«Ягона дарча»: шаффоф ва тезкор
  • 13 Июль 2016

«Ягона дарча»: шаффоф ва тезкор

Бу ҳақда фикр юритишдан аввал қуйидаги маълумотларга эътиборингизни қаратмоқчимиз: ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини ташкил қилишни соддалаштириш ва уларнинг фаолият юритишини енгиллаштириш билан боғлиқ 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

Жорий йилнинг биринчи чорагида эса 8,4 мингта ёки 2015 йилнинг шу давридагига нисбатан 5,5 фоиз кўп янги кичик бизнес субъекти интернет орқали Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатга олинди. Улар 260 турдаги хизматдан фойдаланиш имкониятига эга. Бугунги кунда, шунингдек, солиқ ва статистика ҳисоботларининг 100 фоизи электрон шаклда тақдим қилинмоқда.

Бундай далилларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин қайд этилган маълумотларнинг ўзиёқ қисқа муддат ичида республикамизда рўй берган кенг қамровли янгиланишларни яққол кўрсатади. Бу, албатта, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу асосда қабул қилинган қарорларнинг ижроси самарасидир. Гап шундаки, мазкур ҳужжатларга биноан, шу йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилди.

— 2015 йилнинг октябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган низомларга мувофиқ, “ягона дарча” марказларининг фаолияти тартибга солинган, улар кўрсатадиган хизмат турлари белгилаб берилган, — дейди республика Адлия вазирлигининг жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси бош маслаҳатчиси Камолжон Холиқов. — Ҳозирги кунда республикамизнинг 194 тумани ва шаҳрида ана шундай марказлар тузилган бўлиб, улар ўз фаолиятларини замонавий усулда йўлга қўйишлари учун 3000 дан ортиқ ахборот-коммуникация технологиялари, мебель жамламалари билан таъминланди. Барчаси интернетга уланган. Бу, ўз навбатида, буюртмачиларнинг аризалари бўйича идоралар ўртасида электрон ҳужжатларни тезкор алмашиш имконини беради.

“Ягона дарча” марказларининг кўрсатаётган хизматлари ҳақида гап кетганда, “Ҳам вақтдан, ҳам нақдидан ютасиз”, дейишади. Бу фикрнинг нечоғли ҳақиқат эканлигини билиш мақсадида пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси негизида ташкил этилган ана шундай муассасалардан бирида бўлдик. Унинг биноси аҳоли бориши учун қулай манзилда жойлашган ҳамда ходимлар кун бўйи танаффуссиз, яъни узлуксиз ишлашар экан.

Марказ ташриф буюрувчилар билан гавжум. Ишда тартиб, мижозларга эътибор, хизмат кўрсатишдаги жонкуярлик сезилиб турибди. Марказ директори Саида Жалилованинг айтишича, ўтган йилнинг беш ойида 1074 та мурожаат келиб тушган бўлса, жорий йилнинг шу даврида улар сони 1900 дан ортибди. Айни пайтда жамоа аҳли тадбиркорлик субъектларини муҳандислик-коммуникация тизимига тайёр ҳолда улаш, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, объектни қайта ихтисослаштириш ҳамда реконструкция қилиш, қурилиш-монтаж ишлари, кўчма савдони амалга ошириш, ташқи рекламаларни жойлаштириш, тураржойларни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсат бериш каби хизматларни ўз муддатида бажариш пайидан бўлмоқда. Марказга ҳуқуқшунос, иқтисодчи, ахборот технологиялари мутахассислиги бўйича олий маълумотли ёшлар танлов асосида ишга қабул қилинган. Бу давлат хизмати кўрсатувчи идоралар билан ишлашда қўл келаяпти.

— Биз кийим-кечак савдоси билан шуғулланамиз, — дейди хусусий тадбиркор Азизхон Темиров. — Буюртмани дунёнинг исталган шаҳридан бошқа манзилга интернет орқали етказиб берамиз. Марказга эса гулқоғозлар рекламасининг эскизи бўйича мурожаат билан келдим. Кадрлар — малакали. Рухсатномани ўз вақтида тайёрлаш билан бирга, зарур маслаҳатлар ҳам беришди. Бу масалани электрон тизим орқали ҳам бажарсам бўларди, лекин мутахассисларнинг фикрини олиб, бир қарорга келишнинг фойдаси катта.

— Сезаяпсизми, марказимизга ташриф буюрувчиларга тезкор ва замонавий хизматлар зарур, — дейди Саида Жалилова. — Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши бўйича мутлақо янги тизимни ҳаётга татбиқ этдик. Унга кўра, тегишли ташкилотларнинг ҳудудий корхоналарига техник шартларни олишдан бошлаб, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишгача бўлган барча жараённи амалга ошириш, уларни тадбиркорларга тайёр ҳолда топшириш ваколати берилган. Масалан, тадбиркорлик субъектидан газ тармоғига уланиш бўйича тушган ариза шу заҳотиёқ электрон тизим орқали ҳудудий газ тармоғи идорасига жўнатилади. Сўнгра меъёрий ҳужжатларга асосан, беш кун ичида жавоб олиниб, тадбиркорлик субъектига тақдим қилинади.

— Тадбиркорлар бизга объектни қайта ихтисослаштириш ҳамда реконструкциялаш, қурилиш-монтаж ишларига рухсат олиш, кадастр масалалари бўйича мурожаат этишади, — дейди Бектемир тумани ҳокимлиги ҳузуридаги “ягона дарча” маркази бош мутахассиси Мафтуна Муҳитдинова. — Аризаларни ярим соат ичида расмийлаштириб, мутасадди идораларга юборамиз. Жавобни эса уч — беш кунда олиш мумкин. Табиийки, қулай, тезкор, айни чоғда шаффоф ва самарали хизматдан ҳар қандай киши мамнун бўлади. Яратилган бундай имконият, шарт-шароитларни аввалги даврдаги ҳолатлар билан қиёслаганда, ўзгаришлар моҳияти кўзга янада яққолроқ ташланади.

— Ишбилармонларимиз илгари янги қурилиш қилмоқчи ёки шу билан боғлиқ юридик субъектни очмоқчи бўлса, турли идораларга боришга мажбур бўлишарди, — дейди тадбиркор Баҳодир Раҳматуллаев. — “Ягона дарча” марказлари иш бошлаганидан буён эса бу масалаларга қисқа муддатда ечим топилаяпти. Айтайлик, кичик бизнес субъектини ташкил этиш учун бир кун, архитектура йўналишидаги рухсат берувчи ҳужжатларни олишга эса узоғи билан беш кун кифоя.

“Ягона дарча” марказларида яратилган яна бир қулайлик шуки, бу ерда кўрсатиладиган хизматлар фақат давлат божидан иборат бўлиб, фаолият турига қараб, у энг кам ойлик иш ҳақининг ярми ёки бир бараварини ташкил қилади. Қолган барча маълумот ҳамда маслаҳатлар — бепул.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг юқорида номи келтирилган Фармони ижроси таъминланиши натижасида он-лайн тизими жорий этилгани тадбиркорлик субъектларини 30 дақиқа мобайнида давлат рўйхатидан ўтказиш имкониятини яратди. Бунинг учун шахснинг давлат идорасига келиши ёки банкка бож тўлови учун қатнаши шарт эмас. Эътиборлиси, айни шу тизим шарофати туфайли 2014 йилдагига нисбатан юридик шахслар томонидан тақдим қилинадиган ҳужжатлар сони еттитадан иккитага, хусусий шахсларники беш маротаба камайди.

Бироқ мурожаатлар сони тобора ортиши, яъни ўсиш суръатлари давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари ва тартибларининг ўз вақтида бажарилишига таъсир кўрсатмаслиги зарур. Юртбошимизнинг Фармонига мувофиқ, мазкур жараённинг изчил мониторингини йўлга қўйиш, қонунбузилишининг олдини олиш учун таъсир чораларини кўриш республика Адлия вазирлиги зиммасига юклатилган.

Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар самараси халқаро миқёсда ҳам эътирофини топаётганининг боиси ана шунда. Жумладан, Жаҳон банкининг “Янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган мезони бўйича Ўзбекистон аввалги йилдагига нисбатан 22 поғона кўтарилиб, дунёда 42-ўринни, тузилган шартномалар ижросини таъминлаш бўйича 32-ўринни эгаллаб турган бўлса, мазкур халқаро иқтисодий идоранинг маърузасида эса, юртимиз кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган жаҳондаги ўнта давлат қаторидан жой олгани эътироф этилди.

Бундай юқори баҳоларга изоҳ беришнинг ҳожати бўлмаса керак. Негаки, ҳар бир соҳага доир рақамлар холис таҳлиллар хулосасига асосланади.

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn