Юртимизга кўз тегмасин
  • 16 Июль 2016

Юртимизга кўз тегмасин

— Мен совет тузуми давридаги ҳаётни кўрганлардан бириман. Марказнинг халқимизга қилган жабр-жафолари кўз ўнгимдан бир-бир ўтади. Ўтган асрнинг 80-йилларида “десантчилар”, деган бало пайдо бўлди. Иттифоқ таркибидаги  бошқа республикалардан келган кадрлар раҳбарликка қўйилди.

Умрида пахтани кўрмаган республика миқёсидаги бир раҳбар туманимизга келганини эслайман. У ғўза парвариши бўйича маълумотлар тўплаши керак экан. Машинада чўлга чиқдик. Ҳамроҳим иссиққа чидамади. Яқинроқ далага олиб боришни сўради. Таваккал қилиб, йўл четидаги айни гулга кирган янтоқзорни кўрсатдим. 

“Қойил, экин бир текис ўсаяпти. Бу ердан баракали ҳосил оласизлар”, деди  текширишга келган одам. Мана шу воқеанинг ўзи ҳам республикага Марказдан жўнатилган “десантчи” кадрлар салоҳияти қай даражада бўлганини яққол кўрсатади. 

Ўзи етиштирган  маҳсулотларни четдан сотиб олишни тасаввур қила оласизми? Сиз тасаввур қила олмассиз, бироқ мустабид тузум даврида “доно” раҳбарлар учун бу тўғри қарор бўлгани одамга алам қилади. Ваҳолонки, ўша даврларда оддийгина халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ҳам йўқ эди-да. Бошқа республикаларга саёҳатга борган кишилар жомадонини тўлдириб рўмол олиб қайтишарди. Хотин-қизлар энг кўп рўмол ўрайдиган Ўзбекистонда шу хилдаги рўмол ишлаб чиқарилмаганига нима дейсиз? 

Пиллани эса минг азоб билан ўзбекистонликлар етиштирарди. Ўзи етиштирган бу маҳсулотни ўзи қайтадан сотиб оларди. Ақл бовар қилмайди!!! Ёки Беларусь, Украина, Костромадан келтирилган сариёғлар учун навбатлар чексиз бўлганини биз тенгилар ҳали унутгани йўқ. Пахта етиштирилаётган Ўзбекистонда совун, ёғ, пахта матолар танқис бўлгани меҳнаткаш халқнинг устидан кулиш, масхара қилиш эмасми?

Яна бир гап. Бундай воқеага ўша даврларда кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Шаҳримизнинг Бобур номидаги маҳалласида яшовчи Норпўлат ака ўтган асрнинг 70-йилларида машина харид қилган эди. Автоулови билан қўни-қўшниларнинг узоғини яқин қилар, биров касалхонага, яна биров узоқроқ манзилга отланса, Норпўлат ака хизматга шай турарди. Шуни ҳам совет ҳукумати кўп кўрди. Бечоранинг текшир-текширлардан боши чиқмади. Охири машинасини сотиб қутулди. Собиқ иттифоқ даврида уйи шиферланган, машина олган одам борки, у халқ душманига айланарди. 

Бугунги кунларга етиш осон бўлмаган. Орзулар армонга айланган даврларнинг ортда қолгани рост бўлсин. Биргина Хончарвоқ маҳалласидаги икки мингга яқин хонадондан бир ярим мингининг остонасида юртимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар ярқираб турибди. Трактори, юк машинаси, бошқа техникаларни ҳисобга қўшмадим. 

Яқин дўстим Эркинжоннинг ўғли Япониядаги нуфузли университетлардан бирида дарс беради. У ўғлини кўриб келиб, ўзининг ҳайратини яшира олмади: Ўзбекистондан олиб борилган туршак “Кунчиқар юрт”даги дорихоналарда доналаб дори-дармон сифатида сотилаётганлигини айтиб, кўзларида шукроналик, қувонч ёшлари қалқиди.

Биз, нуронийлар энг улуғ тилак, дуоларимизни юртимизга, Юртбошимизга бағишлаб, мамнун яшаяпмиз. Илоҳим, Ўзбекистонимизга кўз тегмасин!

Бахтиёр СУЛАЙМОНОВ,

Пайариқ тумани, Жума шаҳри. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn