Тажриба ва маҳорат мактаби
  • 08 Июль 2016

Тажриба ва маҳорат мактаби

Аввал хабар қилинганидек, шу кунларда “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилмоқда. 

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, “Камолот” ЁИҲ, Ички ишлар, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу танлов фуқаролар йиғинлари фаоллари, хусусан, маслаҳатчилар билим ҳамда малакасини ошириш, шу орқали маҳалла институтининг нуфузини янада юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Танловнинг Жиззах вилояти босқичи ҳам юқори савияда уюштирилди. Унда жорий йилнинг ўтган даврида ҳудуддаги 303 та фуқаролар йиғинида фаолият олиб бораётган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчилар томонидан миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, эзгу анъаналарни улуғлаш, аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар орасида ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш бўйича 

25 мингдан зиёд, оилавий низоларни ижобий ҳал этишга қаратилган 2,5 мингдан ортиқ ва ёш оилаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган мингдан кўпроқ тадбирлар ташкил этилгани таъкидланди. 

Байрамона руҳда кечган танловда иштирокчилар фаолиятидан ҳикоя қилувчи кўргазма намойиш қилинди. Уларда маҳалла ҳаёти, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ибратли миллий анъана ҳамда урф-одатларимизни ривожлантириш ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар фотоальбом, плакат ҳамда стендлар орқали очиб берилди. 

Кўрикнинг вилоят босқичида фуқаролар йиғинларининг 13 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси қатнашди.

Уларнинг фаолиятига оид ҳужжатлари ҳамда бу борадаги кўрсаткичлари, амалга оширган ишлари ва ижобий иш тажрибаларининг тақдимотлари, шунингдек, иштирокчиларнинг қонун ҳужжатлари ҳақидаги билимлари ҳакамлар ҳайъати томонидан ошкоралик, адолатлилик ҳамда тенглик тамойиллари асосида баҳоланди.

Ҳакамлар хулосасига кўра, ўаллаорол туманидаги “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғинининг маслаҳатчиси Марҳабо Юнусова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

— Камтарона меҳнатим юқори даражада баҳоланганидан мамнунман, — дейди у. — Маҳалламизда фаолларимиз билан ҳамкорликда хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар юқори савияда ташкил этилаётгани боис сўнгги йилларда бундай ҳолатлар учрамади. Маҳалламизда бу борада тўпланган иш тажрибалари қатнашчиларда илиқ таассурот қолдирди. Юксак эътирофдан руҳланиб, фаолиятимизни янада кучайтиришга астойдил ҳаракат қиламиз.

Самарқанд вилоятидаги 1245 та фуқаролар йиғини томонидан аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида миллий қадриятларимиз, анъанаю урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш ҳамда асраб-авайлаш, улар онгига она-юртга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини сингдиришга қаратилган маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳам доимий эътиборда. Муҳими, салмоқли натижалар қўлга киритилаётир. Бу борада 1108 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчининг ҳам катта ҳиссаси бор. 

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида ана шундай юқори натижаларга эришган 16 нафар маслаҳатчи учта шарт асосида ғолиблик учун кураш олиб борди. Аввало, маслаҳатчилар иш фаолияти тақдимот асосида ўрганилди. Шунингдек, “Оила — маҳалла — таьлим муассасаси” ҳамкорлиги, “Ота-оналар университетлари” фаолияти қандай ташкил этилганига эътибор қаратилди. Иштирокчиларнинг ўз иқтидорини намоён этиш қобилияти ҳам инобатга олинди. 

Барча шарт бўйича юқори баҳони қўлга киритган Жомбой туманидаги “Тут” маҳалла фуқаролар йиғинининг маслаҳатчиси Шоира Амирова ғолиб, деб топилди.

— Маҳалламизда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар, хусусан, ёшларимизнинг ижодий ҳамда спорт тўгаракларига жалб қилинаётгани жуда фойдали бўлаяпти, — дейди танлов ғолибаси. — Ҳакамлар томонидан фаолиятимизнинг шу қирралари чуқур таҳлил этилди. Уларнинг юксак эътирофига лойиқ бўлганимдан хурсандман. Табиийки, бу бизни янада кўпроқ ишлашга илҳомлантиради. Зеро, биз бу ерда эътибор қаратишимиз керак бўлган масалаларни ўзимизга белгилаб олишдан ташқари, ҳамкасбларимизнинг илғор иш тажрибаларини ўзлаштирдик. 

Фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, маҳалланинг маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги намунали иш тажрибасини ўрганиш, рағбатлантириш ҳамда кенг оммалаштириш мақсадида ўтказилган мазкур танловнинг Тошкент шаҳар босқичида 11 нафар маслаҳатчи қатнашди. 

— Иштирокчилар фаолияти адолатли баҳоланди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Тошкент шаҳар бўлими бош мутахассиси О. Орипова. — Қизғин баҳслар якунида Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Белтепа” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Феруза Раҳматуллаева ғолиб бўлди. У маҳаллада ёшлар билан ишлаш, уларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш каби бир қатор йўналишлардаги ибратли ишлари билан эътирофга сазовор бўлди. 

— Ушбу тадбир давомида қилган меҳнатларимиз, эришган ютуқларимиз юзага чиқди, — дейди Ф. Раҳматуллаева. — Айни чоғда бу ерда билим ҳамда тажриба алмашдик. Бу, албатта, фаолиятимизни янада ривожлантиришимизда айни муддаодир.

Танловнинг Қарши шаҳридаги амфитеатрда бўлиб ўтган Қашқадарё вилояти босқичида шаҳар ва туман босқичлари ғолиби бўлган 14 нафар маслаҳатчининг соҳага оид қонун ҳужжатлари бўйича билимлари синовдан ўтказилди. Шунингдек, маҳаллалар ҳамда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, миллий анъана ва урф-одатларни сақлаш ҳамда ривожлантириш, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ишини такомиллаштириш, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан, хотин-қизлар ҳамда ёшларни тадбиркорликка жалб этишга кўмаклашиш йўналишларидаги саъй-ҳаракатлари ҳакамлар ҳайъати томонидан таҳлил қилинди.

Қизғин баҳслар асосида ўтган ушбу танлов якунида Шаҳрисабз туманидаги “Шаматон” қишлоқ фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойгул Жабборова биринчи ўринни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди.

—  Бундан жудаям хурсандман, — дейди у. — Айни чоғда бу биз учун маҳорат мактаби бўлганлигини ҳам айтиб ўтишни истардим. Зеро, бошқа ҳамкасбларимнинг тақдимотлари жуда фойдали бўлди. 

Маҳаллаларда ишлаб чиқарилаётган миллий ҳунармандлик ҳамда халқ амалий санъати буюмлари кўргазмаси билан бошланган танловнинг Фарғона вилояти бос-қичида 19 нафар маслаҳатчи ўзаро баҳс олиб борди. Аввало, улар томонидан маҳаллаларда барқарор маънавий-ахлоқий муҳитни таъминлаш, миллатлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳамда ёшлар орасида спортни оммалаштириш, жамоатчилик назоратини изчил амалга ошириш, тўй ва бошқа маросимларнинг ихчам ўтказилишини таъминлаш йўналишларидаги чора-тадбирларга эътибор қаратилди. Шу билан бирга, кундалик ҳаёт ҳамда иш жараёнида учрайдиган муаммоли вазиятларни еча олиш салоҳиятини ва ташкилотчилик ҳамда ташаббускорлик қобилиятини намойиш этишлари учун кенг имконият берилди. 

Якунда Бувайда туманининг “Бегобод” маҳалла фуқаролари йиғини маслаҳатчиси Матлубахон Қўшақова биринчи ўринга муносиб, деб топилди.

— Жамиятда аҳиллик-тотувликни таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ёшларнинг баркамол улғайишида маҳалланинг ўрни ошмоқда, — дейди у. — Хусусан, бизнинг маҳалламизда 2150 нафардан ортиқ киши истиқомат қилади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз боис ҳудудимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Барчанинг юз-кўзида бугунги осуда кунлардан мамнунлик балқиб туради. Пана-пастқам бинолар, томида майса ўсадиган уйлар ўрнида кўркам иморатлар, аҳолига маиший ва савдо хизматларини кўрсатиш мажмуалари қад ростлаган. Яқинда улар ёнидан -тикувчилик цехи, новвойхона, хўжалик моллари дўкони ўрин олди. Натижада яна 9 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

Мазкур кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари якунланди ҳамда уларнинг ғолиблари келгуси ҳафтада ўтказилиши режалаштирилган республика босқичига йўлланма олди.

Айни кунларда танловнинг республика босқичини Гулистон шаҳрида юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш юзасидан ҳудудларда амалга оширилаётган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари жараёнида ўтказилаётган якуний босқич уларга янада байрамона шукуҳ бағишлаши, шубҳасиз.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ижтимоий шериклик Юксак ишонч масъулияти »