Мустақил тараққиёт ва халқимиз фаровонлигининг ёрқин тимсоли
  • 07 Июль 2016

Мустақил тараққиёт ва халқимиз фаровонлигининг ёрқин тимсоли

Шу кунларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилаётган юксак натижалар истиқлол берган имкониятлар билан боғлиқ эканлигини ҳар бир юртдошимиз юракдан ҳис этиб турибди. Боиси, кўплаб миллат ва элатларни ўз бағрида бир оиладек бирлаштириб, уларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳар бир фуқаронинг чин инсон сифатида қадр-қиммат топишининг замирида мустақиллик турибди. Шу маънода, бугун истиқлолни тинчлигимиз, фаровонлигимиз ҳамда жаҳонда тенглар ичра тенг бўлган етуклигимиз рамзи, дейиш мумкин.

Айниқса, куни кеча Президентимизнинг “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, демократик ислоҳотларни ривожлантириш, соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларга оид давлат сиёсатини кучайтириш ва уларни ватанпарварлик руҳида камол топтиришда муҳим қадам бўлди. Кўкрак нишонида акс этган она сиймоси буюк Ватанимизнинг нурли ҳамда фаровон эканини англатса, бахтиёр фарзанд тимсоли эса ёрқин келажагимизга бўлган юксак ишончни мустаҳкамлайди.

Энг муҳими, истиқлолнинг қарийб йигирма беш йиллиги давомида эришилган натижалар мисолида яна бир бор англашиладики, бугун халқимиз асрлар давомида интилиб яшаган, фидокорона курашган мустақиллигимизни улуғлаш, кеча ким эдигу бугун ким бўлганимизни чуқур ҳис этиш, ватандошларимизни янги марралар сари бошлаш олдимизда -турган энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Бинобарин, дунё жамоатчилиги ўртасида ўзининг ўрни ва эътирофига эга бўлиб бораётган мамлакатимиз, халқимизнинг бундай натижалари, аввало, истиқлол шарофати билан танлаб олинган йўл, яъни “ўзбек модели”нинг самараси, дейиш мумкин. Буни биргина сўнгги йилларда ўзини етакчи давлатлар қаторида санаб келаётган баъзи мамлакатлар ижтимоий, иқтисодий муаммоларга дуч келаётган бир пайтда Ўзбекистоннинг стратегик -ривожланиш йўли дунё жамоатчилиги томонидан алоҳида қизиқиш билан ўрганилаётгани мисолида кўриш мумкин. Ундаги кучли ижтимоий сиёсат, қонун устуворлиги, иқтисодиётнинг сиёсий масалалардан устунлиги, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш ҳамда давлатнинг бош ислоҳотчилиги тўғрисидаги тамойилларнинг қатъий белгиланиши халқаро майдонда рўй бераётган турли муаммолар қаршисида, мамлакат ва халқларни тинчлик, тараққиётга олиб чиқишда энг тўғри йўл эканлигини кўрсатмоқда.

Энг муҳими, бу йўлни танлашда Президентимиз қайд этганидек, биз юртимизда ўзимизга хос, ўзимизга мос ҳаёт қуришда шошмашошарлик, калтабинлик ҳолатларига, пала-партиш ишларга асло йўл қўймадик. Бу эса пировардида “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун”, деган тамойилнинг амалда ўз исботини топишига хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ютуқларини дунё эътироф этаяпти. Бугун бу сўзларни айтиш осон, аммо уларнинг замирида қанча меҳнат, машаққат, билим, узоқни кўра билишдек доно сиёсат, катта обрў ҳамда эътибор мужассам. Шунинг учун ҳам юртимиз Ер юзидаги иқтисодиёти энг тез суръатлар билан ривожланаётган бешта давлат орасида мустаҳкам ўрин эгаллаб келмоқда. Бугун Жаҳон бахт индексида 158 давлат ичида 44-ўринда. “Қонуний тартибларга итоат қилиш” индексида эса Ўзбекистон дунёдаги 141 давлат орасида 

2-ўринни эгаллаган. Ижтимоий фаровонлик, жумладан, умр кўриш давомийлиги, оилаларнинг тинчлиги ва осойишталиги, ишсизлик даражасининг пастлиги, ижтимоий -инфратузилмадан фойдаланиш даражаси бўйича Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти ҳавас -қиладиган ана шундай ўринни мустаҳкам эгаллаб турибди. Буларнинг барчасига кўз очиб юмгунчалик вақт — 25 йил ичида катта меҳнат эвазига эришилди. Халқимиз мазкур оғир ҳамда машаққатли йўл ўз-ўзидан босиб ўтилмаганлигини яхши англайди.

“Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишони ҳам мустақиллик аталмиш буюк неъматнинг қадрига етиш, юксак марралар сари илдамлаб бораётган Ватанимизнинг ёрқин тимсоли сифатида ватандошларимиз кўксида муносиб порлаб туражак.

Зотан, дунёнинг энг азиз неъмати ҳам, бу — тинчлик. Тинчлик бор маконда фаровонлик, тўкин-сочинлик, бахт-саодат ҳукмрон бўлади. Президентимизнинг юксак минбардан “Илгари ҳам айтганман — бизга, халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Бу — ўзбек -халқининг истаги, бу — ўзбек халқининг мақсади, бу — ўзбек халқининг қароридир”, деган қатъий сўзлари нафақат юртдошларимиз, балки бутун дунё халқлари шуурида Ўзбекистон тинчликсевар мамлакат эканлигини янада мустаҳкамлаганига шубҳа йўқ.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn