Мустақил тараққиёт йўлимизнинг теран таҳлили
  • 14 Июль 2016

Мустақил тараққиёт йўлимизнинг теран таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” ва “Ҳаёт синовларида тобланган Қашқадарё эли ҳар қандай юксак маррани эгаллашга қодир” номли китоблари “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг -бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида шу йил 30 июнь — 1 июль кунлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, мазкур вилоятларнинг фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, самимий суҳбатлашди. 

Ушбу китоблардан ана шу суҳбатлар пайтида Юртбошимиз томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ўрин олган бўлиб, уларда нафақат Сурхон ва Қашқа воҳалари, балки бутун мамлакатимизнинг бугунги ҳамда эртанги тараққиёти, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикни, обод ҳамда фаровон ҳаётни янада мустаҳкамлаш ва қадрига етиш, олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни чуқурлаштириш, бунёдкорлик ишларини янги босқичга кўтариш, ёшларимизни соғлом, баркамол қилиб тарбиялаш каби ўта муҳим ҳамда долзарб масалалар бўйича фикр юритилади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизнинг барча ҳудуд ва минтақалари сингари -Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларида ҳам улкан ўзгаришлар рўй бергани мазкур китобларда алоҳида таъкидланади. Мустабид тузум даврида, асосан, пахта хом ашёси етиштириш билан чекланган бу воҳаларда бугунги кунда замонавий технологиялар билан жиҳозланган йирик саноат корхоналари, коммуникация тармоқлари фаолият кўрсатаётгани, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланиб, қишлоқ ҳамда шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгариб, одамларнинг турмуш даражаси, онгу тафаккури, дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бораётгани ва бундай ютуқлар замирида мужассам бўлган омиллар ҳақида теран фикр-мулоҳазалар баён қилинади. 

Мазкур вилоятларнинг ўзига хос табиати, улкан иқтисодий ҳамда инсоний салоҳияти, бетакрор қадрияту анъаналари, Сурхондарё ва Қашқадарё заминининг мард ҳамда олижаноб инсонлари тўғрисида Юртбошимиз катта меҳр ва ғурур туйғулари билан фикр юритади.

Ушбу китобларда тарихан қисқа муддатда Термиз, Қарши ҳамда Шаҳрисабз шаҳарларининг таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб, мамлакатимизнинг энг йирик, жадал ривожланиб бораётган иқтисодий ва маданий марказларига айлангани аниқ мисоллар асосида таҳлил этилади.

Президентимизнинг китобларида мустақиллик йилларида халқимиз, Ватанимиз эришган барча ютуқ ҳамда марраларда ҳамма ҳудудларимиз қатори Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари меҳнаткашларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги чуқур миннатдорлик билан эътироф этилади. 

Ҳажман кичик, лекин мазмунан чуқур бу китобларни “Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олган халқ ўз йўлидан ҳеч қачон қайтмайди” деган ҳаётий ҳақиқат бош ғоя сифатида бирлаштириб туради. 

Мухтасар айтганда, Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур рисолалари истиқлол йилларида мамлакатимиз қандай оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлни босиб ўтгани, мустақиллик ҳар бир вилоятимиз, шаҳримиз ҳамда қишлоғимиз, ҳар бир юртдошимиз ҳаётида буюк ўзгаришларга асос ва замин бўлаётганини чуқур англашга хизмат қилади ҳамда ана шу бебаҳо неъматни қадрлаб, уни ҳимоя қилиб яшашга даъват этади.

ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn