Давлат бошқаруви учун замонавий кадрлар
  • 05 Июль 2016

Давлат бошқаруви учун замонавий кадрлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлди.

Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, элчихоналар ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. Академия ректори М. Алиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида барча соҳани модернизация қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар жараёнида давлат бошқаруви соҳасида замонавий кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси бу борада таянч таълим муассасасидир. Ушбу даргоҳда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, иқтисодиётни бошқариш тизимини либераллаштиришга йўналтирилган ислоҳотларни амалга оширишга қодир етук кадрлар тайёрланмоқда.

Академияда ўқитиш халқаро таълим стандартларига мувофиқ, замонавий ахборот-коммуникация ва инновация технологиялари асосида олиб борилмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2014 йили академия биноси замонавий меъморлик ва технология талабларига мувофиқ реконструкция қилинди. Аудиториялар, конференция заллари барча зарур замонавий ускуналар, ахборот-коммуникация, телекоммуникация воситалари ва технологиялари билан жиҳозланди. Ахборот-ресурс маркази давлат ва жамият бошқаруви масалаларига бағишланган ўқув, илмий ва методик адабиётлар билан таъминланди. Ўқув биноси ва ётоқхона қулай мебель, ўқув қуроллари, компьютерлар билан жиҳозланди, интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти кенгайтирилди.

Академияга олий маълумотли, давлат ва жамият бошқаруви тизимида икки йилдан кам бўлмаган иш тажрибасига эга номзодлар танлов асосида қабул қилинмоқда. 

— Ўқув даргоҳимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Жанубий Корея, Сингапур каби қатор давлатларнинг илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, БМТ, ОТБ, ЕХҲТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатган, — дейди академия ўқитувчиси Моҳира Эшонова. — Ўқитувчилар, ходимлар ва тингловчиларнинг ҳам назарий билимини, ҳам амалий кўникмасини такомиллаштириш мақсадида улар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига, олий таълим ва илмий муассасаларга, жумладан, хорижий мамлакатларнинг илмий муассасаларига амалиёт ўташга юборилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 20 августдаги Фармони асосида академияда таълим сифати тубдан яхшиланди, ўқув-техника базаси янада такомиллаштирилди. Давлат бошқаруви мутахассислигининг “Иқтисодий соҳа менежменти”, “Ижтимоий соҳа менежменти” ва “Ҳудудлар менежменти” ихтисосликлари бўйича магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Академияни бу йил мазкур йўналишлар бўйича 82 нафар тингловчи тамомлади. 

— Икки йиллик таҳсил давомида давлат тузилиши ва бошқаруви, фуқаролик жамияти асослари, ўзини ўзи бошқаришнинг шакл ва усуллари, менежмент назарияси ва амалиёти, бошқарувда ахборот-коммуникация технологиялари ва “Электрон ҳукумат” тизимидан фойдаланиш, бошқарув социологияси ва психологияси бўйича билимимизни бойитдик, — дейди академия битирувчиси Шаҳобиддин Мусаев. — Ўқиш давомида Жанубий Корея ривожлантириш институтида бўлиб, халқаро тажриба ўргандим, малака оширдим. Академияда инглиз тилини пухта ўзлаштирдим. Магистрлик диссертациямни ҳам инглиз тилида ёзиб, ҳимоя қилдим. Биз, ёшларга доимий эътибори ва ғамхўрлиги, юксак ишончи учун Президентимиздан миннатдормиз. Келажакда Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшиб, бу ишончни оқлаш учун бор билим ва тажрибамизни ишга соламиз. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов сўзга чиқди.

Дилшод КАРИМОВ,

ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn