Юксак ишонч масъулияти
  • 08 Июль 2016

Юксак ишонч масъулияти

Президентимиз ўтган ҳафтада жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларига ташрифи давомида биз, воҳа миришкорлари меҳнатига ҳам юқори баҳо бердилар.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг фермер ва деҳқонларимиз учун масъулиятли бўлган шу кунларда сизларнинг ёнингизга келиб, дилдан суҳбатлашиш, ҳол-аҳвол сўраш, ҳорманг, дейиш менга катта мамнуният бағишлайди, деган сўзларидан жуда тўлқинланиб кетдик.

Аслида, бу соҳада эришилаётган муваффақиятларнинг бош омили ер эгалари доимий қўллаб-қувватланаётганида, деб биламан. Айниқса, уруғлик, ёнилғи-мойлаш материаллари ҳамда ўғит таъминоти, замонавий техника воситаларини сотиб олиш борасида йўлга қўйилган самарали механизм қишлоқ мулкдорининг кўпроқ деҳқончилик, пахта ва ғалла парвариши билан шуғулланиши учун имконият яратиб берганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу эса, ўз навбатида, ер унумдорлигини ошириш, юқори ҳосил етиштиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Истиқлол шарофати билан деҳқоннинг елкасига офтоб теккани рост. Фермер бўлдик. Эл орасида ҳурмат-эътибор қозондик. Бугун қўлимизни қаерга узатсак, етади. Заминдан ризқ ундириб, халқимизга улашаяпмиз. Ортгани ўзимиз, жамоамиз аъзолари турмушига файз киритмоқда. Муҳими, меҳнатимизнинг роҳатини кўраяпмиз.

Мана, бу йил мўл ҳосил етиштириб, давлатга 76 тонна ғалла сотдик. 54 тоннаси жамоамиз ихтиёрида қолди. Очиғи, об-ҳаво инжиқликлари келтирган ташвишлар унутилди, чарчоғимиз тарқади. Ишончни оқладик. Вилоятимиз хирмони ҳам, деҳқонларимиз омбори ҳам донга тўлди.

Албатта, бундай муваффақиятлар Қашқадарёда бунёдкорлик ва ободончилик ишларига ҳам кенг йўл очмоқда. Бугун Қарши ҳамда Шаҳрисабз чиройига мафтун бўлаётганлар кўп. Тарихий обидаларимиз билан бирга, истиқлол йилларида қурилган иншоотларимизнинг маҳобатию салобати таърифига сўз етмайди. Шулардан ғурур-ланаман. Қаранг, биргина вилоятимиз маркази ҳудуди кейинги йилларда 9 минг гектардан 17 минг гектарга кенгайди. Мустақиллигимизнинг 24 йиллиги арафасида -Қаршига юқори тезликда ҳаракатланувчи “Аfrosiyob” электропоезди қатнови йўлга қўйилганини воҳа аҳли ҳаяжон билан ёдга олади. Юртбошимиз Қарши шаҳридаги “Қарши” темир йўл вокзали, “Насаф” марказий стадиони, курант минораси, замонавий -талабларга мувофиқ реконструкция қилинган Амир Темур тарихий кўпригини кўздан кечириш асносида вилоятимизнинг меъморий қиёфасини янада гўзал ва жозибали этишга қаратилган таклифу тавсияларини айтдилар.

Инсон эътибордан куч олса, меҳрдан, ғамхўрликдан кўнгли яйрайди. Президентимиз қишлоқ жойларда биз, фермер ҳамда ишчиларнинг меҳнат қилишимиз, дам олишимиз учун яратилган имкониятлар билан қизиқдилар. Оилавий аҳволимизни суриштирдилар. Шунингдек, ҳосил сифатини янада яхшилаш, даромадни кўпайтириш масалалари билан жиддий шуғулланиш лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Мулоқот чоғида фермерлик ҳаракатини бундан-да юксалтиришнинг қўшимча омилларини кўрсатиб бердилар. Учрашувдан олган унутилмас таассуротларимиздан бири биз, ер эгаларига билдирилган улкан ишонч бўлди. Бу эса ҳар биримизни юрт тараққиёти йўлида янада фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Ҳотам ЖУМАЕВ,

Қарши туманидаги «Шукрона» фермер хўжалиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn