Ўзбекистон — бахтиёр инсонлар мамлакати
  • 09 Июль 2016

Ўзбекистон — бахтиёр инсонлар мамлакати

Мустақиллик... Ушбу сўз замирида миллионлаб одамлар тақдири, инсон манфаатлари, эркинликлари ва имкониятлари мужассамлашган.

Бир оз мулоҳаза юритиб, яқин ўтмишимиз билан истиқлол даврини муқояса қилган киши буни тезда илғаб олиши табиий. Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?! Кеча на тарихи, на ўзлиги, на миллий урф-одатлари қолган, умри пахта даласида кечган заҳматкаш халқ эдик.

Бугун эса маънавияти юксак, буюк зотлар авлоди эканимизни чуқур англаб, ҳар соҳада улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритаётган озод ҳамда обод юртнинг бахтиёр фуқаросимиз.

Конституциямизда ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли шароитларда ишлаш ҳуқуқларига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Муҳими, шу меъёр амалда ўз ифодасини топмоқда.

Зеро, бугунги глобаллашув даврида дунёнинг кўплаб давлатларида давом этаётган молиявий-иқтисодий инқироз туфайли иш ўринлари камайиши, даромаддаги тенгсизлик каби муаммолар юзага келаётган бир шароитда юртимизда иқтисодиётнинг барқарор суръатлар билан ривожланаётгани, кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати туфайли халқимиз турмуш фаровонлиги тобора юксалиб бораётгани, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун иш ўринлари яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилаётгани барчамизни қувонтиради, албатта.

Бугун республикамизда ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш, ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, иш ўринларини ҳимоялаш, олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, улар учун кафолатланган иш ўринларини яратиш йўналишларидаги тизимли чора-тадбирлар нечоғли самара бераётгани барчага маълум. Масалан, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлиги борасида ўзига хос тизим яратилди. Яъни 12 йиллик таълимдан сўнг коллежларнинг битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Натижада бугун мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларимиз, аввало, давлатимиз ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари кўмагидан баҳраманд бўлмоқда. Ёш мутахассисларни корхона ва ташкилотларга бириктириш, тажрибали мутахассислар кўмагида касб-ҳунар сирларини пухта ўргатиш, энг муҳими, улар бандлигини таъминлаш камдан-кам учрайдиган тажрибадир. 

Истиқлолгача бу борадаги вазият қандай бўлганлигини билиш учун яқин ўтмишимизга назар ташлашнинг ўзи кифоя қилади. Ўша даврда республикамиз иқтисодий, ижтимоий кўрсаткичлар бўйича собиқ иттифоқда ўртача даражадан ҳам пастда турарди. Бир миллион нафарга яқин кишилар ўзига мос ишни топа олмагани ҳам айни ҳақиқат. Инсоннинг ҳар томонлама уйғун камол топиши, шахс сифатида ривожланиши у ёқда турсин, кўпинча яшаш учун керак бўлган энг оддий нарсалар ҳам етишмас эди. Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ривожлантиришдаги қўпол хато ва номутаносиблик ҳамда халқ хўжалигидаги оғир муаммолар юртимизда нафақат иқтисодий, балки ижтимоий тангликни келтириб чиқарганди. Бундан ташқари, аҳолининг иш билан таъминланиши ва миллий даромад шаклланишидаги мураккаб аҳвол оилалар моддий шароитига қаттиқ зарба бергани кечагидек ёдимизда. 

Халқимизни ана шундай даҳшатли танглик гирдобидан олиб чиққан ҳамда бугунги дориламон кунларга бошлаб келган Президентимизнинг мардлик ва қаҳрамонлик намунаси кўрсатганлигини катта авлод вакиллари жуда яхши эслайди. Зудлик билан даромади кам бўлган аҳоли қатламлари — болалар, талабалар, хотин-қизлар, уруш қатнашчилари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ҳамда кучайтириш чоралари кўрилди. 

Иқтисодиётни ижтимоий соҳага йўналтириш, аниқ қилиб айтганда, уни инсон талаб ва эҳтиёжларини қондиришга қаратиш тадбирлари ишлаб чиқилди. Шундан буён юртимизда ижтимоий-меҳнат муносабатларини ривожлантириш, ижтимоий соҳалар — соғлиқни сақлаш, халқ таълими, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар, ёшлар ва кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари устувор бўлиб келмоқда. Эътиборлиси, бу борада тубдан янгича ёндашувлар татбиқ этилиб, аҳоли кам таъминланган қатламининг тегишли муаммолари кечиктирмай ҳал қилинаётир. Хусусан, пенсионерлар, ногиронлар, кўп болали оилаларга қўшимча имтиёз ҳамда кафолатлар берилди. Энг муҳими, бу йўналишдаги ишлар изчил кучайтириб борилаяпти. Буни ҳар йили давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ана шу соҳаларга йўналтирилаётганидан ҳам билиш мумкин. 

Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига кўра, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта мамлакат қаторидан жой олгани, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган “Бутунжаҳон бахт индекси”да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо республикалар орасида 1-ўринни банд этганини эшитиб, бундан фахрланмаган юртдошимиз бўлмаса керак. 

Бозор иқтисодиётини тобора ривожлантириш, жамиятни янада янгилашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар чуқурлаштирилиб, ижтимоий-меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш тизими бугунги кун талаби даражасида такомиллаштирилаётгани инсон манфаатларини тўла таъминлашга хизмат қилаётир. 

Бунда, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжат аҳоли бандлигининг самарали шаклларини жорий этиш, меҳнат муҳофазасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларини моддий ҳамда маънавий қўллаб-қувватлашга доир саъй-ҳаракатларни янада кенгайтириш имконини бераётир. 

Шунингдек, Бош келишув давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий мулоқот ҳамда шерикликни янги босқичга кўтарди. Жумладан, бугунги кунда мамлакат миқёсида амал қилаётган Бош келишув, 95 та тармоқ ва 14 та ҳудудий келишувлар ҳамда бевосита  корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар ҳамда касаба уюшма ташкилотлари ўртасида имзоланган 122 минг 619 та жамоа шартномаси асосида ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлаш, янги иш ўринлари яратилиши устидан давлат ҳамда жамоатчилик назоратини ўрнатиш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларига оғишмай риоя этилишини кафолатлаш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.  

Кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати, ижтимоий шериклик тамойилларини ривожлантириш амалиёти меҳнат муносабатлари соҳасидаги локал ҳужжатлар таркибини кучайтириш имконини бераяпти. Натижада бугун локал ҳужжатлар орқали меҳнат бозорини ривожлантириш, меҳнаткашлар даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари ижобий ҳал этилаётир. Айни чоғда улар ходимлар учун қонун ҳужжатларида кўрсатилганидан юқорироқ тўловни ўрнатиш, тармоқ хусусиятидан келиб чиқувчи масалаларга оид имтиёзлар ҳамда ходимларга узайтирилган асосий ва қўшимча таътиллар берилишида муҳим омил бўлмоқда. 

Мазкур локал ҳужжатларга бутунлай янги йўналишлар, хусусан, ёшлар, аёллар ҳамда оилалар ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга оид қўшимча имтиёзлар киритилаётгани эса аҳолимизни мамнун қилмоқда. Масалан, охирги 5 йил давомида шу ҳужжатлар орқали ижтимоий шериклик асосида 15,5 мингга яқин ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш ва уй-жой қурилиши учун фоизсиз ссудалар берилди. Олий ўқув юртларида ўқиётган 13 минг нафарга яқин талабаларнинг шартнома пули қисман қопланди. Биргина 2015 йилда 721 нафар ходимга сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан 2 млрд. 795 млн. сўмдан зиёд фоизсиз ссудалар ажратилди. Олий ҳамда ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларига устозлик қилаётган 2 минг 200 нафардан ортиқ малакали ходимлар рағбатлантирилди. Шуларга мос равишда 7 минг 200 нафар ёш ходим меҳнат бозорида эҳтиёж мавжуд бўлган касблар бўйича қайта ўқитилди. 

Жамоа шартномалари орқали хотин-қизлар учун яратилаётган имтиёз ва кафолатлар кўлами тобора кенгайтирилаётгани ҳам эътиборга молик. Хусусан, охирги 5 йил давомида 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган 38 минг нафардан зиёд ёш оналарга моддий ёрдам берилди. Нодавлат мулк шаклидаги корхона ҳамда ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган 26,5 минг нафардан зиёд ёш болали аёлларнинг ойлик маоши сақланган ҳолда, иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди. 

Ўзбекистонда мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб жамиятнинг ижтимоий табақалашув даражасини камайтиришга эътибор берилаётгани, содда қилиб айтганда, ўта бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бўлмасин, деган тамойилга амал қилиб келинаётганлиги ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Бугун  юртимиздаги 10 фоиз таъминланган ва 10 фоиз етарлича таъминланмаган аҳоли даромадлари ўртасидаги фарқ, яъни “децил коэффициенти” деб ном олган кўрсаткич барқарор пасайиш тенденциясига эга бўлиб келаётир. Бу рақам 2010 йилдаги 8,5 фоиз ўрнига 2015 йилда 7,7 фоизни ташкил этди.

Даромадлар ўртасидаги фарқни ифода қиладиган яна бир халқаро кўрсаткич барчамизни бирдек қувонтиради: Жини индекси мамлакатимизда 2010 йилдаги 0,390 ўрнига 2015 йилда 0,280 ни ташкил этди. Бу дунёдаги кўплаб ривожланган давлатлардагига қараганда анча ижобий кўрсаткичдир. 

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилаш йўналишида юқори кўрсаткичга эришган 10 та давлатдан бири, деб топилгани бизни беҳад мамнун этди. Маълумки, мазкур соҳаларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳамда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш касаба уюшмаларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ўтган 5 йилда қарийб 53 мингта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган 500 минг нафарга яқин ходимларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди. Биргина 2015 йилда 534 та агрофирмада, 867 та оилавий корхонада меҳнат қилаётган ходимлар, 12,5 минг нафардан ортиқ якка тартибдаги тадбиркорлар касаба уюшмаси хизматига олинди. Бугунги кунда уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқи таъминланмоқда. Хорижий инвестиция иштирокидаги 51 қўшма корхонада касаба уюшма ташкилоти тузилиб, улардаги ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари кафолатланаётганлиги ҳам эътиборли ҳолатдир. 

Ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу амаллардан яна бири ходимлар ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш имтиёзлари кўлами кенгайтирилганидир. Илгари ходимлар ўзлари меҳнат қилаётган корхона, ташкилот ёки муассаса касаба уюшмаси орқали ҳар 5 йилда бир маротаба имтиёзли йўлланмадан фойдаланган бўлса, 2011 йилдан бошлаб ҳар 3 йилда, 2013 йилдан бошлаб эса ҳар 2 йилда йўлланма олиш имконига эга бўлди. Шунингдек, меҳнаткашлар учун йўлланма нархининг 45 фоизини тўлаш тизими жорий этилди. 

Албатта, бу натижалар замирида тизимли саъй-ҳаракатлару изланишлар, муҳими, давлатимизнинг одилона ҳамда оқилона сиёсати мужассамлашган. Бунинг мазмуни ва аҳамиятини халқимизга етказиш айни чоғда долзарб ҳисобланади. Шу мақсадда меҳнат жамоаларида ўтказилаётган тадбирлар ҳамда учрашувларга ёшларни кўпроқ жалб этиш, уларнинг қалбида мустақиллик берган неъматларга шукроналик туйғусини ошириш ва шу орқали уларнинг давлатимиз қудратини янада юксалтириш жараёнидаги иштирокини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Зеро, бугунги дориламон кунларга эришиш осон бўлмаганини тушунтириш ҳамда истиқлол берган неъматларни асраб-авайлаш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

 

* * * 

ЭЪТИРОФ

Гай РАЙДЕР, Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори:

— Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари доирасида қабул қилинган мажбуриятларини муваффақиятли бажариб келмоқда. Айниқса, самарали ижтимоий шериклик йўлга қўйилгани, ҳукумат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий мулоқотнинг изчил олиб борилаётганини эътироф этиш зарур. 

Юртингизда ижтимоий ҳимоя бўйича ўзига хос тизим шакллангани менда илиқ таассурот қолдирди. Қолаверса, халқаро меҳнат стандартлари амалиётга татбиқ этилиши бўйича таҳсинга лойиқ ижобий натижалар қўлга киритилган. Ўзбекистоннинг бу борадаги тажрибаси бошқа мамлакатлар учун ҳам намуна бўлиб  хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

Шаран БАРРОУ, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси бош котиби:

— Юртингиздаги ҳамжиҳатликка ҳавасим келди. Бу ердаги тинчлик ва барқарорлик, барча соҳа изчил ривожланаётгани ҳамда аҳоли фаровонлигининг муттасил ўсиб бораётгани Президентингиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир. 

Ижтимоий меҳнат муносабатлари йўналишида эришилаётган ютуқлар ҳам эътиборлидир. Бунга бир қатор корхона, ташкилот ва муассасаларда бўлиб, ходимлар учун яратилган муносиб меҳнат шароити билан танишиш асносида амин бўлдик. Айни чоғда давлат, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқотни бошқа мамлакатлар учун тавсия этиш фойдали, деб ҳисоблайман.

Меҳнат жамоаларида бўлганимизда, ходимлар кайфияти юқори эканлигини кўриб, қувондик. Улар ойлик маошдан ташқари жамоа шартномалари орқали қўшимча даромадлар олаётганидан жудаям мамнун.

 

Сергеус ГЛОВАЦКАС, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича бюроси бош мутахассиси:

— Ўтган даврда мамлакатингизда жамоат ташкилотлари фаолиятида ижтимоий шериклик борасида катта тажриба тўпланганлигини эътироф этиш ўринлидир.

Муносиб меҳнат шароити яратиш борасида ривожланган давлатларда ҳам айрим камчиликлар мавжуд. Шу маънода, Ўзбекистонда бу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилиб, салмоқли натижалар қўлга киритилаётгани диққатга сазовор. 

Ўзбекистон барча жабҳада дадил илдамламоқда. Буни бетакрор Хива шаҳрига ташрифимиз чоғида ҳам теран англаб етдик. Урганчдан Хивага келишда улкан қурилишлар, обод манзиллар, йўл бўйидаги боғларда етилиб турган меваларни кўриб, кўзимиз қувнади.

 

Ли ЖИАНХОНГ, Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси бошқарма бошлиғи:

— Менга Тошкент шаҳрининг тоза ҳавоси, хусусан, ҳудуднинг саноат корхоналаридан холи эканлиги, кенг, озода кўчалар, чиройли бинолар, дарахт ва гуллар ниҳоятда кўплиги, булар орқали аҳоли учун микроиқлим яратилгани ниҳоятда ёқди. 

Мамлакатингизда аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан, ёшлар ҳамда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлардан ибрат олса, арзийди. 

Меҳнат жамоаларидаги қулай шарт-шароитлар ходимлар фаровонлиги ва ишлаб чиқариш унумдорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонни бахтиёр инсонлар мамлакати, дейишга ҳар томонлама асослар бор.

Танзила НАРБАЕВА, 

Ўзбекистон Касаба уюшмалари 

Федерацияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn