Ободлик халқимиз фаровонлигида намоён бўлмоқда
  • 09 Июль 2016

Ободлик халқимиз фаровонлигида намоён бўлмоқда

Ташаббус бор жойда ҳамиша ривожланиш бўлади. Ана шу омил бугун юртимизнинг барча ҳудудида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан тўла ўз ифодасини топмоқда. Буни жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда, саноат ва шаҳар инфратузилма объектлари мисолида яққол кўриш мумкин.

Албатта, бу каби изчил тараққиёт халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш баробарида, юртимиз равнақига хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бугун республикамизнинг қайсики гўшасига борманг, у ердаги ободлик, янгиланиш ҳамда бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳайрату ҳавасингиз ортади.

Юртбошимизнинг бевосита ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий инфратузилмаси ривожлантирилиб, шаҳар ҳамда қишлоқларимиз замонавий қиёфа касб этмоқда. Биргина Қарши шаҳри ҳам охирги йилларда таниб бўлмас даражада кўркамлашиб, аҳоли учун барча зарур шароитларга эга гўзал масканга айланиб бормоқда. Бу борада -давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаяпти.

Яқинда Президентимиз мазкур сўлим масканга қилган ташрифи чоғида ҳам вилоятдаги қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар ва қишлоқлар қиёфасини янада гўзаллаштириш, аҳолининг дам олиши учун бундан-да кўпроқ қулайликлар яратиш бўйича зарур тавсия ҳамда қимматли фикрларини билдирганди.

Дарҳақиқат, Қашқадарё вилояти иқтисодий салоҳияти, ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат тармоқлари ҳамда қишлоқ хўжалиги билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Омилкор ва ишбилармон инсонлар меҳнати туфайли барча соҳада улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда.

Республикамиз жанубида жойлашган, шўро даврида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланган қолоқ воҳада бугун энг замонавий, илғор инновацион технологиялар билан жиҳозланган корхоналар ишламоқда, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик жадал ривожланаётир. Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми изчил ўсмоқда. Шўртан ва Муборак газ-кимё мажмуалари, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи каби йирик саноат корхоналарида жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотлар тайёрланаяпти. “Ҳисорнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” каби қўшма корхоналар ташкил қилингани яна бир эътиборли жиҳатдир.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 2 августдаги “2013 — 2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга асосан, умумий қиймати 2 миллиард 98 миллион долларга тенг 598 лойиҳа амалга оширилиб, замонавий корхоналар ташкил этилди, 11 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Қарши шаҳрининг ҳудуди 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайтирилди. Янги йўл ҳамда кўприклар, кўп қаватли уй-жойлар, боғу хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари қурилди. Шаҳар марказидаги кўпгина кўчалар кенгайтирилиб, атрофи ободонлаштирилди.

Амалга оширилган “Мароқанд — Қарши темир йўл участкасини электрлаштириш” лойиҳаси ҳам мамлакатимиз транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳага кўра, қарийб 141 километрлик Мароқанд — Қарши темир йўл участкаси тўлиқ электрлаштирилди. Поездлар ҳаракатини бошқарадиган замонавий тизим йўлга қўйилди. Ўтган йили юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездининг фойдаланишга топширилиши ҳам ана шундай бунёдкорлик ишларининг амалий ифодаси бўлди. Муҳими, одамларимиз бугунги кунидан, фаровон ҳаётидан рози бўлиб, бундай имкониятлардан кенг фойдаланмоқда.

Умуман айтганда, вилоятдаги тараққиёту ўзгаришлар одамларнинг ҳаёт даражаси ошишига, мустақил фикрга, замонавий билим ва касб-ҳунарга эга ёшларнинг бу йўлда катта ютуқларга эришишига замин яратмоқда. Президентимизнинг воҳа аҳолиси билан бўлган учрашув ҳамда мулоқотлари, уларда билдирилган фикрлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юқори самаралар келтираётганидан, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги муттасил юксалиб бораётганидан далолат беради.

Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn