Соғлом авлод камоли — юрт иқболи
  • 15 Июль 2016

Соғлом авлод камоли — юрт иқболи

Истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш, болалар спортини ривожлантириш ва оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Шу мақсадда шаҳару қишлоқларимизда замонавий спорт мактаблари ҳамда мажмуалари барпо этилиб, зарур анжомлар билан жиҳозланди. Пировардида фарзандларимиз ўзлари севган спорт турлари билан мунтазам шуғулланишлари учун барча қулайлик ва шарт-шароит яратилди. Бу қандай самара бераётгани эса барчага аён. Истеъдодли ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақалар, турли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ҳамда фестивалларда ўзларининг маҳорат ва улкан салоҳиятини намоён этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Ақл-заковати, билим-тафаккури, ғайрат-шижоатига, муҳими, тоғдек таянчи — Ватанига суяниб, маррани баланд олиб яшамоқдалар. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда фарзандлар тарбиясини маҳалладан айро тасаввур этиб бўлмайди. Бу борада жисмоний тарбия ҳамда спорт орқали баркамол авлодни вояга етказиш ва уларни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда маҳалла институтининг ўрни тобора ортиб бораётгани барчага аён.

Мазкур масалага давлат ҳамда жамоат ташкилотлари бирдек масъулият билан ёндашаётгани, айниқса, эътиборга молик. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Маданият ва спорт ишлари, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, “Камолот” ЁИҲ, шахмат, шашка федерациялари ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган қатор спорт мусобақаларининг бу борадаги аҳамияти, айниқса, юқори. Кейинги йилларда оилалар, хусусан, ёш авлоднинг мантиқий тафаккур даражасини ўстириш мақсадида маҳаллаларда ташкил этилаётган “Биз ақл-идрокли оилалармиз” шахмат ва шашка турнири ана шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, бу турнир юртимизда оммавий спортни, хусусан, оилалар ўртасида турли мусобақаларни ташкил этиш орқали ёш авлоднинг мантиқий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш, уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш, оилалар бирдамлигини таъминлаш ҳамда шу масканда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш каби мақсадларни ўзида мужассам этгани билан янада аҳамиятлидир. Энг муҳими, унинг нуфузи йилдан-йилга ошиб, уларда иштирок этаётган юртдошларимиз сони кўпайиб бораяпти.

 “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви маълумотига кўра, ўтган йилда ушбу турнирнинг қуйи босқичлари 8071 та маҳаллада ўтказилиб, уларда 229 минг нафардан кўпроқ киши қатнашган бўлса, жорий йилги мусобақанинг маҳаллалараро босқичи 8591 фуқаролар йиғинида бўлиб ўтди ва уларда 243 минг нафарга яқин юртдошларимизнинг иштироки таъминланди.

— Оилавий қадриятларни эъзозлаш, жумладан, фарзандларимизнинг ўз ота-оналари, бува-бувилари, қолаверса, қўни-қўшниларига нисбатан меҳр-оқибатли бўлиб вояга етишларини таъминлаш муҳим масалалардан биридир, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви бош мутахассиси Дилшод Жалилов. — Шу боис мусобақа низомидан келиб чиқиб, уларда оилалардан 6 нафар қатнашчи — 2 нафар 80 ёшгача бўлган бува ва буви, 2 нафар 50 ёшгача бўлган ота ҳамда она, 2 нафар 16 ёшгача бўлган ўғил ва қиз иштирок этди. Бува ҳамда бувиси йўқ, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ҳам баҳсларда қатнашди.

Айни кунларда мазкур мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари юқори савияда бўлиб ўтмоқда. Уларда 193 та оилавий жамоанинг жами 1100 нафардан зиёд вакиллари баҳс олиб бораётир. Уларга “Маҳалла муруввати” МЧЖ томонидан махсус тайёрланган мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги, мусобақа рамзи ҳамда “Маҳалла” ёзуви туширилган спорт кийимлари етказиб берилганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.

Наманган вилояти “Баркамол авлод” спорт мажмуасида ташкил этилган турнирнинг ҳудудий босқичида 72 та оилавий спортчилар ўзаро баҳс олиб борди. 

— Шахмат ва шашка инсондан юксак интеллектуал салоҳият ҳамда жисмоний ва маънавий етуклик, ақл-заковатни талаб этади. Мазкур спорт азалдан аждодларимиз маданий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида эъзозланган. Жорий йилда бўлиб ўтган мусобақалар шахмат ва шашка ўйини оилаларда кенг оммалашаётганини кўрсатди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими етакчи мутахассиси Нўъмонжон Абдуллаев. — Иштирокчиларнинг маҳорати тобора ошиб бораётгани, айниқса, кўпчиликка манзур бўлди. Муросасиз кечган баҳслар якунида Янгиқўрғон туманидаги “Тошкент” маҳалласида истиқомат қилувчи Аҳмаджон Табаров оиласи биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар Чустдаги “Меҳнатобод” маҳалласидан Муҳаммаджон Алижонов, Тўрақўрғон ва Поп туманларидан Баҳром Аҳмедов ҳамда Арслон Каттабобоевларнинг оилавий жамоаларига насиб этди.

Турнирнинг Сурхондарё вилояти босқичида 84 иштирокчи баҳс олиб борди. Қизғин курашларга бой ўтган мусобақада Бойсун туманининг “Пасурхи” маҳалласида яшовчи Нусрат Жабборовлар оиласи ғолиб бўлди. Ангор туманидаги “Кайран” маҳалласида яшовчи Йўлдош Жониқулов, Узун туманидаги “Баҳористон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шамсиддин Ашуров, Термиз шаҳрининг “Бўстон” маҳалласидан Панжи Янгибоевларнинг оилавий жамоалари кейинги ўринларга лойиқ, деб топилди. 

— Воҳамизда шахмат ва шашкага қизиқувчи оилалар кўплигидан, очиғи, роса қувондим, — дейди ғолиб жамоа сардори Н.Жабборов. — Бу борада, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу мусобақанинг катта ўрни бор. Дарҳақиқат, шу турнир туфайли фарзандларини шахмат ва шашка тўгаракларига бераётган оилалар сони кўпайиб бормоқда. Айни чоғда ота-оналарнинг ўзлари ҳам ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланаяпти.

Баҳслар ҳақида гапирадиган бўлсак, қатнашчилар астойдил куч синашди. Муросасиз кечган мусобақада ғолиб бўлганимиздан мамнунмиз. Албатта, бундан кейин ҳам оиламиз аъзолари билан мазкур спорт турларини янада оммалаштиришга бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз. Зеро, шахмат ва шашканинг илдизлари қадимий асосга эга бўлиб, асрлар давомида халқимиз маънавиятини бойитиш, онгу-тафаккурини теранлаштиришга хизмат қилган.

Турнирнинг Тошкент вилояти босқичи Қибрай туманидаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабида юқори даражада ўтказилди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, вилоятнинг 991 фуқаролар йиғинида уюштирилган баҳснинг дастлабки босқичида 26 мингдан ортиқ иштирокчи ўзаро куч синашди. 

Мусобақаларда Оққўрғон туманидаги “Ҳосилдор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Бобоевлар оиласи ғолиб бўлди. Иккинчи ўрин Паркент тумани “Булоқбоши” маҳалласидан Исматуллаевларга, учинчи ўрин Бекобод туманидаги “Янгиовул” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Бердибековлар ҳамда Бўстонлиқ туманидаги “Қизилсув” маҳалласи вакиллари — Нуринбековлар оилаларига насиб этди.

— Шахмат ва шашка ақл-идрокни чархлайди, ёшларимизда юксак маънавият, ҳалоллик, теранлик, ватанпарварлик каби инсоний фазилатларни шакллантиришга ёрдам беради, — дейди Қайнар ота Бобоев. — Шу боис оиламиздагилар спортнинг мазкур тури билан мунтазам шуғулланади. Ушбу нуфузли спорт турнирида иштирок этиб, ғолиб бўлганимиздан хурсандмиз. Бундан кейин ҳам набираларимни ҳамда маҳалламиз ёшларини ёнимга олиб, мазкур спорт турлари бўйича маҳоратимизни ошириб боришга ҳаракат қиламиз.

Хоразм вилоятида бўлиб ўтган турнирнинг ҳудудий босқичида 12 та оилавий жамоанинг 58 нафар вакили қатнашди.

— Маҳаллаларда спортни кенг оммалаштириш, кўплаб маданий-спорт тадбирларини ўтказиш анъанаси оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим ўрин тутади, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг етакчи мутахассиси Ҳамдам Аллаберганов. — Унда қатнашишни истаётганлар сафи кенгайиб бораётгани ҳам эътиборлидир. Зеро, шахматнинг яна бир ўзига хос хусусияти бор. У спорт, фан ва санъатни мужассамлаштирган. Ушбу мусобақаларда қатнашаётган оилалар ҳамжиҳатликда, бир-бирларини қўллаб-қувватлагани, айниқса, ёши улуғ бува ҳамда бувиларимиз бу борада уларга ўрнак бўлаётгани дилни қувонтиради.

Якунда биринчи ўринни Урганч туманидаги “Оқ мактаб” маҳалласидан Одилбек Раҳимов оиласи эгаллади. Кейинги ўринларни Гурлан туманидаги “Янги боғ” маҳалласидан Абдулла Ҳайитбоев ва Боғот туманидаги “Тоза бозор” маҳалласидан Омонгалди Қўчқоров ҳамда Хонқа туманидаги “Илғор” маҳалласидан Бахтиёр Раимовларнинг оилавий жамоалари қўлга киритди.

Мусобақанинг Навоий вилояти босқичида 10 та оилавий жамоанинг 60 нафар вакили иштирок этди.

Қизиқарли спорт тадбирида биринчи ўринни Қизилтепа туманидаги “Тошмасжид” маҳалласидан Хайрулла Йўлдошев оиласи эгаллади. Кейинги ўринлар эса Кармана тумани “Дўрмон” маҳалласидан Яллаевлар ва Навоий шаҳридаги “Янгиобод” маҳалласидан Шерхоновлар оилаларига насиб этди.

— Мазкур турнирнинг оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтиришдаги аҳамияти беқиёс, — дейди Гуллола Ҳусанова. — Баҳсларни кузатиш жараёнида бунга яна бир бор амин бўлдик. Чиндан ҳам, кейинги йилларда оилаларда шахмат ҳамда шашкага бўлган қизиқиш жудаям кучайган. Буни ўзимнинг оилам мисолида айтишим мумкин. Фарзандларим вақт бўлди, дегунча шахмат ёки шашка билан шуғулланади. Умуман, ушбу баҳслар туфайли спортчилар оиласи сифатида ном қозондик. Шундай нуфузли турнирда ғолиблар қаторида бўлганимиздан бахтиёрмиз. Бундан кейин ҳам мазкур спорт турлари билан мунтазам шуғулланиб, уни маҳалламизда янада оммалаштиришга ҳаракат қиламиз.

ўолиблар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, мусобақалар доирасида қатнашчилар учун ҳудудлардаги қадимий зиёратгоҳлар, тарихий обидалар, спорт мажмуалари, музейларга саёҳат ва театр томошалари ҳам ташкил этилди.

Оилалар ўртасида шахмат-шашка бўйича ўтказилаётган “Биз ақл-идрокли оилалармиз” спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn