Юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш
  • 09 Июль 2016

Юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш

амалга оширилаётган таълим ислоҳотларининг бош мақсадидир

Фаровон турмушимиз, фарзандларимизнинг бахту иқболи она Ватанимиз — Ўзбекистон равнақи билан чамбарчас боғлиқ эканини теран англаган ҳар бир юртдошимиз шу кунларда шаҳару қишлоқларимизда олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик юмушларида фаол иштирок этишга ҳаракат қилаяпти. Халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган ўзаро ҳамжиҳатлик, уюшқоқлик, меҳр-оқибат ҳамда хайрли ишларга интилиш ҳисси янада яққол намоён бўлаётир.

Мана шу лаҳзаларда беихтиёр атиги чорак аср олдинги турмуш тарзимиз, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланади. Ўша пайтлардаги ижтимоий ҳаётимиз ҳамда дунёқарашимиз даражасини бугунги кун билан таққослаб, қалбимизда чексиз шукроналикни туямиз.

Ҳақиқатан ҳам, энг буюк неъмат — Мустақиллик туфайли барча жабҳада туб ўзгаришлар рўй бериб, янгиланиш ва босқичма-босқич ривожланишнинг мустаҳкам пойдевори яратилди. Хусусан, муқаддас қадриятларимиз тикланиб, улардан озиқланган ҳолда маънавиятимизни юксалтириш, ўсиб келаётган авлодни ўз заковати билан дунёни лол этган аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялашга устувор аҳамият қаратилди. Бу эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳияти ва кўлами жиҳатидан беқиёсдир.

Президентимизнинг шу йил 30 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни яна бир бор холис баҳолаб, долзарб вазифаларни аниқлаштириб олишга туртки берди.

Давлатимиз раҳбари ташрифини Термиз шаҳрида миллий ва замонавий меъморлик услублари асосида барпо қилинган Хотира майдони билан танишишдан бошлаганида ҳам ўзига хос рамзийлик бор, назаримизда.

2015 — 2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида бунёд этилган бу муаззам майдон аждодлар хотирасига кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Икки гектарни эгаллаган, киши баҳридилини очадиган маскан, халқимизда, айниқса, ёш авлодда ватанпарварлик туйғусини кучайтириш, фарзандларимизни миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда юртимиз барча ҳудудида бўлгани каби Сурхон воҳасида ҳам ўғил-қизларимизнинг ҳар томонлама баркамол вояга етишига хизмат қилувчи иншоотлар сони йил сайин ортиб бораётганини таъкидлаш жоиз. Кўркамликда бири-биридан қолишмайдиган замонавий таълим-тарбия муассасалари, санъат даргоҳлари, спорт объектларидан ташқари мана шундай маънавият масканларини кўриб, қувониб кетади киши. Навқирон авлоднинг маънавий-руҳий оламини бойитиш, ёшларга оид давлат сиёсатининг изчиллигини таъминлаш мақсадларига йўналтирилган чора-тадбирлар нақадар пухта ҳамда узоқни кўзлаб ишлаб чиқилганига ишончимиз ортади. Бинобарин, эркин ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг эртанги куни, озод ҳамда обод Ватанимиз келажаги фарзандларимизнинг камолоти билан чамбарчас боғлиқдир.

Шу нуқтаи назардан, ёшлар манфаатларини кафолатловчи қонун ҳужжатларининг ижроси самарадорлигини ошириш, аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этувчи бу қатлам вакиллари орасига кенгроқ кириб, уларни ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганиш, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш долзарб вазифалардан саналади. Зотан, дунёда глобаллашув жараёни тобора шиддатли тус олаётган, ҳар хил мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб давр ёшларимизни турли хуружлардан асраш, уларда маънавий-ахлоқий етукликни ривожлантириш, ҳушёрлик ва огоҳликни кучайтиришни тақозо қилмоқда. Бу жараёнда биз, сенаторлар янада ташаббускор ҳамда фаол бўлмоғимиз ҳаётий заруратдир.

Шоҳида АРИПОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn