Илғор тажриба ва юқори натижалар
  • 05 Июль 2016

Илғор тажриба ва юқори натижалар

Истиқлол маҳаллага янгича куч ва қанот бағишлади. Пировардида бугун ушбу ноёб тузилма илгари маҳаллий давлат ҳокимияти ваколатида бўлган 30 дан зиёд вазифаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда. Бунда, шубҳасиз, ушбу йўналишда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар муҳим омил бўлаётир.

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, “Камолот” ЁИҲ, Ички ишлар, Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Нуроний” жамғармаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танлови ҳам ана шу мақсадга қаратилган. Зеро, мазкур танлов фуқаролар йиғинлари фаоллари, хусусан, маслаҳатчиларнинг билим ҳамда малакасини ошириш орқали маҳалла институтининг жамият ҳаётида тутган ўрнини янада юксалтиришга хизмат қилади. Шу кунларда унинг ҳудудий босқичлари “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида юқори савияда ўтказилмоқда.

Кўрик-танловнинг Андижон вилояти босқичида 17 нафар маслаҳатчи ўз фаолияти, хусусан, амалга оширган кенг кўламли ишлари ҳамда эришган ютуқлари, келгуси режалари ва илғор тажрибаларини кўргазмали воситалар ёрдамида тақдим этди. Уларнинг соҳага оид ҳуқуқий билимлари ва замонавий ахборот технологияларини нечоғли ўзлаштирганликлари синаб кўрилди.

— Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ҳамда эркин фуқаролик жамиятини барпо қилиш, хусусан, маҳалла институтини ривожлантириш ва уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда, — дейди “Маҳалла” фондининг вилоят бўлими етакчи мутахассиси Мансурбек Матисев. — Бу жараёнда маслаҳатчилар фаол қатнашаётганига яна бир бор амин бўлдик. Қолаверса, ушбу танлов уларнинг билим ҳамда малакасини янада мустаҳкамлади, дейиш учун асос етарли.

Ҳакамлар хулосасига кўра, Пахтаобод туманидаги “Нурдиёр” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёрахон Мирзаева ғолибликни қўлга киритди.

— Ушбу танлов бизнинг ишларимиз сарҳисоби бўлибгина қолмасдан, келгуси вазифаларимиз миқёсини чуқур англашга кўмаклашади, — дейди у. — Мамлакатимиз барча соҳада эришаётган ютуқ ҳамда натижалар омили — тинчлик ва осудаликни асраб-авайлаш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларимизни турли зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоялаш баробарида, уларни бунёдкорлик ишларига илҳомлантириш маслаҳатчилардан ғайрат-шижоатни, ташаббусни талаб этади. Шу маънода, кўрик-танловнинг аҳамияти беқиёсдир.

Ҳозирги пайтда Наманган вилояти бўйича 769 нафар фуқаролар йиғинлари маслаҳатчиси самарали фаолият юритмоқда. Улар миллий қадрият, урф-одат ҳамда анъаналарни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёшлар онгига она-юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туйғуларини чуқур сингдиришда йиғин раисларининг ҳамкору ҳаммаслагидир. Танловнинг вилоят босқичида ишига сидқидилдан ёндашиб, юксак натижаларга эришиб келаётган 12 нафар маслаҳатчи ўзаро баҳс олиб борди.

— Ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлиги, кўп жиҳатдан, оилалар тотувлиги, ёшлар тарбияси, жойларда олиб борилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг самарадорлиги, жамоатчилик назоратини таъминлаш билан бевосита боғлиқ, — дейди танлов ғолибаси, Наманган шаҳридаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Дилором Акрамова. — Бунда кўпроқ масъулият айни йўналишда иш олиб борадиган маслаҳатчи зиммасига тушади. Унинг уддасидан чиқиш учун ушбу вазифа эгаси ташкилотчи, энг аввало, аҳолининг катта қисмини ташкил қиладиган хотин-қизлар билан ишлаш борасида етарлича салоҳият ҳамда муаммоли масалаларни еча билиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Ҳакамлар ана шу жиҳатларга эътибор қаратди. Уларнинг эътирофига сазовор бўлганимдан жудаям мамнунман. Айни чоғда бу масъулиятимни янада оширади. Шундай экан, танловнинг республика босқичида вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга интиламан.

Навоий вилоятида фаолият кўрсатаётган 303 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича -маслаҳатчи ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ўзларини ҳар жиҳатдан намоён этмоқда. Буни улар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллаларда 7 мингга яқин маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилгани ва пировардида жойларда ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайгани мисолида ҳам яққол кўриш -мумкин.

Кўрик-танловнинг вилоят босқичида ана шундай юксак натижаларга эришган, ташаббускор ҳамда фаол 10 нафар -маслаҳатчи қатнашди. Тадбирда уларнинг қизғин фаолиятидан ҳикоя қилувчи маълумотларга кенг ўрин берилдики, бу барчада катта қизиқиш уйғотди. Айни чоғда маслаҳатчиларнинг билими ва дунёқараши, соҳага оид қонун ҳужжатларидан хабардорлиги синаб кўрилди.

Якунда Зарафшон шаҳридаги “Кимёгар” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Нигора Примованинг фаолияти маъқулланиб, у танловнинг вилоят босқичи ғолибаси, деб эълон қилинди.

— Маҳалламизда кўплаб йўналишларда иш олиб бораяпмиз, — дейди у. — Хусусан, оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишда шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” фондининг ҳудудий бўлинмаси билан ижтимоий шериклик муносабатларини изчил ривожлантиришга астойдил интилаяпмиз. Ёшларимизни ижодий ҳамда спорт тўгаракларига кенг жалб этиш, маънан ва жисмонан соғлом улғайишига астойдил ёрдам беришда улар билан ҳамқадам бўлишга бор имкониятларимизни сафарбар этамиз. Айни чоғда биз бу ерда долзарб масалаларни белгилаб олишга эришдик.

Танловнинг Бухоро вилояти босқичида таъкидланганидек, бундан 12 йил олдин Президентимиз Фармони асосида фуқаролар йиғинларида ташкил қилинган диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимларида бугун бой ҳаётий тажрибага эга, обрўли ҳамда фаол хотин-қизлар ишлаяпти.

Вилоятдаги мавжуд 558 та фуқаролар йиғинида жорий йилнинг ўтган даврида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида миллий қадриятларимиз, анъанаю урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш ва асраб-авайлаш, улар онгига она-юртга муҳаббат, истиқлол ғоясига садоқат туйғуларини чуқур сингдиришга қаратилган 1500 га яқин тадбирлар ўтказилди. Бу даврда маслаҳатчилар томонидан оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш натижалари асосида 910 дан зиёд оиладаги низоли ҳолатларга ижобий ечим топилди.

— Кўрик-танловнинг фаолиятимизни оқилона ташкил этиш ҳамда маҳоратимизни такомилга етказишдаги ўрни беқиёс, — дейди Шофиркон туманидаги “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Саодат Юсупова. — Унга тайёргарлик кўриш жараёнида биз, маслаҳатчилар масъулиятнинг янада жиддийлигини дилдан ҳис этдик. Бу ерда ҳамкасбларимизнинг илғор иш услублари билан танишдик. Мазкур тажрибалар келгуси фаолиятимизда асқатишига шубҳам йўқ.

Танловнинг қуйи босқичларида ғолиб бўлган 13 нафар маслаҳатчи ўз билими ва касб маҳоратини синовдан ўтказди. Улар ўз иш фаолиятларига оид тақдимотни намойиш қилди. Пировардида ҳакамлар ҳайъати томонидан Жондор туманидаги “Ҳазорман” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Нигора Рустамова биринчи ўринга лойиқ, деб топилиб, танловнинг республика босқичи йўлланмасини қўлга киритди.

Термиз шаҳрида ўтказилган кўрикнинг Сурхондарё вилояти босқичида ҳам иштирокчи маслаҳатчилар фаолият юритаётган маҳаллалар томонидан миллий ҳунармандчилик буюмлари ҳамда халқ амалий санъати намуналарини акс эттирган кўргазма ташкил этилди.

Танловда қатнашган 14 нафар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи ҳудудларда амалга оширилаётган намунали ишларни слайдлар орқали тақдим қилишди. Шу билан бирга, улар маҳаллалардаги муаммоларга ечим топиш, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлашдаги иш услублари, “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб беришди.

Якунда Узун туманидаги “Янги йўл” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Сафаргул Ражабова биринчи ўринни эгаллади.

— Кўрик-танлов маслаҳатчиларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштиради ва шу орқали маҳалланинг ислоҳотлардаги иштирокини кенгайтиради, — дейди Шеробод туманидаги “Чағатой” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Малика Маматалиева. — Шу маънода, унда қатнашишнинг ўзи катта ютуқ.

Жойларда бўлиб ўтаётган мазкур тадбирларга таниқли санъаткорлар ва бадиий жамоалар чиқишлари байрамона кайфият бағишламоқда.

Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари давом этаётир.

Вилоят мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn