Печеньени талонга олганман...
  • 19 Июль 2016

Печеньени талонга олганман...

Фермер хўжалигимизда ишчи-ходимларнинг нон  ва  қандолат  маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш учун кичик цех  очганмиз. Сифатли нон  ҳамда  нон маҳсулотлари  ишлаб  чиқараяпмиз. Натижада, яна уч киши  доимий  иш  билан таъминланди. Қандолат маҳсулотларимизни болажонлар яхши кўриб истеъмол қилишаётганини кўриб,  бир воқеа ёдимга тушди.

1990 йили фарзандим Жасурбек  бир  ёшга  тўлган эди. Унга қўшимча  овқат сифатида печенье бермоқчи  бўлдик. Қишлоғимиз магазинида бу маҳсулот йўқ. Турмуш  ўртоғим Учқўрғон тумани марказига печенье излаб кетиб, кечқурунгача қидириб, қуруқ қайтди. Дўконларда  пештахталар бўм-бўш экан, ҳеч нарса топа олмабди.
Шунда раҳматли қайнонам “Шакар, ун, ёғни  қориштириб, хамир қилиб, печенье пиширса бўлади”, дедилар. Хурсанд бўлиб, қишлоғимиз дўконига чопдим. Минг  афсуски,  дўконларда мен истаган масаллиқлар йўқ эди. Уйга  қайтаётиб маҳалламиз педиатри Соҳиба опани кўриб қолдим. Унга ҳасратимни тўкиб солдим. Опа поликлиникадан болалар печеньеси учун талон ёздириб олишимни айтди. Ана шунда бир килограмм  печеньени туман марказидаги озиқ-овқат дўконидан талонга сотиб олганимдан суюнган эдим. 
1990 — 1992 йиллари туманимизда саноқли озиқ-овқат дўконлари  бор эди. Деҳқон  бозори ҳафтада  бир  марта ташкил этиларди.
Бугун-чи?! Саодатимиз шарофатини қаранг, дўконларимизда барча нарса муҳайё. Юзлаб  озиқ-овқат  дўконлари кеча-кундуз ишлаб, аҳолига хизмат кўрсатаяпти. Пештахталари ўзимизда  ишлаб чиқарилган сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари  билан лиммо-лим.
Истиқлолга эришганимиздан кейин тадбиркорликка кенг йўл очилди. Мен ҳам халқимиз дастурхонини тўлдиришга ҳисса қўшай, деб фермер бўлдим. 2011 йили қишлоқ  хўжалиги  фаолиятидаги самарали  меҳнатларим  учун “Шуҳрат” медали  билан тақдирландим.
2013 йил “Isuzu” автобусини сотиб олдик, ишчи-хизматчиларнинг узоғи  яқин бўлди. Ҳар куни эрталаб фарзандларимизни мактаб ва боғчаларга бепул олиб боришни   ташкил  қилдик.
Бугун биз қудратли мамлакатнинг бахтиёр фуқароларимиз. Мустақиллик йилларидаги тақдиримиз, қадримиз ниҳоятда улуғ. Шундай экан, бу улуғлик қалбимизда ҳамиша акс садо бериб турсин.


Гулхумор ТОҒАЕВА,
фермер.
Учқўрғон тумани

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn