳиятини дунё узра намоён қилиб, барчани лол қолдиради, ҳайрат ҳамда ҳавасини келтиради, деса, биров ишонмасди. Чунки у даврларда мустабид тузум юритган сиёсат шундай нохолис, адолатсиз эдики, бизга бамисоли қандайдир “иккинчи сорт одамлар” сифатида қаралиб, иқтидорларни юзага чиқаришга, ўзини кўрсатишига йўл қўйилмасди. Ваҳолонки, бу табаррук заминдан дунё цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган, оламшумул кашфиётлари билан илму фан тараққиётининг тамал тошини қўйган қанчадан-қанча алломалар, олиму фузалолар етишиб чиққан.

Томирларида ана шундай буюк зотларнинг қони оқиб турган авлод аждодларига муносиб бўлишга интилиши табиий. Бу интилиш эса мустақиллик туфайлигина қўллаб-қувватланди. Ҳақиқат қарор топди. Жаҳон аҳли Ўзбекистонни билди, бу гўзал диёр фарзандлари қобилиятига тан берди.
Истиқлол ҳавосидан тўйинган бугунги ўзбек йигит-қизларининг мақсадлари муштарак — улар Ватан тақдирига ўзини дахлдор ва масъул, деб ҳисоблайди. Энг муҳими, ҳар бири “Мен буюк юрт фарзандиман”, деган юксак ғурур, қатъий ишончни қалбига жо этган. Бинобарин, мустақиллик йилларида навқирон авлод орзу-истакларини рўёбга чиқаришга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилиб, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаоллиги ҳам кучайтирилди. Ёшларнинг ташаббусига кўра ташкил этилган ҳамда айни чоғда юртимиздаги энг йирик нодавлат нотижорат ташкилотларидан бирига айланган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ана шулардан биридир.
Бугун Ҳаракат ўз атрофида олти миллион нафардан ортиқ ўғил-қизни бирлаштирган. Ташкилот саъй-ҳаракати билан ҳар йили республика бўйлаб юзлаб лойиҳалар амалга ошириб келинаяпти. Уларнинг умумий вазифаси бир — ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш. Зотан, ижтимоий фаол инсонгина мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар, янгиланишу ўзгаришларга бефарқ бўлмайди. Мазкур жараёнда ўзининг ҳам иштирокини муҳим, деб билади. Айнан шу ёндашув асосида эртанинг том маънода ҳал қилувчи кучига айланиб боради. Қолаверса, маънавияти юксак, қалби уйғоқ фарзандларнинг келажагига ташқаридан уюштирилган ҳеч бир мафкуравий таҳдид рахна сололмаслиги аниқ.
Шулардан келиб чиқиб, Президентимиз ташаббуси билан бундан беш йил муқаддам “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати янги лойиҳа — “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивалларини бошлаган эди. У қисқа фурсатда навқирон авлоднинг фикри ҳамда кайфиятини ифодалайдиган, уларни эзгу мақсад йўлида бирлаштирадиган катта байрамга айланди.
Ёшлар фестивалларини ўтказиш масаласи ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинадиган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури”да алоҳида банд сифатида киритилиши унинг мавқеини, аҳамиятини юксалтирди. Жорий йилнинг мартидан июнь ойига қадар барча ҳудудда зўр кўтаринкилик билан ташкил қилинган фестиваллар мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишланди.
Бундай тадбирларда ёшларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнлар, демократик ўзгаришлар билан яқиндан таништириш, тинчлик ҳамда барқарорликнинг қадр-қимматини тўлақонли тушунтириш, истиқлол шарофати билан ҳар биримиз ва энг аввало, ёш авлод вакилларига яратилган имкониятларнинг аҳамияти, қолаверса, ушбу шарт-шароитлардан унумли фойдалана олиш масъулияти уларнинг ўз зиммасида эканини чуқур англатишга устувор аҳамият қаратилган. Эътибор берсак, санаб ўтилганларнинг барчаси эртанги кунимиз қандай бўлишини белгилаб берувчи жиҳатлардир. Чунки олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран англамаган ёинки ана шу ислоҳотлар учун бирламчи шарт бўлмиш тинчликни қадрлаб, уни асраб-авайлашга ҳаракат қилмаган инсон мамлакатни тараққий эттира олмайди. Яна бир муҳим жиҳати, эртамиз эгаларига ана шу нозик масалаларни ким ва қандай қилиб тушунтираётганидан иборат.
“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” фестивалида айни шу мақсадга ниҳоятда жиддий ёндашилди. Ёшлар анжуманларида иштирок этган республика тарғибот гуруҳига — депутатлар, ёш олиму мутахассислар, спортчилар, тадбиркорлар, шоир ҳамда ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, эстрада хонандалари, опера ижрочилари, мусиқачилар жалб қилинди. Бундай таркибнинг танлангани бежиз эмас. Тарғибот гуруҳига кирганларнинг аксарияти бой ҳаётий тажрибага эга, кўпни кўрган, хизмат тақозоси билан халқ орасида кўп юрадиган инсонлардир. Муайян қисми эса ёш эканига қарамай, ўз иқтидори, билиму салоҳияти эвазига ҳавас қилишга арзийдиган ютуқларни қўлга киритган ғайратли ўғил-қизлардан иборат. Бу ибрат мактаби вазифасини ўтайди.
Дарвоқе, бу йилги фестивалларда қатнашган  тарғиботчилар сони лойиҳа тарихида рекорд кўрсаткич — 950 нафарга етди. Улар истиқлол йилларида юртимиз манзиллари нечоғли обод бўлгани, уларда истиқомат қилаётган минг-минглаб одамлар, айниқса, ёшлар онгу тафаккурида юз берган ўзгаришларга бевосита гувоҳ бўлди.
— Ёшларимизнинг  юз-кўзларидаги ғайрат-шижоат, интилиш, билимга чанқоқликни кўриб, келажагимиз ишончли қўлларда, деган фикрга келасан киши, — дейди  республика тарғибот гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов. — Биз эса фарзандларимиз маънавий эҳтиёжларини қондириш, уларни она-юртга садоқат руҳида тарбиялашдек эзгу ишга камтарона ҳиссамизни қўшганимиздан хурсандмиз. Биласизми, бу ҳаёт тегирмондек гап. Унинг чиғириғидан ёшларимиз соғ-омон чиқиб, ўз ўринларини топиб кетишлари учун мана шундай маънавий-маърифий тадбирлар жуда керак. Айниқса, қишлоқ ёшлари менда катта таассурот қолдирди. Диний экстремизм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллатларга оид долзарб мавзуларда кечган жонли мулоқотлар жараёнида улар билдирган қатъий фикр-мулоҳазалар, берган саволлари шахсан мени узоқ ўйга толдирди. Дунёда манфаатлар тўқнашуви кескин тус олган бугунги таҳликали замонда ёшларимиз оқни қорадан мустақил равишда ажратиб, турли глобал муаммоларга қатъий позициясини ифодалай олаётгани ниҳоятда қувонарлидир. Ёшлар фестиваллари туфайли республикамиз ҳудудларида олиб борилган улкан бунёдкорлик ишлари билан янада яқинроқ танишдик.
Яна бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратмоқ жоиз. Жойларда ўтказилган тарғиботлар бу шунчаки ёшларнинг таниқли инсонлар билан учрашувию дилдан қурилган суҳбатлари эмас. Ҳар бир тадбирга фестиваль концепциясидан келиб чиққан ҳолда, муайян мазмун киритилди. Мазмундорликни таъминлаш мақсадида эса ташкилотчилар — “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим,  Ички ишлар вазирликлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида махсус тарғибот материаллари тайёрланди.
Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” асари, одам савдоси, диний экстремизм ҳамда терроризм, “оммавий маданият”, соғлом турмуш тарзи каби мавзулардаги тақдимот ва видеороликлар, “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Гедонизм. Маҳдудлик ёхуд худбинлик исканжаси”, “Қиёматга қолган қарз” номли ҳужжатли фильмлар, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?!” мавзуидаги ижтимоий роликларни ўз ичига олган тарғибот материаллари диск кўринишида барча таълим муассасасига етказилди ҳамда ҳудудлардаги фестиваллар доирасида уч кун давомида жойлардаги таълим муассасаларининг маънавий-маърифий йўналиш бўйича директор ўринбосарлари ва Ҳаракатнинг бошланғич ташкилот етакчилари томонидан тарғиботи ўтказилди.
“Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивалларининг аҳамиятини фақат олдига қўйилган мақсадлар эмас, балки мазмун-мундарижаси ҳам белгилайди. Бу жиҳатга алоҳида тўхталмай иложимиз йўқ. Бугунги кунда ижтимоий, сиёсий, иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг натижалари фестиваль доирасида концерт, танлов, мусобақа, ижодий кеча ҳамда учрашувлар, очиқ мулоқотлар, баҳс-мунозаралар орқали ўғил-қизларга етказилди.
Даставвал таъкидлаш жоизки, бу йилги фестиваль дастурига саккизта янги лойиҳа киритилиб, уларнинг умумий сони 17 тага етказилди. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири ўз концепцияси ва ижтимоий аҳамиятга эгадир.
“Бу — менинг Ватаним!” лойиҳаси доирасида таълим муассасаларию корхона ҳамда ташкилотларда давлатимиз раҳбарининг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир” номли китоби юзасидан давра суҳбатлари ташкил этилди. Мазкур асар ёшларга мустақиллик йилларида ҳаётимизнинг турли жабҳаларида рўй берган ўзгаришларнинг моҳиятини теран англатиш имконини яратадиган муҳим манбалардан бири саналади. Давра суҳбати кўринишидаги ўзаро мулоқотлар ушбу китобнинг аҳамиятини тўлароқ англашга замин ҳозирлади.
Ёшлар фестиваллари мундарижасидан маданий лойиҳалар ҳам ўрин олган. Бу бежиз эмас. Чунки аксарият ҳолларда ижтимоий аҳамиятга эга муайян масалада фикр билдириш ёки қайсидир ғояни тугал ифодалаш учун санъатга етадигани топилмайди. “Талабалар театр-студиялари” лойиҳаси орқали шаҳар марказлари ҳамда чекка ҳудудларда талабалар томонидан намойиш этилган спектакллар навқирон авлод вакилларининг ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга теран назар солишига хизмат қилган бўлса, ажаб эмас. Айниқса, Қорақалпоқ давлат университетининг “Жайҳун” театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Тебранмас юраклар” драмаси минглаб ёш томошабинлар қалбидан чуқур жой олди. Саҳна кўриниши орқали эрта никоҳ ва туғуруқнинг салбий оқибатлари, гиёҳвандликка кескин нафрат уйғота олган ёш актёрларнинг маҳоратига тасанно айтмай бўладими ахир?!
“PROlogue” — ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар фестивали, “Ёшлар жонли ижро тарафдори” (таниқли хонандаларнинг жонли ижродаги импровизацияларига бағишланган лойиҳа), “Ватаним — менинг фахрим” (Ватан ҳақидаги шеърлардан тузилган мушоиралар) каби лойиҳаларда ҳам санъатнинг бетакрор қудрати ифодаланди. Мазкур жараёнда қанчадан-қанча янги истеъдод соҳибларининг кашф этилганини айтмайсизми?!
“PROlogue” ҳақида икки оғиз сўз. Ўтган йили илк бор “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ўтказилган ушбу лойиҳа орқали кино соҳасига қадам қўяётган ўнлаб йигит-қизларга ўз ижод намуналарини катта экранга олиб чиқиш имкони яратилган эди. Лойиҳа якунида таниқли режиссёр ва киношунослардан ташкил топган ҳакамлар ҳайъати йигирмата қисқа метражли фильм орасидан олтитасини ғолиб, деб топди. Энди эса ушбу фильмлар тарғибот материаллари қаторидан жой олиб, жорий йилги ёшлар фестиваллари давомида юртимиздаги барча шаҳару қишлоқларда намойиш қилинди. Вафо, садоқат, оқибат, Ватанга меҳр-муҳаббат мавзулари ёш томошабинларни бефарқ қолдирмади.
Мустақиллигимизнинг чорак асрлик санасига бағишланган фестивалларга алоҳида жозиба ва кўтаринкилик бахш этган лойиҳалардан бири “25” акциясидир. Унда республикамиз бўйича минглаб ёшлар қатнашиб, Ватанимизга муҳаббатини ижодкорлик билан изҳор этди.
— Юртимизда чорак аср давомида амалга оширилган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ишларни ўзида мужассамлаштирган 25 рақами бир-бирини танимайдиган, бироқ бир халқнинг фарзанди бўлган қанчалаб инсонларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириши, қалбларига улуғворлик бағишлаши мумкинлигига мана шу акция давомида ишонч ҳосил қилдим, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Меҳриноз Аббосова. — Бу лойиҳа биз, Ўзбекистон ёшларининг миллий руҳини осмон қадар юксалтира олди. Қайси вилоятга бормай, тенгдошларим акцияга алоҳида меҳр билан ёндашганини кўрдим. ўояларнинг ранг-баранглиги дилни қувонтиради. Асакадаги “GM Uzbekistan”, Самарқанддаги “MAN” автомобиль заводларида ишлаб чиқарилаётган енгил ва юк машиналари, Чуст дўппиларию Нурота кашталари, янги муқовадаги китоблар ҳамда яна кўплаб бошқа хилдаги буюмлардан ясалган 25 рақамидан ҳар бир юртдошимизнинг қалби фахр-ифтихорга тўлади.
“25” акцияси истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг моҳиятию аҳамиятини ҳар томонлама чуқур ҳис этиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш, “Ким эдигу ким бўлдик?!” деган ҳаётий ҳақиқатни англаган ҳолда, ёш авлодда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Мазкур акцияни кенг тарғиб қилиш, электрон ёдгорлик яратиш мақсадида www.25.kamolot.uz веб-саҳифаси яратилди.
— Фестиваль давомида наинки ёшлар, балки барча юртдошимиз байрам шукуҳи билан яшади. Шу ўринда олдинги йилларда кузатилмаган бир ҳолатни тилга олишни истардик. Жорий йилда ҳудудларга фестивалнинг тарғиботчилар гуруҳи билан бирга, истеъдодли ёш дирижёр, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Камолиддин Ўринбоев бошчилигидаги Ёшлар симфоник оркестри ҳам сафар қилди. Оркестр томонидан тақдим этилган ажойиб шоу дастурлари ўғил-қизларда унутилмас таассуротлар қолдирганига шубҳа йўқ.
Таъкидлаш жоизки, фестиваллар асносида ёшлар билан халқ эътирофига сазовор бўлган инсонларгина эмас, балки айни пайтда ёшларни ўйлантираётган масалалар ечимига бевосита дахлдор ва масъул саналган шахслар — давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари вакиллари ўртасида ҳам ижтимоий мулоқот боғланмоқда. Масалан, анъанавий “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида улар туман, шаҳар, вилоят ҳокимлари билан учрашиб, муаммо, фикр ёки таклифларини айтиш имконига эга бўлишди.
— 2015 йилги ёшлар фестиваллари доирасидаги “Ҳоким ва ёшлар” учрашувларида ёшлар томонидан билдирилган таклифларга кўра, 2016 йил Қорақалпоғистон Республикасида “Ёшлар маркази” қуриб фойдаланишга топширилди, — дейди “Камолот” фаоли Сарвиноз Турешова.
Депутатлар билан учрашувларда эса ёшларга оид қонун ҳужжатлари ва уларнинг ижроси юзасидан жонли суҳбатлар уюштирилди.
— Учрашувларда йигит-қизлар бугунги кунда қабул қилинаётган қонунларда ёшлар масаласига қай даражада эътибор қаратилаётганлиги ҳақида, қолаверса, ёшлар томонидан билдирилаётган таклифларнинг қанчаси қабул қилинаётган қонунларга киритилаётганлиги тўғрисида сўрашади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Рустам Қобилов. — Қолаверса, фестивалга жалб этилган тарғиботчилар (улар орасида ёшлар ҳам бор) мазкур қонунларнинг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши мумкин. “Виждонли сотувчи” лойиҳаси худди шу мақсадга қаратилган. Унинг доирасида таниқли санъаткорлар ҳамда фаол ёшлар биргалашиб “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун нормалари жойларда нечоғли таъминланаётганини ўрганди.
Аждодлар мероси, шу жумладан, халқнинг азалий қадриятларига ҳурмат кўрсатиш ҳар бир авлод олдидаги муҳим вазифадир. Шу боис юртимизда баркамол авлод тарбиясида маънавият масаласига бирламчи эътибор қаратилган. Бундай ёндашув ёшлар фестиваллари концепциясига ҳам хос. Фестиваль дастуридаги “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳалари фикримизнинг ёрқин исботидир.
— Бу йил ёшлар фестивали сабаб Қорақалпоғистон Республикасига бордим, — дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов. — Минтақадаги ўзгаришларни кўриб, таниёлмай қолдим. Шунақанги обод бўлибдики, кўзларингга ишонмайсан, киши. Аслида бутун республикамизда ўзгаришлар, бунёдкорликлар бисёр. Олис қишлоқларимиз шаҳарлар билан бўйлашаяпти. Фестивалда кўп лойиҳаларда қатнашдим. Хусусан, “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳаси доирасида 80, 90, борингки, 100 билан юзлашган отахону онахонлар билан дийдорлашиш насиб этди. Боболаримиз, момоларимиз оғзидан бол томиб Юртбошимизни, халқимизни дуо қилмоқда. Дарҳақиқат, шу пайтгача ўзбек халқи бугунгидай эрк, ҳаловатни кўрган эмас.
Жорий йилда фестивалнинг яна бир муҳим янгилиги шу бўлдики, “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” ёшлар фестивалининг қўшиғи яратилди.
— Ёшларга кимларнинг авлоди эканлигини эслатиб турувчи мазкур қўшиқ Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Гулсанам Мамазоитова томонидан ижро этилди, — дейди шеър муаллифи, Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Иқбол Мирзо.
Ёшларда башарият тинчлигию эл-улуслар саломатлигига соя солаётган жирканч иллатлар, маънавий таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларни “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш мақсадида ишлаб чиқилган “Оммавий маданият” ва ёшлар маънавияти”, “Одам савдоси — давр муаммоси”, “Диний экстремизм ва терроризм — ёшлар келажагига таҳдид”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!” лойиҳалари жойларда қизғин кутиб олинди. Эътиборлиси, қарийб 15 мингта таълим муассасасида ушбу мавзуларга бағишлаб ўтказилган давра суҳбатларида тарғиботчилардан ҳам кўпроқ ёшлар (жами 3 миллион 400 минг нафарга яқини) фаоллик кўрсатди.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ташкил этилган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” гуруҳида қолдирилган 550 мингдан ортиқ хабарларни (мобиль мухбирлар томонидан жойлаштирилган хабар, фото ва видеолар) 3,5 млн.га яқин, шу жумладан, #YoshlarFestivali2016 хэштеги билан қолдирилган 900 мингдан ортиқ хабарларни эса қарийб уч млн. киши кузатиб борган.
Умуман айтганда, Қорақалпоғистон Республикасидан вилоятлар ҳамда пойтахтга қадар улкан масофани босиб ўтган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остидаги ёшлар фестивали карвони сафари самарали бўлди. Неча-неча манзилларда тўхтаб ўтган бу карвон йўловчилари — республика тарғибот гуруҳи аъзолари жойларда салкам 1 минг 500 та тарғибот тадбирини ташкил этиб, 5 миллион 500 минг нафардан зиёд ёш қалбида Ватанга садоқат туйғусининг мавжланишига туртки берди. Манглайига бахт ва саодат битилган, иродаси букилмас бу ёшларни энди сира енгиб бўлмайди!

Баҳодир ҒАНИЕВ,
Ўзбекистон
«Камолот» ёшлар
ижтимоий ҳаракати
Марказий кенгаши раиси.



* * *
Эътироф


Нобуе МАЦУКАВА, сайёҳ (Япония):
— Ўзбекистонга саёҳатим “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” номли фестиваль ўтказилаётган вақтга тўғри келганидан хурсандман. Ёшлар гала-концертида қатнашдим, мириқиб рақсга тушдим. Суҳбатлардан билдимки, Ўзбекистон ёшлари ниҳоятда зукко ва билимдон. Уларнинг тил ўрганишга иштиёқи баланд, бундай қизиқишнинг рўёбга чиқиши учун умумтаълим мактабларининг биринчи синфиданоқ чет тилларни ўргатишга киришилгани диққатга сазовордир. Йигит-қизларнинг учта-тўртта хорижий тилда эмин-эркин суҳбатлашиши, кўзлари ёниб турганини кўриб, чин дилдан ҳавасим келди.

Пьер ШАДЕ, сайёҳ (Франция):
— Юртингиз ёшларининг халқаро фан олимпиадалари, спорт мусобақалари, санъат фестивалларида юксак маҳорат кўрсатиб, мунтазам совриндорлар қаторидан жой олиши ҳақида кўп эшитганман. Ўзбекистонга сафарим давомида шаҳару қишлоқлардаги замонавий мактаб, лицей ва коллежлар, олий таълим даргоҳлари, спорт мажмуалари, бетакрор санъат кошоналарини кўриб, ана шу эришилаётган муваффақиятлар қандай омиллар билан боғлиқ экани ҳақида тасаввурга эга бўлдим. Қолаверса, республикангиз миқёсида турли фестиваллар, кўрик-танловлар, мусобақалар ўтказиш йўлга қўйилгани ҳам ибратлидир. Уларда янгидан-янги истеъдодлар кашф этилиб, қўллаб-қувватланаркан. Бундай пухта ва ноёб тизимга эга, илғор таълим-тарбия жараёнини йўлга қўйган давлатнинг келажаги янада ёруғ бўлиши, шубҳасиз.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn