Кенг кўламли бунёдкорлик тараққиёт суръатини белгилайди
  • 07 Июль 2016

Кенг кўламли бунёдкорлик тараққиёт суръатини белгилайди

Давлат ва жамият равнақини белгилаб берувчи омиллар кўп. Бироқ мамлакатнинг иқтисодий ҳамда маънавий қудратини амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва миқёсидан янада теран англаш мумкин. Ахир биргина иморат солиш ёки бир неча чақиримлик йўл қуриш, кўприк солиш — осон юмуш эмас.

Бинобарин, бугун юртимизнинг қай гўшасига борманг, замонавий ҳамда миллий архитектура талабларини уйғунлаштирган ҳолда барпо этилган бунёдкорлик объектларини санаб адоғига етиш мушкул. Ўтган чорак аср мобайнида шаҳару қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгаргани, транспорт-коммуникация соҳалари жадал ривожланаётгани, маҳобатли, кўркам ижтимоий объектлар қаторида, намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, боғу роғлар, хиёбонлар, хизмат кўрсатиш масканлари қурилаётгани халқимизнинг фидокорона меҳнати-
дан, мамлакатимиз салоҳиятидан далолат беради. Қолаверса, бу, энг аввало, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг ёрқин самараси ҳисобланади.
Чунки кенг кўламли бунёдкорлик замирида фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсади мужассамдир.
Давлатимиз раҳбари яқинда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида бўлиб, олиб борилаётган бунёдкорлик ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Юртбошимизнинг бу галги ташрифи ҳам кенг жамоатчилигимизда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлашни истардик. Ушбу жанубий вилоятларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш асносида эътибор қаратилиши зарур бўлган масалалар юзасидан муҳим тавсиялар берилиб, маҳаллий ҳокимият органлари, ҳудудий идоралар, нодавлат ташкилотлар олдида турган долзарб вазифалар белгиланди.
Дарҳақиқат, юртимизнинг барча манзилида бўлгани каби мустақиллик йилларида Қашқадарё вилояти ҳам том маънода улкан қурилиш майдонига айланди. Ободонлаштиришу кўкаламзорлаштириш ишлари воҳанинг барча шаҳар ва қишлоғини қамраб олди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд қилинган замонавий саноат қувватлари ҳамда қўшма корхоналар нафақат вилоятнинг иқтисодий қуввати ошишига, балки аҳоли бандлигини таъминлаш, турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми изчил ўсаётгани, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини янги босқичга кўтаришга йўналтирилган лойиҳалар қамрови кенгайиб бораётгани эътиборга молик яна бир жиҳатдир. Энг муҳими, бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бир-бирига уланиб кетмоқдаки, буларни кўриб одамнинг дили яйрайди.
Президентимизнинг “Собиқ тузум даврида Қашқадарё вилояти қолоқ ҳудудлардан эди. Одамлар ҳар томонлама эзилган, ҳаётдан норози бўлиб яшарди. Ўша пайтда вилоят раҳбари сифатида уларнинг дардини кўп эшитганман, “қачон бу замон ўзгаради, қачон кўксимизга шамол тегади”, деб куюнганларни кўп кўрганман. Мана, ўша орзу қилинган кунлар келди. Мустақиллик шарофати, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлиб бормоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бугунги замонавий шароитлар биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, деган эзгу мақсадимизнинг амалий ифодасидир”, деган сўзлари ҳар биримизни тўлқинлантириб юборди. Айни дамда мана шундай ўзгаришу янгиланишлар жараёнида хайрли ташаббуслардан четда турмай, эл-юрт равнақига ўз улушимизни қўшиш инсоний бурчимиз эканини яна бир бор чуқур ҳис этдик.
Шу маънода, халқ вакиллари ҳисобланган биз, сенаторлар юртимизда ҳукм сураётган бунёдкорлик ва яратувчанлик кайфиятини мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни, ижтимоий барқарорликни сақлаш учун аҳоли, биринчи навбатда, ёшларимиз онгига бугунги фаровон турмушимизнинг, ҳаётимиздаги туб ўзгаришларнинг моҳиятини чуқур сингдиришга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, қонунлар, давлат ҳамда ҳудудий дастурлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, мазкур йўналишда маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш айни муддаодир.


Исломиддин АБРАРОВ,
Шаҳрисабз технология
касб-ҳунар коллежи директори,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn