Шарқ дурдонасининг мафтункор табиати
  • 08 Июль 2016

Шарқ дурдонасининг мафтункор табиати

Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, ноёб тарихий обидалари, номоддий маданий мероси азал-азалдан дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келади. Зотан, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимий шаҳарларимиздаги нилий гумбазли осориатиқалар жаҳоннинг ҳеч бир ерида учрамайди. Шунинг учун ушбу муаззам диёрни Шарқнинг дурдонаси, жаннатмонанд ўлка, дея эътироф этишади. 

Айниқса, юртимиз бебаҳо флора ва фаунага эгаки, унинг тароватидан йилнинг тўрт фаслида ҳам бирдек баҳраманд бўлиш мумкин. Буни экспертлар бир неча биогеографик ҳудудлар айни шу жойда туташгани билан изоҳлашади.

Яъни республикамиз рельефи ўзига хос бўлиб, у 10 пасттекислик ҳамда 12 тоғли кўринишдаги геологик тизимдан иборат. Бундан ташқари, унинг ландшафти ҳам ниҳоятда ранг-баранг. Соҳага доир илмий экспедиция натижаларига қараганда, мамлакатимиз ҳудудида ўн беш минг турга яқин умуртқасизлар ва етти юз турдан зиёд умуртқали жониворлар, ҳайвонот дунёсининг эндемик эллик уч тури, масалан, Северцов тоғ қўйи, Рустамов сцинк геккони фақатгина бизнинг ҳудудда учраши фикримизнинг яққол тасдиғидир.

Шу билан бирга, ўлкамиз флорасида 4500 турдаги ўсимлик мавжуд бўлса, уларнинг 130 таси, шу жумладан, лола, эремурус, астрагал  каби наботот намуналари айнан бизнинг табиатимиз мулки ҳисобланади. Қолаверса, грек ёнғоғи, оддий ва Бухоро бодоми, анор, -Сиверс олмаси, писта каби мевали дарахтлар ёввойи табиатимизда асл ҳолида сақланиб қолганки, улар озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё бўлиши баробарида, қишлоқ хўжалигида янги ва бебаҳо навларни яратишда генетик асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли учун қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган оқилона сиёсат юритилаётгани туфайли камёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари кўпайтирилиб, биохилмахиллик таъминланаётгани кўпчиликнинг ҳавасини келтирмоқда. Бунда соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асоси яратилгани, халқаро ҳужжатлар талаблари изчил ижро этилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.  

 

Ўтмишнинг аччиқ сабоқлари

Очиғи, бугунги экологик барқарорликка осонликча эришилгани йўқ. Буни ўтган -асрдаги аянчли ҳолатдан хабардор кишилар яхши билишади. Чунки ўша пайтларда табиат мулкига шафқатсиз муносабатда бўлиниб, у собиқ иттифоқ манфаатларигагина хизмат қилар эди. Устига-устак, қишлоқ хўжалигида кимёвий воситалардан ҳаддан зиёд кўп фойдаланилиши оқибатида табиатга жиддий зарар етди. Бу, ўз навбатида, инсон саломатлигига хавф туғдирибгина қолмай, балки ўсимлик ва ҳайвонот оламининг айрим турлари йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлди. 

Энг ачинарлиси, тизимли қонунчиликнинг йўқлиги туфайли атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ишлари ўлда-жўлда қолиб, табиат неъматлари аёвсиз равишда ўзлаштирилар, биохилмахиллик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Бундай номақбул ёндашув туфайли бир авлод кўз ўнгида Орол денгизи қуриди. 

Гап шундаки, Амударё ҳамда Сирдарё сувининг Оролга қуйиладиган умумий ҳажми -кейинги эллик йил ичида қарийб 5 баробар камайиб, унинг қуриган қисми ўрнида 

5,5 миллион гектар майдондан зиёд янги Оролқум саҳроси ҳосил бўлди. Бу ердан ҳар йили атмосферага қарийб 100 миллион тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, у қум бўронлари ҳамда кучли шамоллар таъсирида нафақат мазкур ҳудудга, балки анча олис минтақаларга ҳам тарқалмоқда.

Денгиз сувининг шўрланиш даражаси 25 марта ортиши балиқ ва бошқа денгиз мавжудотларининг деярли буткул йўқолишига олиб келгани аянчлидир. Оқибатда Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолди.  

Энди Оролни қайта тиклаш имконсиз эканлигини ҳеч ким инкор этолмайди. Аммо экологик муаммонинг салбий таъсирларини юмшатиш, ҳудудда истиқомат қилаётган аҳоли учун қулай ижтимоий-экологик муҳит яратиш, биологик хилмахилликни таъминлаш саъй-ҳаракатлари асло сусайтирилгани йўқ. Бу борада Ҳукуматимиз томонидан тасдиқланган, 2015 — 2018 йилларга мўлжалланган дастур муҳим омил бўлаётир. Унга кўра, флора ҳамда фаунанинг камёб ва йўқ бўлиб кетаётган турларини муҳофаза этиш ишларини кучайтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Навоий вилоятида умумий майдони 3,7 млн. гектарга тенг муҳофаза қилинадиган янги табиий ҳудудларни яратиш, хусусан, Оролбўйи минтақасида “Жанубий Устюрт” миллий боғини бунёд этиш, Амударё қуйи ирмоқларида табиий тўқайзорларни тиклаш бўйича лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилаётгани ана шундан далолат беради.

 

Мустаҳкам экологик ҳуқуқ асослари

Ўзбекистон БМТга аъзо бўлганидан сўнг 1995 йилда унинг Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенциясига қўшилди. Бу, аввало, Ўзбекистоннинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги глобал жараёнларда иштирок этишга интилишини ифодалаган бўлса, қатор мамлакатлар, халқаро экологик ташкилотлар ўртасида имзоланган битимлар биохилмахилликни сақлаш, умумий экологик масалаларни минтақавий даражада ҳал қилиш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам таянч бўлди. Натижада истиқлол йилларида табиатни муҳофаза этиш соҳасида қирққа яқин халқаро лойиҳалар амалга оширилди. 

Таъкидлаш керакки, юртимизда Конвенция доирасида 1998 йили биринчи Миллий стратегия қабул қилинди. 

10 йилга мўлжалланган ушбу ҳужжат асосида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, бошқаришнинг институционал ва қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш, биохилмахиллик бўйича марказлашган маълумотлар банкини ташкил қилиш, экологик-иқтисодий ҳудудлаштириш каби масалалар борасида муайян ишлар бажарилди. 

Биохилмахилликни сақлаш бўйича 2016 — 2025 йилларга мўлжалланган янги Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиши эса экотизимларнинг бутун мажмуаси ҳамда уларнинг алоҳида таркибий қисмларини сақлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди. Бу жараёнда халқаро конвенцияларнинг стратегик режалари, табиатни муҳофаза этишда фойдаланилаётган замонавий ёндашувлар ҳисобга олинди. 

Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш, биохилмахилликни сақлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида 30 та қонун ҳамда 100 дан зиёд қонуности ҳужжатларни қамраб олган меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилган. Ноёб ва йўқ бўлиб кетаётган ҳайвонлар ҳамда ўсимликлар аҳволи ва сони бўйича тадқиқотлар мунтазам равишда олиб борилмоқда. 1991 йилдан буён “Қизил китоб” тўрт марта чоп этилган бўлса, ҳозирги вақтда унинг бешинчи нашри тайёрланмокда.

Юртимизда ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсидан фойдаланишни давлат томонидан тартибга солиш тамойиллари жорий қилингани эса табиатдан фойдаланувчилар ва назорат органлари ўртасида самарали муносабатлар тизимини шакллантириш, биохилмахилликни таъминлашда таъсирчан иқтисодий механизмлардан фойдаланиш имконини бермоқда. 

Гап шундаки, табиий ресурсларни бошқариш, уларни сақлаб қолиш, ягона ахборот базасини шакллантириш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш учун замонавий геоинформацион тизимлардан фойдаланган ҳолда, ҳайвонот ҳамда ўсимликлар дунёси кадастри юритилаяпти. Янги ишлаб чиқариш жараёнларида эҳтимол тутилган хатарларни аниқлаш учун эса давлат экологик экспертизаси ўтказилиб, лойиҳалаштирилаётган хўжалик ва бошқа турдаги фаолиятнинг атроф-муҳитга бўлган таъсири  баҳоланаётир.

Табиатни муҳофаза этиш сиёсатининг ўзимизга хос жиҳатлари ҳақида сўз юритилганда, ҳар беш йилга мўлжаллаб қабул қилинаётган Давлат ҳаракат дастурларининг аҳамиятини алоҳида қайд этиш жоиз.  Негаки, тегишли вазифалар мажмуини қамраб олган мазкур ҳужжатлар экологик барқарорлик ҳамда хавфсизлик, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида барқарор ривожланишнинг экологик асосларини жорий қилишга қаратилган. Эътиборлиси, уларни молиялаштириш ҳажмлари сезиларли даражада оширилмоқда. Агар 2008 — 2012 йилларга мўлжалланган дастур доирасида қарийб 640 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилган бўлса, 2013 — 2017 йилларга мўлжалланган дастур ижросига салкам 2 млрд. доллар ажратилди.

Умуман олганда, мустақиллик йилларида шакллантирилган табиат муҳофазасига доир миллий қонунчилигимиз биохилмахилликни сақлаш бўйича самарали бошқариладиган тизимнинг асосини ташкил этди.

 

Борлиқнинг борича сақланган ҳудудлари

Табиатда камайиб бораётган наботот ва ҳайвонот турларини сақлаб қолиш, уларни кўпайтиришда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ)нинг ўрни беқиёс. Юртимизда истиқлол йилларида бундай ҳудудлар 1 млн. 459 минг 104 гектарга кенгайтирилиб, уларнинг умумий майдони 2 млн. 

461 минг 710 гектарга етказилди. Бу ерда саккизта қўриқхона, иккита миллий табиат боғи ва битта миллий боғ, 10 та табиат ёдгорлиги, 13 та буюртмахона, 1 биосфера резервати ҳамда битта экологик марказ фаолият кўрсатаяпти. 

Экологик жиҳатдан репрезентатив МЭТҲ тизимини яратиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилиб, республикамиз учун янги турдаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бунёд қилингани биологик хилмахилликни таъминлаш борасидаги муҳим босқич бўлди, дейиш мумкин.  

Шу билан бирга, мамлакатимизда экзотик ҳайвонларни кўпайтириш бўйича 22 питомник, жайрон, Бухоро тоғ қўйи, чўл тошбақаси каби судралиб юрувчи ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаш ҳамда кўпайтириш бўйича 19 та питомник, шу жумладан, Бухоро ва Навоий вилоятларида орнитофауна вакилларидан СИТЕС конвенцияси иловасига киритилган йўрға тувалоқни сақлаб қолиш ҳамда кўпайтиришга ихтисослаштирилган иккита питомник, шунингдек, 13 та зообурчак ва ҳайвонот боғлари ташкил этилгани тизимда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир. 

Кейинги 10 йил мобайнида олиб борилган илмий тадқиқот ва амалий ишлар бой биохилмахилликка эга бўлган табиий экотизимларнинг глобал аҳамияти ва ноёблигини яна бир карра тасдиқлади. Натижада улар асосида 2023 йилга қадар муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғини кенгайтириш ҳамда ривожлантириш дастури тайёрланди. У МЭТҲ майдонини 7 млн. гектарга кенгайтиришни назарда тутадики, бу — келгусида борлиқнинг борича сақланган майдонлари мамлакатимиз ҳудудининг 17 фоизини ташкил қилади, деганидир. 

Ўзбекистон ўтган 25 йил ичида халқаро ҳамжамиятнинг мақбул яшаш шароитлари, соғлом табиий муҳит ва биохилмахилликни сақлаб қолишга эришиш мақсадларининг муҳим иштирокчисига айланди. Пировардида соғлом экологик муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тамойилларини жорий этиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятни такомиллаштириш йўналишларида салмоқли ютуқларга эришилди. Зеро, инсон, жамият ҳамда атроф-муҳит уйғунлигини таъминлаш юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб, биохилмахилликни сақлаш ва унинг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бугунги ҳамда келгуси авлод олдидаги фуқаролик бурчимиздир.  

Ровшан ФАЙЗИЕВ, 

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси 

раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn