Ижтимоий шериклик
  • 08 Июль 2016

Ижтимоий шериклик

хайрли ташаббус ва эзгу ғоялар рўёбига хизмат қилмоқда

“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун” тамойили мамлакатимизда олиб борилаётган демократик янгиланишларнинг асоси ҳисобланади. Турмуш тарзимиздаги, дунёқарашимиздаги ўзгаришлар, аҳоли барча қатламида ижтимоий фаоллашув сезиларли даражада ошаётгани бунинг ёрқин ифодасидир.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари раҳнамолигида инсон ва унинг манфаатлари йўлида рўёбга чиқарилаётган кенг кўламли ишлар, эзгу ғоя ҳамда ташаббуслар жамият ҳаётининг барча жабҳасида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.

Мана шундай шароитда, табиийки, фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, -нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам жадал ривожланиб бораётир. Фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор -топтиришга кўмаклашаётган мазкур институт пировард мақсад — халқимизнинг тинч, осойишта ҳамда фаровон турмуш кечиришини кафолатлашга йўналтирилган 

қонун ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини таъминлашда муносиб қатнашмоқда.

Хусусан, Андижон вилоятида истиқлолнинг дастлабки йилларида нодавлат нотижорат ташкилотлари сони ўнтага ҳам етмас эди.

Ҳозирги пайтга келиб, улар 650 тадан ошди. Айни чоғда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари аҳолига тиббий-психологик ҳамда маънавий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд инсонларни ижтимоий муҳофаза этиш, жойларда фуқаролар дуч келаётган турли муаммоларга ечим топиш, кичик бизнесни равнақ топтириш каби йўналишларда самарали фаолият юритаётир. Бунда, албатта, республикамизда фуқаролик жамияти институтларини ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш механизмининг яратилгани муҳим омил бўлаяпти.

— 2011 — 2015 йилларда Андижондаги 173 ННТ ўзининг 233 ижтимоий лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди грант танловларида қатнашди, — дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг Андижон вилоятидаги ресурс маркази раҳбари Холида Мирзараҳимова. — Ушбу лойиҳаларнинг 64 таси юқори баҳоланиб, 823 миллион 400 минг сўм миқдорида грант маблағи ажратилди. Таъкидлаш жоизки, мазкур грант маблағлари асосида амалга оширилган ҳамда ҳамон давом эттирилаётган лойиҳалар аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ногиронлар ижтимоий реабилитацияси сингари долзарб масалаларни қамраб олган. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни муваффақиятли бажаришида айнан давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни -мустаҳкамлаётгани, бошқача айтганда, ижтимоий шериклик институти такомиллашиб бораётгани ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 1 январдан амалиётга татбиқ этилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида ўзига хос янги даврни бошлаб берди. Буни Андижон вилоятидаги “Меҳримиз сизга” маркази мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

2007 йилда ташкил қилинган ушбу марказ фаолияти бугун дунёдаги глобал муаммолардан бири ҳисобланмиш одам савдосига қарши курашиш, мушкул аҳволдаги хотин-қизлар ҳамда уларнинг оилаларига ижтимоий, тиббий, психологик ёрдам кўрсатишга қаратилган. Моҳиятига кўра, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадига йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда ҳудуддаги давлат ва нодавлат тузилмалар билан якдиллик, ижтимоий шериклик айни муддао бўлмоқда. Жумладан, марказ Андижон вилояти ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда халқ таълими бошқармалари, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлими билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

— Сир эмас, тушкунликка тушган опа-сингилларимизга оилада ва жамиятда яна ўз ўрнини топиши учун кўмаклашиш ҳаётий заруратдир, — дейди Холида Мирзараҳимова. — Шу маънода, “Меҳримиз сизга” марказининг ижтимоий лойиҳалари инсонларга меҳр кўрсатиш, йиқилганни суяшдек халқимизга хос эзгу фазилатларга уйғун, десак, муболаға бўлмайди.

Марказга “Ишонч телефони” орқали жорий йилнинг ўтган даврида элликдан зиёд мурожаат келиб тушган. Марказ мутахассислари томонидан уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, тегишли давлат ташкилотлари ҳамда идоралари билан ҳамкорликда амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, “Меҳримиз сизга” маркази томонидан иш билан банд бўлмаган хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Марказ қошида “Бу Ватанда азиздир инсон” деб номланган лойиҳа доирасида очилган қандолатчилик цехи ва тикувчилик курсида ижтимоий муҳофазага муҳтож хотин-қизлар ҳунар ўрганаяпти. Жорий йилда ушбу курсларни тамомлаган йигирмадан зиёд хотин-қизлар ҳозирги вақтда доимий иш жойи ҳамда барқарор даромад манбаига эга.

Марказ фаоллари ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш мақсадида вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, таълим муассасаларида ўтказаётган давра суҳбатлари, учрашув ва мулоқотлар аҳоли, айниқса, аёллар ҳамда ёшларнинг бу борадаги тушунчаларини бойитиш воситаси бўлмоқда. Шунингдек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, “Биз соғлом турмуш тарзини танлаймиз!” мавзуида уюштирилаётган семинар-тренинглар бирламчи тиббий муассасалар ходимлари, фуқаролар йиғинлари вакиллари ўртасида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда тиббий маданиятни юксалтиришга доир намунали -тажрибаларни оммалаштиришга йўналтирилган.

Марказда хотин-қизларга тадбиркорлик ҳамда оилавий бизнесни ташкил этиш йўл-йўриқлари ҳақида тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилиб, банкдан кредит олиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилаётгани мақтовга сазовордир. Энг муҳими, бу хайрли тадбирларнинг барчаси давлат органлари билан йўлга қўйилган ижтимоий шерикликка асосланмоқда.

Мамлакатимизда мазкур институт изчил ривожланиб бораётганини, бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланаётганини Андижон вилоятидаги биргина марказ фаолиятида кўрсатишга ҳаракат қилдик. Ваҳолонки, бундай нодавлат тузилмалар юртимиз ҳудудларида жуда кўп. Уларнинг давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ижтимоий барқарорликка, эзгуликка хизмат қилмоқда.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn