Аёллар ижтимоий фаоллигини ошириш — устувор мақсад
  • 12 Июль 2016

Аёллар ижтимоий фаоллигини ошириш — устувор мақсад

Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш айни пайтда мамлакатимизда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг мақсад ҳамда вазифаларига уйғундир. Бу борадаги кенг қамровли чора-тадбирлар аёлларнинг оила ва жамиятдаги мавқеи тобора ошиб боришида муҳим омил бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг самарали ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Хусусан, ноёб тизим — маҳалла институти манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда оилаларни мустаҳкамлаш, аёлларга ҳар томонлама кўмаклашиш марказига айланаяпти. Қувонарлиси, бундай ўзига хос тажриба халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда, буни ўрганиш лозимлиги эътироф этилаётир.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда жойларда ташкил қилаётган Аёллар маслаҳат марказларини нозик хилқат вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси, дейиш мумкин. Зотан, бундай марказлар хотин-қизлар ўртасида маънавий муҳитни соғ-ломлаштириш, тиббий саводхонликни ошириш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, оила институтини ривожлантириш, уй бекаларининг турмуш тарзини, дунёқарашини янада яхшилаш ва турли маънавий-мафкуравий хуружлардан асрашга хизмат қилаётгани билан аҳамият-лидир.

Айни пайтда пойтахтимизнинг қатор туманларида Аёллар маслаҳат маркази фаолият юритмоқда. Айниқса, фарзанд тарбияси ҳамда уй-рўзғор юмушлари билан машғул, иш билан банд бўлмаган уй бекалари жамиятда ўзини тўлақонли ҳис этишида, ижтимоий -фаоллиги ошишида ушбу масканларнинг таъсири ортаётир.

— Баъзан аёлларнинг ўз яқинларига айта олмайдиган масалалари, ўй-фикрлари бўлади. Кимгадир маслаҳат солса, маҳалла-кўйга овоза бўлишидан чўчийди. Бундай аёлларга тўғри йўл кўрсатиш, руҳий далда бериш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш зарур. Марказимиз фаолиятида айнан шу мақсад асосий мезон ҳисобланади, — дейди Олмазор туманидаги Аёллар маслаҳат маркази раҳбари Дилдора Тожибоева.

“Хончорбоғ” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган, замонавий шарт-шароитга эга мазкур марказда хотин-қизларга тиббий, ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий, психологик ёрдам кўрсатишнинг йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. 2014 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган ушбу муассасада хизмат ва маслаҳатлар бепул бўлиб, тажрибали психолог, умумий амалиёт шифокори ҳамда ҳуқуқшунос жалб қилинган.

Маълумотларга кўра, марказга кўпроқ ёш келинлар ва 40 ёшдан ошган аёллар мурожаат этмоқда. Асосан, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликни бартараф қилиш, ўсмир ёшидаги фарзандни тўғри тарбиялаш, ажралиш ёқасида турган оилани сақлаб қолиш, юридик маслаҳат олиш билан боғлиқ мазкур мурожаатлар тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, аёлларга зарур кўмак берилаётир. Бундан ташқари, Олмазор тумани бандликка кўмаклашиш маркази тақдим этаётган вакант иш ўринлари ҳақидаги маълумотнома асосида хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ҳам марказ ташаббус кўрсатмоқда.

— Рўзғори бут, хонадони обод, фарзандларининг эртасидан кўнгли тўқ аёл жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашишга, ўз салоҳиятини, иқтидорини намоён қилишга интилади, — дейди ушбу маскан психологи Сарвинисо Камолова. — Ҳар бир оиладаги файзу барака, тотувлик, маънавий-ахлоқий муҳит ва табиийки, ўша оилада камолга етаётган ўғил-қизларнинг тарбияси кўп жиҳатдан аёлга боғлиқ. Марказимизга келаётган аёлларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш асносида уларда ўзларига нисбатан ишонч ҳамда қатъиятни мустаҳкамлашга алоҳида ёндашамиз.

Марказда, шунингдек, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларни турли диний экстремистик, гиёҳвандлик ва бошқа иллатлардан асраш, одам савдоси қурбони бўлишининг олдини олиш, фарзандларни, айниқса, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тўғри тарбиялаш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг, қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатларига бағишланган -маънавий-маърифий тадбирлар доимий равишда ўтказилмоқда. Малакали мутахассислар томонидан олиб борилаётган бундай тадбирлар аёлларнинг дунёқараши, атроф-воқеликларга муносабати ўзгаришида салмоқли ўрин тутаяпти.

Дарҳақиқат, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати халқнинг, миллатнинг маданий даражасини ҳамда маънавий камолотини белгилайди. Мамлакатимизда аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёт ва маданият соҳаларидаги, давлат ҳамда жамият бошқарувидаги иштироки фаоллашиб бораётгани уларга кўрсатилаётган юксак эътибору ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир. Аслида, ҳар бир аёл учун тинч-фаровон юртда яшашдан, оила ва жамият эъзозида бўлишу соғлом фарзандларни камолга етказишдан ортиқ саодат бўлмаса керак.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn