Улкан ўзгаришлар, янгиланишлар
  • 06 Июль 2016

Улкан ўзгаришлар, янгиланишлар

аҳоли турмуш тарзида ҳам яққол намоён бўлаяпти

Истиқлол шарофати билан юртимизнинг барча ҳудуди қатори Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам беқиёс янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари рўёбга чиқарилаяпти.

Воҳада аждодларимиздан қолган эзгу қадриятлар эъзоз топди, ота-боболаримиз хотирасига эҳтиром кўрсатилди, аждодларимизнинг маънавий мерос дурдоналари асл ҳолида минглаб нашрларда халқимизга етказилди. Асрлар шиддатини енгиб ўтган осориатиқаларимиз таъмирланиб, аввалги қиёфасига келтирилди. Буларнинг барчаси -халқимизнинг бебаҳо хазинасига айланди. Бугун кексаларимиз элу юрт ардоғида, дориламон кунлар шукуҳида умргузаронлик қилмоқда.

Айни чоғда бири-биридан кўркам ижтимоий инфратузилма объектлари, муҳташам иншоотлар, таълим масканлари, шинам тураржойлар, соя-салқин хиёбонлар, кенг ва равон йўллар, замонавий кўприклар, спорт мажмуалари, стадионлар қад ростламоқда.

Қатор истиқболли инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, замонавий корхоналар фаолияти йўлга қўйилаяпти, янги иш ўринлари яратилиб, ҳудудларда ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари қурилмоқда, экспорт салоҳияти йилдан-йилга ортиб бораётир. Қишлоқ хўжалигида туб ўзгаришлар рўй бериб, деҳқонлар, боғбонлар, пахтакорлар, чорвадорлар ўз меҳнати самарасини кўриб, ҳаёти фаровонлик, умри теран мазмун касб этмоқда. Албатта, мазкур ютуқлар ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ. Бунда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ва ҳудудларни ҳар томонлама равнақ топтиришга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, 2015 — 2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури ҳамда 2013 — 2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури муҳим омилга айланди.

Яқинда Президентимиз ушбу вилоятларга ташриф буюриб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан қимматли тавсия ҳамда кўрсатмаларини берди. Айниқса, Юртбошимиз “Мустақиллик шарофати, халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз ҳар томонлама обод бўлиб бормоқда, одамлар ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бугунги замонавий шароитлар биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, деган эзгу мақсадимизнинг амалий ифодасидир”, дея алоҳида таъкидлагани барчанинг қалбидан чуқур ўрин эгаллади. Мана шу эзгу сўзлардан ҳамма тўлқинланиб кетди. Бинобарин, айни пайтда сурхондарёликлар ҳам, қашқадарёликлар ҳам ушбу эътирофга муносиб тарзда ўз уйини, кўчасини, маҳалласини обод қилмоқда. Юрт ривожига муносиб ҳисса қўшишга интилаяпти. Буларнинг барчаси илгари тасаввуримизга ҳам сиғмаган, айни пайтга келиб, барчамизга ғурур бағишлаётган, бошқаларда катта ҳавас уйғотаётган юксак марраларга эришишнинг асоси бўлмоқда.

Президентимиз Термиз шаҳрида миллий ва замонавий меъморлик услублари асосида барпо этилган Хотира майдони билан танишганида, “Бундай муқаддас масканларни кўпайтириш, асраб-авайлаш борасида амалга ошираётган ишларимиз аждодларимиз хотирасига чексиз эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Бугунги тинч, осойишта ҳаётимиз йўлида жонини қурбон қилган ота-боболаримиз билан ғурурланиш, уларнинг муборак номларини доимо ёдда тутиш барчамизнинг фарзандлик бурчимиздир”, дея алоҳида айтиб ўтди. Бу кексаю ёшнинг дилидаги гап. Чунки бундай саъй-ҳаракатлар ёшларимиз маънавиятини юксалтириш, уларни она-Ватанга ҳурмат ҳамда эҳтиром руҳида тарбиялашда улкан аҳамиятга эгадир.

Биз, депутатлар сайловчилар билан мулоқот қилар эканмиз, ҳар сафар отахону онахонларимиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимизнинг юртимиз турли манзилларида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг ёрқин самаралари ҳақида илиқ сўзларини эшитамиз. Айтиш жоизки, ёшу кекса юртдошларимиз фуқаролик жамиятини шакллантиришда фаол қатнашиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги мустақил демократик давлатни барпо қилиш учун танлаган йўлимизни бир овоздан қўллаб-қувватламоқдалар. Бунга воҳа аҳлининг фикр-мулоҳазаларини эшитиб ҳам амин бўлиш мумкин. Айниқса, эски тизимнинг қолипу ақидаларидан холи, мустақил фикрлайдиган ва ҳаётга теран қарайдиган, Ватанимиз тақдири ҳамда келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир куч сифатида майдонга чиқаётган баркамол авлодимиз сафидан -сурхондарёлик ва қашқадарёлик ёшлар вакиллари ҳам мустаҳкам ўрин олган, десак, асло хато бўлмайди. Улар фан, таълим, санъат ҳамда спорт бўйича дунё ареналарида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаб келмоқда.

Мухтасар айтганда, ҳамюртларимизнинг онги, тафаккури, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, эътиқоди, республикамиздаги янгиланишлар, фарзандларимиз келажагига муносабати, -дахлдорлик ҳисси тубдан ўзгарганига барчамиз шоҳид бўлаяпмиз.

Даврон ТАНГИРОВ,

Абдуғани УМИРОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn