Архив: Ҳужжатларда акс этган ҳаёт
  • 13 Июль 2016

Архив: Ҳужжатларда акс этган ҳаёт

Мустабид тузум даврида халқимизнинг ўтмишидан сўзловчи архив ҳужжатлари йўқотилди, китоблар ёқилди. Аждодлар ва авлодларни боғлаб турувчи муқаддас ришталарга путур етказилди. Ҳар қандай миллатнинг маданий савия даражаси, руҳий қудрати унинг тарихга бўлган муносабатига боғлиқ.

Зеро, ўтмишини бус-бутун, борича асраётган, кўзига тўтиё қилган халқ, ҳеч шубҳасиз, башарият олдида мўътабар бир мақомдадир. Боболар қўлида ҳақиқат машъали бўлган ҳужжатларни бугун ўз кўзи билан кўрган ўспирин тарих олдидаги масъулиятни янада теранроқ англаса, не ажаб. Шу боис ҳар қандай давлатнинг қудрати, унинг ноёб бойлиги дуру жавоҳирлари билан эмас, балки кўҳна битиклар, ёдномалар, тақдирлар акс этган архивлар билан ўлчанади, десак, муболаға бўлмас.

Бинобарин, истиқлолнинг илк йиллариданоқ Ватанимиз тарихини холис ҳамда жиддий ўрганишга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Республикамизда Миллий архив фонди вужудга келди. Ташкилот ва идораларда тарихий, сиёсий, иқтисодий,  илмий ҳамда маънавий аҳамиятга эга ҳужжатларни давлат архивлари сақловига тўлиқ ва ўз муддатида қабул қилиш тизимли равишда олиб борилиши йўлга қўйилди. Натижада мустақилликкача бўлган даврда давлат архивларида сақланаётган Миллий архив фонди ҳужжатлари 4,8 миллион сақлов бирлигини ташкил этган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 8,6 миллионга етди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди давлатга тегишли ва тегишли бўлмаган қисмлардан иборат. Биринчи гуруҳга кимнинг тасарруфида эканлигидан қатъи назар, доимий сақланиши зарур бўлган, давлат мулки ҳисобланган архив ҳужжатлари киради.

Улар, албатта, давлат архивларида ёки қонунчиликда ўзида сақлаш ҳуқуқи берилган муассасаларда сақланиши мумкин. Иккинчи гуруҳи эса доимий сақланиши лозим бўлган, нодавлат корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фаолияти натижасида яратилган архив ҳужжатлари, шунингдек, жисмоний шахслар архив ҳужжатларидан иборат. Улар нодавлат архивларда сақланиши мумкин.

Архивлар ҳар йили фонд ташкил этувчи ташкилотларнинг, яъни жамлаш манбаларининг рўйхатини тузиб боради. Унга давлат органлари билан бирга, жамоат ташкилотлари, корхоналар ҳам киритилади. Бироқ фаолият кўрсатаётган барча жамоат ташкилотлари, корхона ҳамда муассасалар ҳужжатларини давлат сақловига олишнинг имкони йўқ. Шу боис давлат архивларининг жамлаш манбалари рўйхатига киритилмаган ташкилотларнинг ҳужжатларини сақлаш учун нодавлат архивлари ташкил этилмоқда. Улар зиммасига мамлакатимиз ҳаётига оид муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлар сақловини таъминлаш бўйича қатор масъулиятли вазифалар юкланган.

Ўз навбатида, сақлов сифатини таъминлаш ва уларнинг тўлиқ жамланишига эришиш мақсадида соҳа тизими кенгайтирилди. Хусусан, истиқлолгача мамлакатимизда 72 давлат архиви фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 103 тага етди. Бу борада 2010 йил 15 июнда қабул қилинган “Архив иши тўғрисида”ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида архив ишини бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Яратилган қонунчилик тизими архивларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, электрон архив фондларини яратиш, ҳужжатларни қайта тиклаш ва рақамлаштиришнинг замонавий ускуналари билан жиҳозлашда янги истиқболларни очмоқда. 

Бугунги кунга қадар республикамизнинг барча ҳудудида 22 та янги давлат архиви бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилгани фикримизнинг яққол далилидир. Бундан ташқари, 5 та давлат архиви биноси тўлиқ реконструкциядан чиқарилди. Энг муҳими, улар замонавийлиги, илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланиши даражасига кўра ажралиб туради. Амалиётга изчиллик билан татбиқ этилаётган шу каби саъй-ҳаракатлар туфайли давлат архивларининг сиғимдорлиги 2,5 миллион сақлов бирлигига ортди. 

2008 йилдан бошлаб барча давлат архивида ҳужжатларнинг “умри”ни узайтириш мақсадида алоҳида қимматли ҳужжатларнинг электрон нусхаларини яратиш ишларига киришилди. Ҳозирги пайтга қадар 417 минг сақлов бирлигидан ортиқ, шу жумладан, 3,6 миллион қоғоз асосдаги, 205 минг фото, 1600 кино, 2400 фоно архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилиб, жами давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ҳужжатларнинг 35 фоизи электрон форматга ўтказилди.

Бугунги кунда ахборот олишга бўлган эҳтиёж тобора ошиб бораяпти. Мазкур жараён архивлар фаолиятини ривожлантиришда янгича ёндашувни талаб этмоқда. Шу боис мавжуд миллий архив муассасалари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланишига катта эътибор қаратилаяпти. Бу эса иш самарадорлигини оширибгина қолмай, ҳужжатларни сифатли ҳамда узоқ муддат сақлаш имкониятини бермоқда. Шу билан бирга, аҳолининг архив ҳужжатларидан фойдаланишига кенг шароит яратиш мақсадида www.archive.uz сайти мунтазам фаолият юритаётир. Ушбу сайт-да “Хизматлар” ва “Интерактив хизматлар” туркумларида фуқароларга архив муассасалари томонидан кўрсатиладиган хизматларга оид кенг кўламли маълумотлар ҳавола қилинган ҳамда аҳолига он-лайн-қабулхона ва ишонч почтасига мурожаат этиш шароитлари яратилган. Фуқароларга Ягона давлат интерактив хизматлари портали -орқали ҳам яқиндан кўмак берилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архивлари, Тошкент шаҳар ҳамда Сирдарё, Андижон, Қашқадарё, Жиззах вилоятлари давлат архивларида жорий этилган замонавий ахборот (сенсорли) киоскларининг электрон базалари янада кенгайтирилиб, 50 минг 753 та корхона, ташкилот ва муассасанинг давлат архивларида сақланаётган шахсий таркиб ҳужжатлари тўғрисида маълумотлар жойлаштирилди.

Бу каби қулайликлар туфайли ҳужжатлардан фойдаланувчилар ҳамда қизиқувчиларнинг сони тобора ортмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 31 минг 400 дан ортиқ ҳужжат мурожаат қилувчилар томонидан кўриб чиқилган. Фуқароларнинг 190 мингдан зиёд ижтимоий-ҳуқуқий сўровларига жавоб қайтарилган.

Кейинги йилларда архив иши бўйича халқаро ва нуфузли ташкилотлар билан ўзаро алоқалар, шунингдек, ҳамкорлик йўлга қўйилди. Польша, Италия, Греция ҳамда Россия билан соҳага доир ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Республикамизда 28 та касб-ҳунар коллежи, 4 та университетда архив иши ва иш юритиш йўналишида малакали кадрлар тайёрланмоқда. Архив идоралари таълим муассасалари билан ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда. Ёш мутахассисларнинг архивларда амалиёт ўташи, битирув малакавий ишини ҳимоя қилишлари учун кенг имкониятлар яратилган.

2009 йилининг май ойидан бошлаб “Ўзархив” агентлиги Халқаро архивлар кенгашининг “А” гуруҳи (Миллий архив хизматлари) бўйича, ана шу йилнинг ноябрь ойида эса, мазкур кенгашнинг Евро-Осиё ҳудудий бўлимига аъзоликка қабул қилинди. Эндиликда нафақат архив иши бўйича жаҳон тажрибаларини кенг ўрганиш, балки соҳага оид инновацияларни хорижий мутахассислар билан атрофлича муҳокама қилиш имкониятлари вужудга келди. Архив мутахассислари Греция, Франция, Польша, Корея Республикаси, Малайзия сингари давлатларда тажриба алмашиб қайтдилар.

Дарҳақиқат, архивлар — буюк тарихимиз кўзгуси. Уларда халқимиз босиб ўтган ўтмиш, бугунги дориламон кунларимиздан гувоҳлик берувчи ҳужжатлар жамулжам. Демак, уларни келажак авлодга бекаму кўст етказиш соҳа мутахассисларининг муҳим вазифасидир.

Абдушукур АБДУЛЛАЕВ,

«Ўзархив» агентлиги

Бош директори.

 

* * *  

Эътироф

М. ЛАРИН, Архив иши ва иш юритиш бўйича Бутунроссия илмий-тадқиқот институти директори, тарих фанлари доктори, профессор:

— Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳада улкан ютуқ ва марралар қўлга киритилмоқда. Жумладан, архив соҳасини ривожлантириш борасидаги ишларга ҳавас қилса арзийди. Айниқса, Марказий давлат архивлари қадимий ҳамда мамлакатингиз истиқлол йилларидаги ҳужжатларга бойлиги билан ажралиб туради. Уларнинг энг замонавий техника ҳамда технологиялар асосида сақланиши, улардан фуқаролар эмин-эркин фойдаланишини алоҳида таъкидлашни истардим. Ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистондаги архив соҳасида орттирилган бой тажрибадан -дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳам ўрнак олса арзийди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn