Ватан равнақига дахлдорлик
  • 16 Июль 2016

Ватан равнақига дахлдорлик

ёшларни хайрли мақсадлар йўлида бирлаштирмоқда

Истиқлол йилларида бунёдкор халқимизнинг азму шижоати билан барпо этилаётган ноёб меъморий иншоотлар,  замонавий кўприклар, кенг ва равон йўллар юртдошларимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотаётгани, шубҳасиз. Айниқса, шундай хайрли мақсадлар йўлида баҳамжиҳат, фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган минглаб ёшларни кўриб, ҳавас қиласан, киши.

Чунончи, мамлакатимизда улғайиб келаётган йигит-қизларнинг бу жабҳадаги фаоллигини янада ошириш, уларни миллий қадриятларимизга эҳтиром руҳида тарбиялаш ҳамда иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгаши ва қатор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда ўтказиб келинаётган “Бунёдкор” талаба-ёшлар меҳнат ҳаракатлари ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. 

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса бу сингари ишларни  янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатда юксак маънавиятли, мустақил ва эркин фикрлайдиган, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган навқирон авлодни вояга етказиш, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда ёшларнинг фаол қатнашишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунга мувофиқ, айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида зарбдор меҳнат жамоалари тузилган бўлиб, уларга олий ўқув юртлари талабалари билан бир қаторда, меҳнат билан банд бўлмаган ёшлар ҳам жалб этилган. Биз ушбу жараён билан яқиндан танишиш мақсадида Тошкент вилоятида бўлдик. 

— Жорий йилда вилоят бўйича жами 184 та меҳнат отряди тузилди, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент вилояти кенгаши раиси М. Ражаббоев. — Уларга 3611 нафар йигит-қиз жалб этилган. Жумладан, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш объектларида, намунали уй-жойлар қурилишида, қишлоқ хўжалиги, педагогик йўналиш, ишлаб чиқариш, маиший хизмат кўрсатиш соҳаси ҳамда бошқа йўналишларда ҳам йигитлар астойдил меҳнат қилмоқда.

Тошкент давлат аграр университети талабаларининг бир гуруҳи ўз таълим даргоҳлари ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол қатнашаётир. 

“Бунёдкор” талаба-ёшлар меҳнат ҳаракатларининг ғайрат-шижоатига Оҳангарон туманида ҳам гувоҳ бўлдик. Бу ерда салкам юз талаба-ёшдан иборат ўнта меҳнат гуруҳи тузилган. Чунончи, тумандаги Убайд қишлоғидаги намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойлар қурилишида 15 нафар ёш қатнашаётган экан. Таъкидлаш жоизки, мазкур қурилиш “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ташкил этилгани айни муддао бўлмоқда. 

Туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлими ҳам шижоатли авлод вакиллари томонидан қайта таъмирланмоқда. Бу ишларга ҳудуддаги Қўрғон, Бахт, Адолат маҳаллаларида яшовчи ёшлар жалб этилибди.

Шунингдек, меҳнат майдонларида бунёдкор ёшларнинг овқатланиши,  мазмунли ҳордиқ чиқариши, эҳтиёж туғилганда тиббий хизматдан фойдаланиши учун барча имконият мавжуд. Талабалар ҳузурида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, хусусан, “Энг яхши меҳнат гуруҳи”, “Меҳнат гуруҳининг энг фаол аъзоси” танловлари, “Камолот”да менинг ўрним”, “Биз “Камолот” билан” викториналари йигит-қизларга унутилмас таассуротлар бағишламоқда.

Дарҳақиқат, “Бунёдкор” талаба-ёшлар меҳнат ҳаракати — эртамиз эгаларини нафақат меҳнатга, балки уларни ҳаётга теран нигоҳ билан қарашга ўргатмоқда. Зеро, ёшларнинг бу фидойиликлари мустақил юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши, шубҳасиз.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn