Орзу-интилишларимизнинг ёрқин ифодаси
  • 09 Июль 2016

Орзу-интилишларимизнинг ёрқин ифодаси

Шу кунларда барча ҳудудда энг улуғ, энг азиз айём — давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Юртимиз бундан чорак аср олдин ўз мустақиллигини қўлга киритиб, аввало, миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ҳамда суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном олган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда ўзимизга хос ва мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ҳамда ҳаётий эканини тасдиқламоқда.

Кўпни кўрган, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг мардлиги ҳамда матонати эвазига эришаётган бундай юксак марралару натижалар Ватанимизнинг обрўсини янада юксалтириб, кўпгина мамлакатларни қойил қолдираётгани ва уларнинг ҳавасини уйғотаётганига бугун бевосита гувоҳ бўлмоқдамиз.

Аввал тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган бундай оламшумул натижаларнинг асосий омилини, авваламбор, тараққиёт йўлимизда тўсиқ бўлган турли қийинчилик, етишмовчилик, оғир ҳамда машаққатли синовларни енгиб ўтишда халқимизнинг дунёқараши, меҳнатга, ҳаётга муносабати ўзгариб, уларнинг сиёсий онги, ижтимоий фаоллиги, ён-атрофдаги воқеаларга дахлдорлик ҳисси тобора кучайиб бораётганида кўриш мумкин.

Мана шундай кунларда давлатимиз раҳбари Фармони билан “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонининг таъсис этилиши бу борадаги ишларни жадаллаштиришда халқимизнинг янада юксак марралар сари интилиши учун муҳим қадам, десак, муболаға бўлмайди. Бу, шунингдек, мустақиллик йилларида инсон омили юксак даражага кўтарилганининг яққол тасдиғидир. Чунки мамлакатимизда барча соҳада фидойилик намунасини кўрсатиб меҳнат қилаётган инсонларни муносиб тақдирлаш айнан истиқлол даврида давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Эсдалик нишони марказида акс эттирилган Бахтиёр она ва унинг қиёфаси халқимизнинг асрлар давомида шаклланган ҳаёт тарзи, урф-одат ҳамда анъаналари, олижаноб орзу-интилишларини ифода этиши билан алоҳида эътиборни тортади.

Бинобарин, истиқлол шарофати билан инсон, унинг манфаати, турмуш фаровонлигини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мамлакатимизда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезонига айланди. Энг муҳими, эртанги кунимизнинг таянчи ҳамда суянчи бўлмиш ёш авлодни янгича, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, шу юртнинг ҳақиқий эгаси, Ватанимизнинг тақдири ҳамда келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилгани бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Ана шундай шижоату ғайрат билан мамлакатимизда яшаётган барча фуқаро юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол қатнашиб келмоқда.

Юксак ишонч билан айтиш мумкинки, Президентимизнинг Фармони билан таъсис қилинган “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони мустақил тараққиётимизнинг ушбу тарихий санасини кенг нишонлаш, халқимизнинг фидойи фарзандларини муносиб тақдирлаш, юртдошларимизда мамлакатимизда кечаётган тарихий жараёнларга дахлдорлик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ойбек ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn